Телефонлар:
(0372) 312-21-11
(0372) 312-14-44
» » Мирзачўл тумани ҳокими ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи

Мирзачўл тумани ҳокими ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи

24 декабрь 2021 йил
1 058
0

Исроилов Мирпўлат Бердиёрович

 

2021 йил 16 апрелдан Мирзачўл тумани ҳокимининг ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи.

1985 йилда 8 апрелда Жиззах вилояти Фориш туманида таваллуд топган. Миллати ўзбек, маълумоти олий. 2008 йилда Жиззах политехника институтини тамомлаган. Мутахассислиги касбий таълим, транспорт воситаларини ишлатиш ва таъмирлаш. Оилали, 3 нафар фарзанди бор.

МЕҲНАТ ФАОЛИЯТИ

2004-2008 йй. - Жиззах политехника институти талабаси

2008-2009 йй. - Жиззах вилояти Фориш тумани Қорабдол қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси

2009-2011 йй. - Жиззах вилояти Мирзачўл тумани Мирзачўл қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси

2011-2014 йй. - Жиззах вилояти Мирзачўл тумани ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ёрдамчиси

2014-2017 йй. - Жиззах вилояти Мирзачўл тумани ҳокимлиги иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича бош мутахассиси

2017-2020 йй. - Жиззах вилояти Мирзачўл тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосари бош мутахассиси

2020-2021 йй. - Жиззах вилояти Мирзачўл туман ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси

2021 й. ҳ.в. - Жиззах вилояти Мирзачўл тумани ҳокимининг ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи

Мирзачўл тумани ҳокимининг ўринбосари - Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг функционал вазифалари

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Туман ҳокимининг ўринбосари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг ҳужжатларига, халқ депутатлари Кенгаши қарорларига, вилоят, туман ҳокимининг қарорлари ва фармойишларига амал қилади.

2. Туман ҳокимининг ўринбосари ўзига бириктирилган тармоқ ва соҳалардаги фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги, ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқларининг тўлиқ ва сифатли бажарилишини ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикасининг Президенти олдида шахсан жавобгар ҳамда тегишли халқ депутатлари Кенгаши олдида ҳисобдордир.

3. Туман ҳокимининг ўринбосари туман ҳокимига бўйсунади.

Туман ҳокимининг ўринбосарининг ўзига бириктирилган тармоқ ва соҳаларда ҳудудларни ривожлантириш билан боғлиқ вазифаларини ҳал қилиш бўйича фаолияти Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари томонидан мувофиқлаштирилади.

4. Туман ҳокимининг ўринбосари ўз ваколати даврида илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.

 

2-боб. Туман ҳокимининг ўринбосарининг
асосий вазифалари ва функциялари


5. Қуйидагилар туман ҳокимининг ўринбосарининг асосий вазифалари ҳисобланади:

- оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш, нуронийлар ижтимоий фаоллигини ошириш, маҳаллани жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари роли ва мавқеини янада мустаҳкамлаш чораларини кўриш;

- хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида уларнинг роли ва фаоллигини ошириш масалаларида давлат сиёсатини амалга ошириш;

- оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва уларга ёрдам бериш, шунингдек, уларнинг уй-жой шароитларини яхшилаш, арзон уй-жойлар олишига кўмаклашиш;

- хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш;

- жиноят содир этишга мойил бўлганлар билан якка тартибда иш олиб бориш орқали хотин-қизлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикасини амалга ошириш;

ФҲДЁ органлари билан ишлаш, оилани мустаҳкамлаш, ажралишларнинг олдини олиш, туғилиш ва

- никоҳни ўз вақтида рўйхатдан ўтказиш, тарғибот ва маърифат ишларини ташкил этиш;

концепциялар, давлат дастурлари ва “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

6. Туман ҳокимининг ўринбосарининг ўз зиммасига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) фуқаролар йиғинларининг жойларда халқнинг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айланишини таъминлаш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 апрелдаги “Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5700-сон Фармонининг ҳудудда самарали бажарилишини таъминлаш ҳамда маҳалланинг жамият бошқарувидаги ўрни ва фаолияти самарадорлигини оширишга, фуқаролар йиғинлари ишини ташкил этишнинг замонавий механизмларини жорий қилишга яқиндан кўмаклашади;

аҳолининг кундалик ҳаётидаги муаммоларини ҳал этишда, ҳудудларда тинчлик ва барқарорликни таъминлашда, жамиятда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини барқарорлаштиришда фуқароларнинг энг яқин, халқчил ва уларнинг муштарак манфаатларини ифода этадиган институт - маҳалланинг иштироки, мавқеи ва нуфузини оширишга қаратилган кенг кўламли, манзилли тадбирларни амалга оширади;

аҳолининг муҳим муаммоларини ҳал этишда маҳалла институтининг ролини кучайтириш, фуқаролар йиғинининг давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан тизимли ҳамкорлигини кучайтириш бўйича тегишли чора-тадбирларни белгилайди;

фуқароларнинг манфаатларига дахл қилувчи ижтимоий лойиҳалар ва дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги ижтимоий шерикликни кучайтириш чора-тадбирларини амалга оширади;

б) хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида уларнинг роли ва фаоллигини ошириш масалаларида давлат сиёсатини амалга ошириш соҳасида:

бошқарув тизимига стратегик режалаштириш ва прогнозлаштиришнинг замонавий шакллари, усуллари ва тамойилларини жорий этади;

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси вазифалари, Ўзбекистон Республикасини 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепцияси ҳамда ўрта муддатли ва узоқ истиқболда ривожлантиришнинг тасдиқланган тармоқ ва ҳудудий дастурлари ўз вақтида ва самарали амалга оширилишини таъминлайди;

хотин-қизларнинг мақомини, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш, ҳуқуқий маданиятини, жамият ҳамда оиладаги ролини ошириш чораларини кўради;

давлат органлари ва жамоат ташкилотларини жалб этган ҳолда ёш оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб ҳаёт шароитларини яратиш соҳасида комплекс тадбирларни амалга оширади;

хотин-қизлар масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда ва уларни амалга оширишда, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини тарғиб қилиш ва тушунтиришда, ижроси юзасидан жамоатчилик назоратини йўлга қўйишда фаол иштирок этади;

қизларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини аниқлаш, ривожлантириш ва рағбатлантириш мақсадида Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодларни тайёрлаш, иқтидорли, қобилиятли қизлар захираси билан тизимли иш олиб борилишини, Зулфия номидаги Давлат мукофоти бўйича туман комиссияси фаолиятини ташкил қилади;

ташаббускор, амалий иш тажрибасига эга бўлган қизлардан кадрлар захирасини шакллантириш ва уларнинг номзодларини тегишли раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш тизимини йўлга қўяди;

жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланишига ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган, шунингдек, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жойларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган хотин-қизларни муносиб тақдирлаш мақсадида «Мўътабар аёл» кўкрак нишони бўйича туман комиссияси фаолиятини ташкил қилади;

хотин-қизлар ва оила масалаларида давлат ташкилотлари ва нодавлат ташкилотлар, сиёсий партиялар билан яқин ўзаро ҳамкорликни таъминлайди;

хотин-қизларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти шаффофлигини таъминлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётда фаол иштирок этишига кўмаклашиш борасидаги ишларни мувофиқлаштиради;

хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда фуқаролик жамияти институтлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўртасидаги ижтимоий шерикликни кенгайтириш, хотин-қизларга манзилли ижтимоий ёрдам бериш ишларини ташкил этади;

в) оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва уларга ёрдам бериш, шунингдек, уларнинг уй-жой шароитларини яхшилаш, арзон уй-жойлар олишига кўмаклашиш соҳасида:

жойларда хотин-қизлар ва оилаларнинг реал ҳолатини мунтазам ўрганади, уларнинг ижтимоий муаммоларини ҳар томонлама таҳлил қилади ҳамда шу асосда стратегик ва устувор вазифаларни амалга оширади;

жойлардаги оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, шу жумладан, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни ўз вақтида аниқлашни, улар билан аниқ мақсадга йўналтирилган манзилли ишлар олиб борилишини таъминлайди;

оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналар билан манзилли ишлашга ҳамда улар арзон уй-жойлар билан таъминланишига кўмаклашади;

ёрдамга муҳтож бўлган, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, уларнинг оилалари ва болалари учун зарур бўлган ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатилишини ташкил этади, ушбу тоифадаги шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини таъминлайди;

оилавий ва шахслараро низоларнинг, ўз жонига қасд қилишга ҳамда жамият ва оилада маънавий-ахлоқий муҳитга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бошқа ҳолатларнинг барвақт профилактикаси бўйича манзилли ишларни олиб боради;

оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, оилаларни мустаҳкамлаш, оилавий ажралишларнинг олдини олиш ишларига кекса ва ҳурматга сазовор, жамиятда катта обрўга эга бўлган аёллар ва фуқароларни кенг жалб этиш, намунавий оилаларнинг ҳаёт тарзини тарғиб этиш чораларини кўради;

зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари фаолиятини ташкил этиш, мувофиқлаштириш, фаолияти учун зарур шарт-шароитларни яратиш, уларнинг аҳолига сифатли хизмат кўрсатишини ташкил этишга кўмаклашади;

г) хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш соҳасида:

жойларда халқ билан мулоқот ва сайёр учрашувлар ўтказиш амалиётини такомиллаштириш чораларини кўради, ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, шу жумладан, хотин-қизларнинг бандлиги ва реал даромадларини оширишни таъминлашга доир комплекс чора-тадбирларни амалга оширади;

бандлик дастури доирасида хотин-қизларни, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштиришга кўмаклашиш, улар бандлигининг сифати, доимий иш ўрни билан таъминланганлиги юзасидан таъсирчан назоратни йўлга қўяди;

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган бешта ташаббуснинг бешинчи йўналиши доирасида хотин-қизларнинг меҳнат билан бандлигини таъминлаш мақсадида жойларда ташкил этиладиган тикув-трикотаж цехларига манзилли рўйхатлар асосида хотин-қизларни ишга жойлаштириш, бунда, ишлаш истагини билдирган хотин-қизларни малака тоифаларига ажратиб, уларни ҳудудлардаги касб-ҳунар коллежлари базасида қисқа муддатли ўқув курсларида ўқитишни ташкил этади;

оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш бўйича қабул қилинган манзилли дастурлар асосида уларнинг бандлиги тўлиқ таъминланишини ташкил этади ва бу борадаги ишларни назорат қилади;

“устоз-шогирд” тизими асосида ишсиз хотин-қизларни ҳунармандчилик ва касаначилик йўналишларига кенг жалб этади ҳамда бу борада зарур чораларни белгилайди;

Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан хотин-қизлар тадбиркорлигини ташкил этиш бўйича ажратиладиган имтиёзли кредит ресурслари ўз вақтида ҳамда тўлиқ ўзлаштирилишини таъминлайди;

тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни хоҳлайдиган аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзли кредитлар ажратишга кўмаклашиш, берилган имтиёзлар тўғри қўлланиши масалаларини тартибга солиш, давлат рўйхатидан ва бошқа тартиботлардан ўтиш, меҳнат муносабатларига киришиш бўйича қонун ҳужжатлари юзасидан тушунтиришлар олишда уларга ёрдам беради;

хотин-қизларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ишларининг ҳолатини ўрганиш ва таҳлил қилиш, меҳнат муносабатлари соҳасида, шу жумладан ҳомиладор аёлларга ва кичик ёшдаги болалари бўлган аёлларга қўшимча имтиёзлар бериш соҳасида давлат ташкилотлари ва нодавлат ташкилотларнинг мустаҳкам ҳамкорлигини йўлга қўяди;

ташкил этилган Хотин-қизлар тадбиркорлик марказларининг бизнес-инкубатор шаклида самарали фаолият юритишини ташкил этади;

д) жиноят содир этишга мойил бўлганлар билан якка тартибда иш олиб бориш орқали хотин-қизлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикасини амалга ошириш соҳасида:

ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда хотин-қизлар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини самарали ташкил этишга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга оширади;

хотин-қизлар орасида ҳуқуқий тарбия ва ҳуқуқий тарғибот, ҳуқуқий маданиятни ошириш ишларини ташкил этиш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган вазиятларнинг олдини олиш чора-тадбирларини белгилаш ва амалга оширилишини ташкил этади;

жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган хотин-қизларни аниқлаш, улар билан якка тартибда иш олиб бориш бўйича ички ишлар органлари ва тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади;

жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва тизимли бартараф этиш орқали оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш чораларини кўради;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган, махсус ўқув-тарбия муассасаларидан, ижтимоий реабилитация ва хотин-қизларни мослаштириш муассасаларидан қайтган хотин-қизларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштиришни ташкил этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш бўйича амалий чораларни белгилайди;

жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган хотин-қизлар орасида маънавий-маърифий тарғибот тадбирларини ҳамда уларни касбга йўналтиришга қаратилган ўқувларни ташкил этади;

е) концепциялар, давлат дастурлари ва “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасида:

тегишли тармоқлар ва ҳудудлардаги масалалар бўйича “йўл хариталари” лойиҳаларига киритиш учун таклифлар тайёрланишини ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг хорижий мамлакатларга ташрифлари ва республика ҳудудларига сафарлари натижалари бўйича тасдиқланган “йўл хариталари”, баённомалар, дастурлар бажарилиши юзасидан тизимли назоратни амалга оширади;

мутасаддилик қилинадиган масалалар юзасидан тегишли бошқармалар ва идораларнинг “йўл хариталари” амалга оширилиши тўғрисидаги батафсил ахбороти, материаллар ва ҳисоботлар тақдим этилишини таъминлайди ҳамда уларни муҳокама қилиш учун туман ҳокимлиги мажлисларига киритади;

муайян ҳолатлар бўйича тегишли чоралар кўриш учун оммавий ахборот воситаларида ва бошқа манбаларда, шу жумладан, жойларга борган ҳолда жамоатчилик фикрини ўрганиш ишларини ташкил этади;

ж) ФҲДЁ органлари билан ишлаш, оилани мустаҳкамлаш, ажралишларнинг олдини олиш, туғилиш ва никоҳни ўз вақтида рўйхатдан ўтказиш, тарғибот ва маърифат ишлари соҳасида:

қонунийликни таъминлашда, аҳолининг турли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишда фаол иштирок этади, ФҲДЁ органлари фаолиятида қонун талабларига риоя этилиши мониторингини мунтазам равишда олиб боради;

ФҲДЁ органлари фаолияти бўйича қонун ҳужжатларини изчил такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

оила институтини мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва оилавий ажралишларнинг олдини олиш юзасидан олиб бориладиган комплекс чора-тадбирларда ФҲДЁ органларининг фаол иштирок этишини таъминлайди;

ФҲДЁ органларининг оилани мустаҳкамлашга қаратилган давлат сиёсатининг ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлари изчил амалга оширилишини таъминлайди;

ФҲДЁ органлари ходимларини замон талаблари асосида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фаолиятини мувофиқлаштиради;

оилавий муносабатларни соғломлаштириш, никоҳ ва оила институтини мустаҳкамлаш, никоҳ шартномаларининг хусусиятлари ва шартлари, фарзандлар тарбияси учун ота-оналарнинг бевосита масъулияти, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш билан боғлиқ тизимли тарғибот тадбирларини ташкил қилади;

ФҲДЁ органлари томонидан оилани мустаҳкамлаш, ажралишларнинг олдини олиш, туғилиш ва никоҳни ўз вақтида қайд этиш ва бу борада тарғибот-тушунтириш тадбирларини ташкил этиш чораларини кўради;

ФҲДЁ бўлимлари ва никоҳ уйлари фаолиятини такомиллаштириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, улар ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилиб боради ва мавжуд ҳолатни янада яхшилаш бўйича таклифларни ишлаб чиқади.

Шунингдек, туман ҳокимининг ўринбосари қуйидаги қўшимча функцияларни амалга оширади:

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Ҳукуматнинг ҳужжатлари ва топшириқлари бажарилиши юзасидан таъсирчан назоратни таъминлайди;

хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш борасида ўта муҳим ва устувор йўналишлар бўйича яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган концепциялар, давлат дастурлари ҳамда “йўл хариталари” лойиҳаларининг тайёрланишини ташкил этади ва ижросини таъминлайди;

туман ҳокимлиги мажлисларида, ҳокимлар ҳузурида ўтказиладиган йиғилишларда кўриб чиқиш учун хотин-қизлар ва оила масалалари бўйича материаллар тайёрланишини ва киритилишини таъминлайди;

туманлар ва шаҳар ҳокимининг ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиқларига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун уларнинг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини ошириш чораларини кўради ҳамда йил якуни бўйича уларнинг фаолиятини баҳолаб боради;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган тегишли йилга мўлжалланган давлат дастурининг амалга оширилиши тўғрисида ҳар ойлик ҳисоботлар тайёрланишини ва уларнинг туман ҳокимлигининг тегишли хизматларига тақдим этилишини таъминлайди;

хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш ва уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш борасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тумандаги Халқ қабулхоналари, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари, сиёсий партиялар билан ҳамкорлик қилади;

ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилади, шунингдек, уларнинг мурожаатларини кўриб чиқади.

 

3-боб. Туман ҳокимининг ўринбосарининг
ҳуқуқлари ва жавобгарлиги


7. Туман ҳокимининг ўринбосари ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

хотин-қизларнинг турмуш шароитларини яхшилаш бўйича қарорлар, дастурлар ва “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ҳамда ижросини ташкил этиш;

туман ҳокимлигида кўриб чиқиладиган масалаларни таҳлил қилиш ва тайёрлаш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмаларидан, бошқа органлар ва ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

давлат ташкилотлари ва нодавлат ташкилотлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва ташкилотлар раҳбарларининг хотин-қизлар ва оила масалаларида олиб бораётган ишлари самарадорлигини муҳокама қилиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмалари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари ва вакилларини туман ҳокимлигида ҳамда туман ҳокимлигида кўриб чиқиладиган масалаларни ишлаб чиқиш учун белгиланган тартибда жалб этиш, тегишли масалалар бўйича вақтинчалик ишчи гуруҳлар тузиш;

ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича бошқармалар, идоралар ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига топшириқлар бериш ва ижросини талаб қилиш;

мутасаддилик қилинадиган ташкилотлар, шунингдек, бошқа ташкилотларнинг ўзи мутасаддилик қиладиган масалалар бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;

туман ҳокимининг ўринбосари бош мутахассислар лавозимига номзодлар юзасидан туман ҳокимларига таклифлар киритиш;

Бош мутахассисни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, уларни рағбатлантириш ҳамда уларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисида таклифлар киритиш.

8. Туман ҳокимининг ўринбосари 6 ва 7-бандларидаги ўзига юкланган вазифаларнинг тегишли равишда ва самарали бажарилиши учун шахсан жавобгардир.

Туман ҳокимининг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–6166-сон Фармони, 2017 йил 11 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида”ги ПҚ-2881-сон қарорига, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 январдаги “Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 12-сон қарорига мувофиқ ижро интизомига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш учун жавоб беради.

 

4-боб. Туман ҳокимининг ўринбосарининг
фаолиятини ташкил этиш

 

9. Туман ҳокими ўринбосарининг ишлари Вазирлар Маҳкамаси ва туман ҳокимлигининг чораклик ва ярим йилликка мўлжалланган иш режаси асосида ташкил этилади.

Мазкур иш режалари асосида туман ҳокимининг ўринбосарининг туман ҳокими томонидан тасдиқланадиган ойлик шахсий иш режаси ишлаб чиқилади.

10. Туман ҳокими ҳузурида ҳар ҳафта ўтказиладиган тезкор мажлисларда туман ҳокимининг ўринбосарининг ҳисоботлари эшитиб борилади.

Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунига асосан туман ҳокимининг ўринбосарининг ҳисоботлари тегишли халқ депутатлари Кенгаши мажлисларида эшитилади.

11. Мутахассиснинг шахсий иш режалари туман ҳокимининг ўринбосари томонидан тасдиқланади.

12. Туман ҳокимининг ўринбосари фаолиятини таъминлаш тегишли котибият томонидан амалга оширилади.

 

Туман ҳокимининг ўринбосари томонидан фаолияти мувофиқлаштириладиган ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмалари
РЎЙХАТИ

 

  1. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими.
  2. “Маҳалла” жамғармасининг туман бўлими.
  3. Ички ишлар бўлими- Хавфсиз маҳалла ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси масалалари юзасидан.
  4. Туман ФҲДЁ органлари - оилани мустаҳкамлаш, ажралишларнинг олдини олиш, туғилиш ва никоҳни ўз вақтида рўйхатдан ўтказиш, тарғибот ва маърифат чора-тадбирларини амалга ошириш юзасидан.

 

Ўзаро ҳамкорлиги таъминланадиган ташкилотлар
РЎЙХАТИ

 

  1. Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси.
  2. “Соғлом авлод учун” фонди.
  3. “Қизил Ярим ой” жамияти.
  4. “Тадбиркор аёл” уюшмаси.
  5. Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази.
  6. Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш маркази.
  7. Фуқаролар йиғинлари.
скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар