Телефонлар:
(0372) 312-21-11
(0372) 312-14-44
» » Раҳбарлар Фарғона вилоятида амалга оширилган янги лойиҳалар билан танишишди

Раҳбарлар Фарғона вилоятида амалга оширилган янги лойиҳалар билан танишишди

22 май 2022 йил
60
0

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ва Вазирлар Кенгашининг раислари, вилоятлар ҳокимлари, уларнинг инвестициялар ва ташқи савдо ҳамда қишлоқ ва сув хўжалиги масалаларидан масъул ўринбосарлари, вазирлар, уларнинг ўринбосарлари, республика ташкилот ва идоралари, тижорат банклари раҳбарлари Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Ғаниев билан бирга Фарғона вилоятида бўлдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 12-13 май кунлари Фарғона вилоятига қилган ташрифлари давомида берилган топшириқларга асосан меҳмонлар вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ҳамроҳлигида вилоятдаги йирик инвестицион лойиҳалар, янги иш ўринлари яратиш, маҳаллабай ишлаш, боғдорчилик ва узумчилик соҳаларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар.

Дастлаб Фарғона шаҳридаги “Fergana Global Textile” корхонасини бориб кўрдилар. Корхона раҳбари Музаффар Раззақов лойиҳа қиймати 71 миллион евро бўлган ушбу корхона фаолияти ҳақида маълумот берди. Ўтган 2021 йилда Мустақиллик байрами арафасида ишга туширилган бу фабрика йилига 13,5 минг тонна ип-калава ҳамда 9 миллион метр юқори сифатли мато ишлаб чиқариш қувватига эга. Бугунги кунда 2 200 нафар ишчи ва ходимлар фаолият кўрсатмоқда. “Fergana Global Textile” томонидан йилига 486 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, Украина, Россия, Хитой, Туркияга 25 миллион долларлик экспорт амалга оширилмоқда.

Марғилон шаҳрида ташкил этилган Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасига ҳам ташриф буюрилди. Илгари тошлоқ, фойдаланилмайдиган ер бўлган бу ҳудудда 7 гектар майдонда ушбу саноат зонаси ташкил этилди. Бу ерда тўқимачилик, чарм-пойабзал, мебелсозлик, озиқ-овқат саноати бўйича 28 та лойиҳа жойлаштирилган. Бугунги кунда уларнинг 12 таси ишлаб чиқариш фаолиятини бошлаган. Барча корхоналарда мингдан ортиқ иш ўрни яратилади.

Меҳмонлар Олтиариқ туманида Катпут ММТП ҳудудидаги минг гектар адирликда ташкил этилган узумчилик ва боғдорчилик плантацияси билан ҳам танишдилар. Авваллари бу жой ҳеч нарса экилмайдиган қуруқ ер эди. Сув таъминотини етарли йўлга қўйиш учун 12 та тик суғориш қудуқлари қазилди, сув ҳовузлари барпо этилди, томчилаб суғориш тизими жорий этилди, насослар ўрнатилди, электр тармоғи тортилди. Ўзлаштирилган майдонларнинг 560 гектарида бетон устунлар ўрнатилиб, токзор барпо этилди, “хусайни”, “келинбармоқ”, “ризамат”, “кишмиш” каби харидоргир узум навлари экилди. Бу узумзорлар аҳолига 25 сотихдан 25 миллион сўмлик 7 йиллик имтиёзли кредит асосида бўлиб берилмоқда. 300 гектарлик интенсив боғда эса олма, гилос, ўрик кўчатлари ўтқазилмоқда. Қатор ораларига тарвуз экилган. Бозор талабига қараб, қалампир, булғор қалампири, бодринг, кўкатлар ва бошқа полиз маҳсулотлари етиштирилади.

Бугунги тадбирда нишаб адирликдаги узумзор ва боғларда ўрнатилган автомат суғориш ҳамда органик ўғитлаш тизимлари, шунингдек бундай лойиҳаларда таъминотчиларни ҳамда фуқароларни кредитлаш жараёнлари ҳақида тўла маълумот берилди. Мева-сабзавот логистикаси соҳасида фаолият юритувчи маҳаллий тадбиркорлар ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Кейинги ташриф Риштон тумани Навоий маҳалласида жойлашган собиқ “Бадиий кулолчилик заводи” негизида ташкил этилган Кулолчилик маҳсулотлари саноат зонасига бўлди. Ихтисослашган саноат зонасида умумий лойиҳа қиймати 75,8 миллиард сўм бўлган 37 та чинни ва керамика буюмлари ишлаб чиқариш ва безак бериш корхонаси ташкил этилган бўлиб, 7200 дан зиёд иш ўрни яратилган. Меҳмонлар ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишдилар, тадбиркорлар билан мулоқот қилдилар.

Учкўприк туманида 15 гектар майдонда бунёд этилган Бобошбек Енгил саноат ва логистика маркази ҳам кўздан кечирилди. Трикотаж маҳсулотларига ихтисослашган ушбу мажмуа 316 та ишлаб чиқариш цехи, 336 та савдо дўкони, 560 та савдо растаси, шунингдек, 2 та логистика марказидан иборат. 2021 йил ноябрь ойида қурилиш ишлари бошланган мажмуа қисқа муддатда қуриб битказилиб, 7 минг 700 дан ортиқ фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлди.

Меҳмонлар Бувайда туманининг Қўнғирот МФЙ ҳудудида эски боғлар ўрнида жами 22 гектар майдонда барпо этилаётган мебелчиликка ихтисослашган йирик савдо ва ишлаб чиқариш мажмуаси билан ҳам танишдилар. Бувайдада кўпчилик уста дурадгор. Оилалар ўз уйида эшик-ромлар тайёрлаб сотади. Уларнинг маҳсулотлари Фарғона водийсидан ташқари Тошкент шаҳри, узоқ вилоятларгача етказиб берилади. Лекин ҳовлида шароитлар етишмасди. Об-ҳаво, шовқин ноқулайлик туғдирарди. Бувайдалик ҳунармандларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ушбу мебелсозликка ихтисослашган мажмуа барпо этилди. Мажмуада Бир қаватли биноларда ишлаб чиқариш устахоналари, икки қаватли биноларда савдо, кўргазма ва маиший хизмат хоналари жойлашган.

Қува туманида “Қорақум” маҳалласидаги “Улуғ мақсад гуллари” гулчилик кооперацияси фаолияти билан танишдилар, атиргулчилик билан шуғулланувчи хонадонларда бўлдилар. Бу ерда гулчилик кооперацияларини ташкил этиш ва аукцион орқали аҳолига бириктириб бериш тизими, шунингдек, атиргул уруғи, кўчатлари ва ниҳолларини етиштириш ҳамда парваришлаш агротехникаси ҳақида маълумот берилди. Бу йил тумандаги 281 гектар ер майдонларда гул кўчатлари етиштириш режалаштирилган. Ҳозиргача ушбу ер майдонларнинг 168 гектарига атиргул уруғи, 81 гектарига атиргул ниҳоллари, 32 гектарига атиргул кўчатлари экилиши таъминланиб, 5 та атиргулчилик кооперацияларига бириктирилди. Бир гектар атиргулдан йиллик 600 миллион сўмдан зиёд соф фойда олиш мумкин.

Қувасой шаҳрида “Uz Segang” МЧЖ томонидан 500 гектар майдонда амалга оширилган “Замонавий боғ ва томчилатиб суғоришни ташкил этиш” лойиҳаси ҳам меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Қиймати 44 миллиард сўм бўлган ушбу лойиҳа доирасида 500 гектар боғ плантациялари ташкил этилган бўлиб, шундан 450 гектар майдонда гилос, 20 гектар шафтоли ва 30 гектар ўрик боғлари ўрин олган. Боғ ҳудудида томчилатиб суғориш тизими жорий қилинган.

Фарғона шаҳрида “Янги Ўзбекистон” массивининг қурилиш майдонига ҳам бориб кўрилди. 300 гектарли ушбу массивда 298 та кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган. Шундан 80 таси бу йил тадбиркорлар томонидан барпо этилади. Шунингдек, иккита умумтаълим мактаби, учта мактабгача таълим ташкилоти, тиббиёт муассасалари, савдо ва маиший хизмат шохобчалари, спорт мажмуаси ва масжид қурилади. 50 гектарда ташкил этиладиган кичик саноат зонаси аҳолини иш билан таъминлашда муҳим ўрин тутади. Массив ўртасидаги 70 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон боғи” ва сунъий кўл ташкил этилади. Ҳозирданоқ 10 минг тупдан зиёд дарахт кўчатлари ўтқазилган. Жами 21 минг туп экилиши режалаштирилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ҳокимлари, Республика вазирлик ва идоралари раҳбарлари, Фарғона вилоятида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида амалга оширилган лойиҳалар билан танишишни якунлаб, бугун кеч соатларда жўнаб кетдилар.

manba: jizzax.uz

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар