Телефонлар:
(0372) 312-21-11
(0372) 312-14-44
» » Жазо тушунчаси, мақсадлари ва турлари

Жазо тушунчаси, мақсадлари ва турлари

21 апрель 2022 йил
483
0

Жазо жиноят содир этишда айбли деб топилган шахсга нисбатан давлат номидан суд ҳукми билан қўлланадиган ва маҳкумни қонунда назарда тутилган муайян ҳуқуқ ва эркинликлардан маҳрум қилиш ёки уларни чеклашдан иборат мажбурлов чорасидир.

Жазо маҳкумни ахлоқан тузатиш, унинг жиноий фаолиятни давом эттиришига тўсқинлик қилиш ҳамда маҳкум, шунингдек бошқа шахслар янги жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади.

Жиноят содир этишда айбли деб топилган шахсларга нисбатан қуйидаги асосий жазолар қўлланилиши мумкин:

Жумладан, жарима, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари, хизмат бўйича чеклаш, озодликни чеклаш, интизомий қисмга жўнатиш, озодликдан маҳрум қилиш ва умрбод озодликдан маҳрум қилиш каби жазоларидан иборатдир.

Маҳкумларга асосий жазолардан ташқари ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш тарзидаги қўшимча жазо ҳам қўлланилиши мумкин.

Хизмат бўйича чеклаш ёки интизомий қисмга жўнатиш тариқасидаги жазолар фақат ҳарбий хизматчиларга нисбатан қўлланилади.

Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш фақат асосий жазо сифатидагина эмас, балки қўшимча жазо тариқасида ҳам қўлланилиши мумкин.

Жарима айбдордан давлат даромадига ушбу Кодексда белгиланган миқдорда пул ундиришдир.

Жарима базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан олти юз бараваригача миқдорда белгиланади.

Агар ҳукм қилинган шахс жазо тариқасида тайинланган жаримани мажбурий ижро этиш учун белгиланган муддатларда тўлашдан бўйин товласа ёхуд қарздорда ундирув қаратилиши мумкин бўлган мол-мулк мавжуд эмаслиги туфайли мажбурий ижро этиш учун белгиланган муддатлар мобайнида жаримани ундиришнинг имкони бўлмаса, худди шунингдек кечиктириш муддати тугаганидан кейин жарима тўланмаган ёки жаримани бўлиб-бўлиб тўлаш шартлари бузилган тақдирда, суд жариманинг тўланмаган миқдорини мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари, хизмат бўйича чеклаш, озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо билан алмаштиради. Бундай ҳолда мажбурий жамоат ишларининг икки ярим соати базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдоридаги жаримага тенглаштирилиб, тўрт юз саксон соатдан кўп бўлмаган муддатга, ахлоқ тузатиш ишларининг, хизмат бўйича чеклашнинг, озодликни чеклашнинг ёки озодликдан маҳрум қилишнинг ҳар бир ойи базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн олти баравари миқдоридаги жаримага тенглаштирилиб, уч йилдан кўп бўлмаган муддатга тайинланади.

Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш айбдорнинг мансаби ёки иш фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган жиноятни содир этганлиги учун асосий жазо тариқасида тайинланганда - бир йилдан беш йилгача муддатга, қўшимча жазо тариқасида тайинланганда - бир йилдан уч йилгача муддатга белгиланади.

Мажбурий жамоат ишлари маҳкумни ҳақ тўланмайдиган фойдали жамоат ишларини бажаришга мажбурий тарзда жалб қилишдан иборатдир. Маҳкум ишлаётган ёки ўқиётган бўлса, мажбурий жамоат ишлари ишдан ёки ўқишдан бўш вақтда ўталади.

Маҳкумлар мажбурий жамоат ишларини ўташи мумкин бўлган жойлар (объектлар) ва мажбурий жамоат ишларининг тури мазкур жазонинг ижросини назорат қилувчи органлар томонидан белгиланади.

Ахлоқ тузатиш ишлари шахс иш ҳақининг ўн фоизидан ўттиз фоизигача миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда уни меҳнатга мажбуран жалб қилишдан иборат бўлиб, жазо суднинг ҳукмига мувофиқ маҳкумнинг ўз иш жойи ёки мазкур жазо ижросини назорат қилувчи органлар белгилаб берадиган бошқа жойларда ўталади.

Ахлоқ тузатиш ишлари олти ойдан уч йилгача муддатга тайинланади.

Ахлоқ тузатиш ишлари пенсия ёшига етганларга, меҳнатга қобилиятсизларга, ҳомиладор аёлларга, уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга ва ҳарбий хизматчиларга нисбатан қўлланилмайди.

Агар шахс суд томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари муддатининг жами бўлиб ўндан бир қисмидан кўпроғини ўташдан бўйин товласа, суд ахлоқ тузатиш ишларининг ўталмаган муддатини худди шу муддатга озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо билан алмаштиради.

Хизмат бўйича чеклаш - ҳарбий хизматни контракт бўйича ўтаётган ҳарбий хизматчини суд ҳукмида кўрсатилган муддат давомида муайян ҳуқуқ ва имтиёзлардан маҳрум қилиб, пул таъминотининг ўн фоизидан ўттиз фоизигача бўлган миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолишдан иборатдир.

Озодликни чеклаш суд томонидан маҳкумга нисбатан яшаш жойини у ёки бу сабаб билан тарк этишни бутунлай тақиқлашдан ёки сутканинг муайян вақтида яшаш жойидан чиқишни чеклашдан иборат.

Озодликни чеклаш бир ойдан беш йилгача муддатга тайинланади ҳамда суд томонидан белгиланадиган органлар назорати остида ўталади. Озодликни чеклаш, уни маҳкумнинг яшаш жойида ўташ шартлари содир этилган қилмишнинг хусусияти ва суд чиқарган қарорни ижро этишдан бўйин товлашнинг олдини олиш ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан белгиланади.

Қўлланилаётган тақиқнинг (чеклашнинг) хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, суд маҳкумнинг зиммасига қуйидаги қўшимча тақиқларни (чеклашларни) юклаши мумкин:

муайян жойларга бормаслик; оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик; муайян фаолият билан шуғулланмаслик; муайян буюмларга эга бўлмаслик ёки уларни ўзида сақламаслик; транспорт воситасини бошқармаслик; маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини, иш ва (ёки) ўқиш жойини ўзгартирмаслик, тегишли маъмурий ҳудуддан ташқарига чиқмаслик; муайян шахслар билан алоқа ўрнатмаслик; алоқа воситаларидан, шу жумладан Интернетдан фойдаланмаслик; алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик.

Суд озодликни чеклашга ҳукм қилинган шахснинг зиммасига ўзи етказган моддий ва маънавий зарарнинг ўрнини қоплаш, ишга ёки ўқишга жойлашиш мажбуриятларини, шунингдек унинг тузалишига кўмаклашувчи бошқа мажбуриятларни юклаши мумкин.

Озодликни чеклаш ҳарбий хизматчилар, чет эл фуқаролари, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга нисбатан тайинланмайди.

Интизомий қисмга жўнатиш - муддатли ҳарбий хизмат ҳарбий хизматчисини суд томонидан белгиланган муддат мобайнида ички тартиби анча қаттиқ бўлган махсус ҳарбий қисмга жойлаштириш орқали, муайян ҳуқуқ ва имтиёзлардан маҳрум этишдир.

Озодликдан маҳрум қилиш маҳкумни жамиятдан ажратиб жазони ижро этиш колонияси ёки турмага жойлаштиришдан иборатдир.

Озодликдан маҳрум қилиш бир ойдан йигирма йилгача муддатга белгиланади, ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш йигирма йилдан ортиқ, лекин йигирма беш йилдан кўп бўлмаган муддатга белгиланади ва фақат жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш (97-модданинг иккинчи қисми) ва терроризм (155-модданинг учинчи қисми) учун тайинланиши мумкин.

Узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси аёлга, ўн саккиз ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсга ва олтмиш ёшдан ошган эркакка нисбатан тайинланиши мумкин эмас.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинаётган аёлларга ҳамда олтмиш ёшдан ошган эркакларга нисбатан тайинланаётган жазо муддати ушбу Кодекс Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган озодликдан маҳрум этиш энг кўп муддатининг учдан икки қисмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этганлик, эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этганлик ва қасддан унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлик учун озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазо ҳомиладор аёлларга ва уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга нисбатан, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга нисбатан тайинланмайди.

 

 

Жўраев Мухаммади Мухитдинович

Жиноят ишлари бўйича

Мирзачўл туман суди раиси

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар