Сайт тест режимида ишламоқда.
Телефонлар:
(0372) 312-21-11
(0372) 312-14-44
» » Бугун юртимизда иккита муҳим сана нишонланмоқда

Бугун юртимизда иккита муҳим сана нишонланмоқда

09 апрель 2020 йил
117
0

• Буюк саркарда Амир Темур таваллудининг 684 йиллиги;

Амир Темур — буюк давлат асосчиси. У Ҳиндистон ҳамда Хитойдан Қора денгизга қадар, Сирдарё ва Орол денгизидан Форс қўлтиғига қадар ғоят катта ҳудудни қамраб олган марказлашган улкан салтанатга асос солди. Бундан ташқари Амир Темур давлатига Кичик Осиё, Сурия, Миср ва шимоли-ғарбда Қуйи Волга, Дон буйлари; шимоли-шарқда Балхаш кўли ва Или дарёсигача; жануби-шарқда эса Шимолий Ҳиндистонгача булган мамлакатлар буйсундирилди. Амир Темур давлатни ақл-заковат ва ҳуқуқий асос билан идора этган. Унинг «…давлат ишларининг тўққиз улушини кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улушини қилич билан амалга оширдим», деган сўзлари бунинг ёрқин далилидир.

Соҳибқироннинг бунёдкорлик соҳасидаги тарихий хизматлари беқиёсдир. Тарих бу қўҳна дунёда ўтган кўп жаҳонгирларни билади. Уларнинг аксарияти фақат бузган. Амир Темурнинг улардан фарқи шундаки, у умр буйи бунёдкорлик билан машғул булган. Унинг «Қай бир жойдан бир ғишт олсам, ўрнига ўн ғишт қўйдирдим, бир дарахт кестирсам, ўрнига ўнта кўчат эктирдим» деган сўзлари бунинг ёрқин исботидир. Амир Темурга ҳар бир зафарли воқеа ва севинчли ҳодисани муҳташам меъморлик обидаси барпо этиш билан нишонлаш одат бўлган. Шу мақсадда Ҳиндистон, Шероз, Исфаҳон ва Дамашқнинг машҳур уста-ҳунармандлари мамлакатда ҳашамдор иморату иншоотлар бино қилганлар.

Амир Темур забт этган мамлакатларнинг бир қатор шаҳарлари (Бағдод, Дарбанд, Байлақон)ни қайта тиклади. Амир Темур Табризда масжид, Шерозда сарой, Бағдодда мадраса, Туркистонда машҳур шайх Аҳмад Яссавий қабри устига мақбара қурдирган бўлсада, лекин асосий эътиборини она шаҳри Кеш ва пойтахти Самарқандга қаратди. Кешда отасининг қабри устига мақбара, ўғли Жаҳонгирга мақбара билан масжид қурдирди. Амир Темур ҳукмронлигининг илк даврида Кеш шаҳрини пойтахтга айлантириш ниятида бўлиб, унинг ободончилигига катта аҳамият берди, бу ерда машҳур Оқсарой қад кўтарди. Амир Темур Кешни Мовароуннаҳрнинг маданий марказига айлантиришга ҳаракат қилди. Шу боисдан бу шаҳар «Қуббат ул-илм вал-адаб» унвонига эга бўлди.

Салтанат пойтахти Самарқанд Амир Темур даврида айниқса гуллаб яшнади. Шаҳарда Исфаҳон, Шероз, Ҳалаб, Хоразм, Бухоро, Қарши ва Кеш шаҳриларининг меъмору бинокорлари қўли билан саройлар, масжидлар, мадрасалар, мақбаралар қурилади. Шаҳар ташқарисида эса боғ-роғлар ва бўстонлар барпо этилади. Хусусан Шоҳизинда меъморий мажмуасига мансуб Шодимулк оғо мақбараси, Ширинбека оғо мақбараси ва бошқалар қурилади. Шаҳарда Бибихоним жоме масжиди, Амир Темурнинг қароргоҳи Кўксарой ва Бўстонсаройлар қад кўтаради. Умуман олганда Самарқанд шаҳри Амир Темур даврида ўзининг қадимий ўрни Афросиёбдан бирмунча жануброқда бутунлай янгитдан қурилди. Шаҳар тевараги мустаҳкам қалъа девори билан ўралиб, Оҳанин, Шайхзода, Чорсу, Коризгоҳ, Сўзангарон ва Феруза каби номлар билан аталувчи 6 та дарвоза ўрнатилди. Мовароуннаҳрнинг деҳқончилик воҳаларида, хусусан Зарафшон водийсида ўнлаб суғориш тармоқлари чиқарилиб, деҳқончилик майдонлари кенгайтирилди. Янги қишлоқлар барпо этилди.

Ибн Арабшоҳнинг ёзишича, Амир Темур Самарқанд атрофида қад кўтарган бир қанча янги қишлоқларни Шарқнинг машҳур шаҳарлари Димишқ (Дамашқ), Миср, Бағдод, Султония ва Шероз номлари билан атади. Амир Темурнинг фикрича, Самарқанд катталиги, гўзаллиги ҳамда теварак-атрофининг обод этилганлиги жиҳатидан дунёдаги энг йирик шаҳарлардан ҳам устунроқ турмоғи лозим эди. Ҳофизи Абрўнинг ёзишича, Амир Темур турк, араб ва эронликлар тарихини чуқур билган. У давлат аҳамиятига эга бўлган ҳар бир масалани ҳал этишда, шу соҳанинг билимдонлари ва уламолари билан маслаҳатлашарди. Одатда у тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт, тарих, адабиёт, тилшунослик илми намояндалари, шунингдек илоҳиёт ва дин соҳасидаги машҳур уламолар билан суҳбатлар ўтказарди. Амир Темур саройида уламолардан мавлоно Абдужаббор Хоразмий, мавлоно Шамсуддин Мунши, мавлоно Абдулло Лисон, мавлоно Баҳруддин Аҳмад, мавлоно Нуъмонуддин Хоразмий, Хўжа Афзал, мавлоно Алоуддин Коший, Жалол Хокий ва бошқа хизмат қиларди.

Алишер Навоийга Амир Темурнинг илм ва маънавият ақлига кўрсатган ғамхўрлиги жуда ёқар эди. Бу ҳақда Навоий шундай деганди: «Агар Темур қаерда фан, маданият ва санъат аҳлини учратса, уларни ўз ҳомийлигига олар, уларга иззат-икром кўрсатар, уларнинг тарбиясига аҳамият берар ҳамда бу зотлардан ўз олий мажлисида надим (маслаҳатчи) сифатида ва бошқа лавозимларда фойдаланарди». Амир Темур даврида савдо ва ҳунармандчилик ғоятда ривожланади. Янги бозорлар, савдо расталари барпо қилинади. Клавихо Самарқанд бозорларида буғдой ва гуручнинг мўллиги ва арзонлиги ҳақида гапириб, шаҳар ҳунармандчилиги маҳсулотларини — атлас, кимхоб, ҳар хил ип ва жун тўқима моллар, мўйнали ва ипакли пўстинликлар, атторлик моллари, зиравор ва дориворлар, зарҳал ва ложувардлар ҳамда бошқа молларнинг сероблигини ҳам таъкидлайдилар.

Бу даврда Амир Темур ва унинг жой Султон Маҳмудхон асир олинган ноиблари Хитой ва Ҳиндистондан Ўрта Осиё орқали Яқин Шарқ ва Европа мамлакатларига йўналган асосий халқаро савдо йўли — «Буюк ипак йўли»ни назорат қилиб, савдо карвонлари қатнови хавфсизлигини таъминлашда, работлар, қалъалар, кўприклар қуриш йўлида муҳим чора-тадбирлар кўрдилар ва Шарқ билан Ғарб ўртасида савдо-сотиқ ва элчилик алоқаларини ҳар томонлама ривожлантиришга ғоят катта эътибор бердилар.

Амир Темур энг муҳими, Эрон, Озарбайжон ва Ироқдаги майда ҳукмдорлар ўртасидаги тарқоклик ва бошбошдоқликка барҳам бериб, бу билан нафақат Мовароуннаҳр, балки Узоқ ва Яқин Шарқ мамлакатларининг иқтисодий ва маданий тараққиётига, халқгар ва мамлакатларни бир-бири билан яқинлаштиришга улкан ҳисса қўшди. Амир Темур Европанинг Франция, Англия ва Кастилия каби йирик қиролликлари билан бевосита савдо ва дипломатик алоқалар ўрнатди.

Амир Темурнинг ҳарбий юришлари, жангу жадалларининг оқибатларига баҳо берилар экан, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, унинг фаолияти қўйилган мақсад ва режалари жиҳатидан икки босқичга бўлинади. Биринчи босқич (1360 — 86)да Амир Темур Мовароуннаҳрда марказлашган давлат тузиш йўлида курашди, Мовароуннаҳрни бирлаштиришдан манфаатдор бўлган маҳаллий зодагонлардан иборат ижтимоий кучлар (мулкдор деҳқонлар, ҳарбийлар, ҳунармандлар, савдогарлар ва руҳонийлар) ёрдамида тарқоқ мулкларни бирлаштириш учун кураш олиб борди. Амир Темурнинг бу даврдаги фаолияти Ўрта Осиё халқларининг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаёти тараққиёти йўлида шубҳасиз улкан ижобий аҳамият касб этади. Мамлакатда тарқоқлик тугатилиб, марказлашган давлатнинг ташкил топиши ижобий оқибатларга олиб келди. Мамлакат ишлаб чиқариш кучларини ва мўғулларнинг бир ярим асрлик ҳукмронлиги натижасида бўҳронга учраган иқтисодни тиклаш учун қулайроқ шароит вужудга келди. Айни вақтда хўжаликнинг асоси бўлган деҳқончиликда муайян силжишлар рўй берди. Янги-янги ариқ (канал)лар қазилиб, деҳқончилик майдонлари кенгайди. Ҳунармандчилик, ички ва ташқи савдо ривожланди, фан ва маданият равнақ топиб, шаҳарлар ободлашди ва гавжумлашди. Амир Темур бирор мамлакатни тасарруфига олишдан аввал албатта ўша жой аҳолисига тинчлик йўлини таклиф этган, бу йўл инкор этилган ҳолдагина ҳарбий куч ишлатган.

Амир Темур ҳаётлиги чоғидаёқ салтанатни асосан тўрт қисм (улус)га бўлиб, ўғил, набираларига тақсимлаб берган: Хуросон, Журжон, Мозандарон ва Сейистон (маркази Ҳирот) Шоҳрухга, Ғарбий Эрон, Озарбайжон, Ироқ ва Арманистон (маркази Табриз) Мироншоҳга, Форс, яъни Эроннинг жанубий қисми (маркази Шероз) Умаршайхга, Афғонистон ва Шимолий Ҳиндистон (маркази Ғазна, кейинчалик Балх) Пирмуҳаммадга суюрғол қилиб берилган. Амир Темур давлати ўзига хос тартиб-қоидаларга асосланган ҳолда идора этилган. Амир Темур асос солган бу давлат Хуросон ва Мовароуннаҳрда 16-аср бошигача мавжуд бўлиб, Шайбонийхон томонидан тугатилган.

Шўролар тузуми даврида Амир Темур шахси ва фаолиятига адолатсизлик билан ёндошилиб, бир ёқлама баҳо берилиб келинди. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг бундай қарашларга барҳам берилди. Амир Темурнинг жаҳон тарихида тутган ўрни ўз жойига қўйила бошланди. Ўзбекистонда унинг фаолиятини ўрганишга ва уни оммалаштиришга кенг йўл очилди. Унинг номи Ўзбекистонда абадийлаштирилди. Кўплаб шаҳар ва қишлоқлардаги шоҳ кўчалар, майдонлар, жамоа хўжаликлари, мактаблар, кинотеатрлар ва бошқа унинг номи билан аталди. Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз ва бошқа шаҳарларнинг марказий майдонларида Амир Темурга ҳайкал ўрнатилди, Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида Темурийлар даври музейи барпо этилди (1996), «Амир Темур» ордени таъсис этилди (1996) ва Халқаро Амир Темур жамғармаси ташкил қилинди (1995). Тошкент, Самарқанд ва хорижий мамлакатларда ЮНЕСКО раҳбарлигида ҳазрат Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги кенг нишонланди (1996). Амир Темур ҳақида икки қисмдан иборат бадиий фильм, спектакллар ва шеърий ҳамда насрий асарлар яратилди.

                                                          Бўрибой Аҳмедов, Абдулаҳад Муҳаммаджонов.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар