Телефонлар:
(0372) 312-21-11
(0372) 312-14-44
» » Мирзачўлнинг олима фарзанди

Мирзачўлнинг олима фарзанди

18 декабрь 2021 йил
340
0

 

Туманимизда ёшлар ўртасида Ватанга муҳаббат ва садоқат, инсонпарварлик фазилатларини тарбиялаш, миллий урф-одат, анъана ва қадриятларнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини ҳар томонлама очиб беришга йўналтирилган маърифий тадбирлар ўтказиш, ёшларнинг дунёқараши ва фикрлаш доирасини янада кенгайтириш, уларнинг маънавий баркамол шахс бўлиб, жамиятда ўз ўринларини топишлари ҳамда ўзлари қизиққан соҳанинг етук мутахассислари бўлиб етишишлари учун кўмаклашиш, бир сўз билан айтганда, юксак маънавиятли авлодларни кашф этиш ва уларни истеъдодларини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар талайгина. Ана шу ишларнинг самараси ўлароқ, мана охирги йилларда туманда иқтидорли ёшлар сафи йилдан йилга кенгаймоқда.

Айниқса, туманимизнинг кўп миллатлилиги, ўзига хос ҳудудлардан бири эканлиги туфайли бу ерда ижод қилаётган ёшлар ижод намуналарида бағрикенглик, турли миллатларнинг миллий анъана ва урф-одатлари, маданиятига ҳурмат уфуриб туради, кўп миллатли катта оила ҳис-туйғусини, бу ерда яшаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик ва тотувликни янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш борасида қарашлар мустаҳкам ўрин олиб келади.

Мана шундай тадбирлар юқорида айтганимиздек, ёшларда иқтидор қирраларининг янада мустаҳкам ва ҳар томонлама шаклланишига хизмат қилади. Жумладан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Мирзачўл туман Кенгаши ва халқ таълими бўлими билан бирга ўтказилган “Бағрикенг Ўзбекистон - умумий уйимиз” миллатлараро дўстлик фестивалининг ҳар йилги фаол иштирокчиси, Жиззах вилояти бўйлаб ўтказилган “Бағрикенг Ўзбекистон” шиори остида ёшлар фестивали доирасида ўтказилган танловларнинг 2018 йилги туман, вилоят босқичлари мутлоқ ғолиби Шаҳризода Маҳкамбоевани жуда кўпчилик  ютуқлари эътирофга сазовор. Туманимиздаги 18-умумтаълим мактабини аъло баҳоларга битириб, Ёшлар иттифоқи Сардори сифатида ҳам намунали фаолият олиб бориб, ўша пайтдаги Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қ.Қуронбоевнинг ташаккурномаси  билан тақдирланган эди.

Бугунги кунда ўз билими билан Жиззах давлат Педагогика институтига Давлат гранти асосида ўқишга кириб, ўқиш билан бирга ўз иқтидорини намоён қила олаётган  Шаҳризода  ижтимоий фаоллиги билан, бўш вақтдан унумли фойдалана олиши ва тиришқоқлиги, киришувчанлиги билан бошқа талабалардан алохида ажралиб туради. Аслида ҳар қандай фаол талаба бўш вақтида талабалар ўртасида дўстликни мустаҳкамлашга, ўз билими, қобилияти ва маданий даражасини ҳамда билим савиясини ўстиришга, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаёти билан яқиндан ва муттасил танишиб боришга ҳаракат қилиши ва ўртоқларини ҳам бунга даъват этиши лозим. Шаҳризодада мана шу хислатларнинг бари мужассам. Ўз устида ва қизиқишлари устида тинмай ишлаши туфайли институтда ҳам эътирофларга сазовор бўлмоқда.

Бундан ташқари, кўпгина илмий тезис мақолалари билан Республика ва халқоро илмий амалий анжуманларда иштирок этиб келмоқда. 60 дан ортиқ илмий йўналишдаги тадбир, анжуманларда олган диплом ва сертификатлари бунинг яққол далилидир. Илмий ижодий материалллари билан Польша, Нидерландия, Россия Федерациясида ташкиллаштирилган анжуманларда сертификат билан тақдирланди. Европа ва Осиёнинг олтита мамлакатида ўтказилган халқоро танловда “Педагогикада инновация ва ўқитишнинг самарали механизмлари” мавзусидаги илмий мақолалари билан фахрли биринчи ўринни қўлга киритди.

 

Шаҳризода Маҳкамбоеванинг шунингдек “Мустақиллик она мадҳида”, “Сенинг хуқуқинг-сенинг келажагинг”, “Хавфсиз интернет: бугун ва келажак”,  “Илм йўлида борамиз” каби қатор долзарб мақолалари билан Республика танловларининг лаурети сифатида олий таълим вазирлиги томонидан ҳам муносиб рағбатлантирилган. Онлайн тарзда ўтказилган йигирмадан ортиқ халқоро анжуманларда иштирок этиб мутахассисларнинг эътирофига сазовор бўлди, унинг мактабгача таълимни ривожлантиришга доир қатор лойиҳалари ва қўлланмалари таълим ташкилотларида муваффақиятли синовдан ўтиб ҳаётга тадбиқ этилаётгани, бу қизни ҳали олдинда янада муваффақиятли ва эътиборга молик ишлар кутиб турганлигининг далолатидир.

Шаҳризода “21 аср аёли”  Республика кўрик-танловининг вилоят босқичида фахрли 1-ўринни, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Жиззах вилоят Кенгаши томонидан ўтказилган “Мунозара” турнирида фахрли 1-ўринни эгаллади, юқоридаги барча ютуқлари орқасидан энг қувонарлиси “Йилнинг энг фаол ташаббускор тарғиботчи талабаси” номинациясини қўлга киритди.

-Бир неча йилдан буён ижод ва илмий изланиш билан шуғулланаман. Мақолаларим ва тезисларим туман, вилоят ва республика, хорижий матбуотларда тез-тез чоп этилиб туради. Бундай лойиҳаларда фаол иштирок этишимнинг асосий сабаби ўзимни имтихондан ўтказиш, янада билимларимни чархлаш, юртимиздаги таълим тизимининг ривожига муносиб ҳиссамни қўшиш ва келажакда ўзимга ўхшаган ижодкор дўстларим сафини янада кенгайтиришдан иборатдир, -дейди Шаҳризода Маҳкамбоева биз билан суҳбатда. –устозларим, яқинларим ва ота-онамнинг меҳнатини, ишончини оқлай олаётганимдан хурсандман.

Ҳа, бугунги кунда таълим ва тарбияга қаратилаётган эътибор орқали юртимизда чинакам ривожланишга сари дадил қадамлар қўйилмоқда. Истеъдод эса — мўъжиза, ҳар кимга ҳам насиб этмайдиган неъматдир. Шунинг учун орамиздаги Шаҳризодадек, иқтидорли ёшларга ҳавас қилувчилар кўпчиликни ташкил этади. Бундай ёшларни ҳамиша қўллаб-қувватлаш, уларга зарур имкониятлар яратиш биз–ёшлар ташкилоти вакилларининг зиммасидаги долзарб вазифадир.

 

Хуршида Шербекова.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи

Мирзачўл туман Кенгаши раиси

 

 

 

 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар