Сайт тест режимида ишламоқда.
Телефонлар:
(0372) 312-21-11
(0372) 312-14-44
» » Мирзачўл туман ҳокими Комил Холмуродовнинг туман аҳлига МУРОЖААТИ

Мирзачўл туман ҳокими Комил Холмуродовнинг туман аҳлига МУРОЖААТИ

30 июль 2020 йил
81
0

Ассалому алайкум, азиз тумандошлар!
Бугун дунёнинг деярли барча мамлакатлари коронавирус пандемиясига қарши курашмоқда. Дунё бўйича миллионлаб одам бу касалликка чалинмоқда. Минг-минглаб одам бу касаллик туфайли вафот этмоқда. Ушбу рақамлар коронавируснинг нақадар хавфли эканлигини яққол намойиш этаётган айни дамларда бу бало туманимизни ҳам четлаб ўтмади. Айни вақтда мамлакатимизда бу касалликка чалинганлар сони 20 минг нафардан ошгани, энг қайғулиси, 100 нафардан ортиқ ҳамюртларимизнинг ҳаётдан эрта кўз юмгани бу офатнинг қанчалар жиддий эканлигини тасдиқлаб турибди.
Ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида берилган манбалардан хабарингиз бор, Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ 10 июлдан 15 августга қадар республикамизнинг барча ҳудудларида кучайтирилган карантин тартиби жорий қилинди. Аҳоли ўртасида коронавирус инфекциясининг тарқалиш занжирини узиш мақсадида мамлакатимиз аҳолисига ҳар шанба ва якшанба кунлари “ўзини-ўзи яккалаш” ҳаёт тарзига қатъий риоя этган ҳолда ўз уйларида қолиш тавсия этилди.
Сўнги кунларда коронавирус инфекциясининг тарқалиши бир неча баробарга ортиб, кўплаб касалланиш ва ўлим ҳолатлари қайд этилаётганлиги барчамиздан янада хушёрлик ва эҳтиёткорликни талаб этмоқда.
Қадрли юртдошлар!
Коронавирус инфекциясига қарши курашда барча бир тан-у бир жон бўлиб ҳаракат қилаётганлигини телевидение, интернет сайтлари орқали ўқиб, кўриб гувоҳи бўлмоқдасиз. Мазкур касаллик кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида Республика комиссияси томонидан белгиланган чора-тадбирлар барчамизга мамнуният бағишлаш билан бирга масъулият ҳам юклайди.
Айниқса, шифокорларимизнинг кечаю кундуз тиним билмай жонкуярлик кўрсатаётганлари таҳсинга лойиқ.
Мутахассисларнинг ҳисоблашича, ушбу инфекция билан касалланган инсон 14 кунгача ўзида унинг белгиларини ҳис қилмайди ва уни бошқаларга ҳам юқтиради. Ҳисоб-китобларга кўра, 1 киши бу даврда ушбу инфекцияни камида 400 кишига юқтириши мумкин.
Айрим юртдошларимизнинг ўзбошимчалик билан қилаётган хатти-ҳаракатлари, айниқса, тиббиёт ходимларига ўз вақтида мурожаат қилмасликлари, касаллик белгилари юқори даражага чиққунга қадар ўзини-ўзи даволашга уринишлари оғир салбий ҳолатларга олиб келмоқда.
Энг ачинарлиси, бу каби оддий эътиборсизлик, ўзбошимчалик ва жорий этилган карантин қоидаларига риоя этмаслик нафақат фуқаронинг ўзига, балки аксарият ҳолларда бутун бошли маҳалла ёки кўчадаги барча аҳолининг ҳаётини жиддий хавотирга солишини унутмаслигимиз керак.
Туманимизда пандемия билан боғлиқ вазият мураккаблашиб, касалланиш даражаси кундан-кунга ортиб бормоқда.
Тумандаги даволаш профилактик муассасасида, жами 43 нафар беморлар тиббий назоратга олинган бўлиб, улардан 3 нафарида коронавирус инфекцияси тасдиқланган. Ўта оғир ҳолатдаги беморлар мавжуд эмас. Биз ушбу беморларимизни тез кунларда соғайиб кетишларини астойдил тилаб қоламиз.
Туманда тез тиббий ёрдам тизимида 5 та автомашина фаолият олиб бориб, уларнинг барчасида JPS навигатор ўрнатилган. 1 та реамобиль автомашинасида ЭПИД бригада ташкил қилиниб, аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
“Covid-19”га гумон қилинган беморлар туман марказий шифохонасида даволанётган бўлса, беморларни даволаш учун яна қўшимча 200 та ўрин-жой (койка) ташкил қилинган. Беморларни даволаш учун барча тиббиёт ходимлари жалб қилинган.
Туманда коронавирусга чалинган беморларни даволашга мўлжалланган тиббиёт муассасасида шифокор ва ҳамширалар етарли. Уларга зарур дори-дармон билан таъминлаш мақсадида жорий йилнинг олти ойи давомида, жами 42 млн. сўм маблағ ажратилган.
Шундан, маҳаллий бюджетдан 25 млн.сўм ҳамда 17,0 млн. сўм ҳомийлар маблағлари ҳисобидан ажратилган бўлиб, дори-дармон билан таъминлаш даражаси ўртача 83,0 фоизни ташкил этади. Ҳозирги кунда туманимизда 13,5 млн сўмлик 32 турдаги дори-дармон ва тиббий буюмлар заҳираси мавжуд.

Ҳурматли юртдошлар!
Мамлакатимизда Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан коронавирус тарқаб кетмаслиги ва аҳолини саломатлиги йўлида барча чоралар кўрилмоқда.
Шу асосда туманда зарур кечиктириб бўлмайдиган тадбирлар ишлаб чиқилиб, тезкор чоралар олиб борилмоқда.
Туман миқёсида коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича мувофиқлаштириш махсус штаби томонидан туман миқёсида 60 нафардан зиёд шахсий таркиб 5 та махсус техникалар ёрдамида туманда дезинфекциялаш ишларини амалга оширишмоқда.
Карантин тадбирлари эълон қилинган кундан бошлаб бугунги кунгача туманга киришда 2 та карантин блокпостлар ташкил этилган бўлиб, мазкур блокпостлардан рухсатнома асосида ўтаётган уч мингдан зиёд автотранспорт воситалари дезинфекция қилинди.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган мураккаб ва синовли кунларда ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйиб, мавжуд хатарларга қарши курашиш, инфекция кенг тарқалишининг олдини олиш, юртимизда санитар-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш ишларига тиббиёт бирлашмаси, ички ишлар, миллий гвардия, фавқулодда вазиятлари бўлимлари ҳодимлари муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.
Фурсатдан фойдаланиб, касалликнинг олдини олишда чинакам жасорат ва матонат кўрсатаётган жонкуяр ва олийжаноб шифокорларимиз ҳамда Ички ишлар, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар бўлимлари ходимларига шахсан ўз номимдан ва туманимиз аҳли номидан чуқур миннатдорчилик билдираман.
Азиз Ватандошлар!
Республика махсус комиссиясининг 2020 йил
10 июлдаги 35-сонли баёнига асосан туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими қошида “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказлари”ташкил этилди. “Call center” фаолияти йўлга қўйилди.
Жорий йилнинг 10 июндан шу кунга қадар туманимиздаги 326 нафар эҳтиёжманд оилаларга жами 82 млн. 757 минг сўмлик бирламчи озиқ-овқат ва зарурий дори-дармон воситалари етказиб берилди.
Бундан ташқари тумандаги секторлар ташкил этилган қуйидаги 1-сектор (72) 312-21-11, 2-сектор (72) 221-55-60, 3-сектор (72) 312-13-14 ва 4-сектор (72) 312-22-64 телефон рақамларига коронавирус инфекцияси билан боғлиқ маслаҳат ва тавсиялар олиш учун фуқаролар мурожаат қилишлари мумкин.
Ҳурматли Мирзачўлликлар!
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, тиббиёт қанчалик ривожланган бўлмасин, давлат бунга қанча-қанча маблағ ажратмасин, одамларимиз шифокорлар тавсиясига амал қилмаса, тартиб-интизомли бўлиб, карантин қоидаларига риоя этмаса, барча кўрилаётган чораларимиз, пандемияга қарши курашиш учун сафарбар қилинган юз минглаб фидойи инсонларнинг меҳнати беҳуда кетиши мумкин.
Тажриблар шуни кўрсатмоқдаки, бу касалликка чалинаётганларнинг асосий қисми огоҳлантиришларга қарамасдан Сирдарё вилояти ва бошқа ҳудудларга оилавий ёки якка тартибда чиқиб, касаллик орттириб нафақат ўзи балки бутун оиласини хавф остига қўймоқда.
(Мисол учун: Пахтазор ШФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро Сирдарё вилоят Сайхунобод туманига тазияга бориб келиши натижасида ўзи ва 5 нафар оила аъзоларининг тана ҳароратлари кўтарилиши билан тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган ва буларда клиник белгилар мавжудлиги аниқланган)
Бугун Сизларга мурожаат қилар эканмиз, ушбу оғир ва синовли кунларда ҳар бир тумандошимиз нафақат ўзи, балки оила аъзолари, яқинлари соғлиғи учун ҳам масъул эканлигини яна бир бор таъкидламоқчиман.
Сизлардан ҳар қандай вазиятда ҳам бирдамликда, шифокорлар тавсияларига амал қилган ҳолда, тушкунликка тушмасдан коронавирусга қарши бирга курашишни сўрайман. Ваҳимага берилмасдан, ҳаммамиз бирлашайлик. Аввало ўзимиз ва яқинларимизнинг, шу билан бирга бошқаларнинг саломатлигига бефарқ бўлмасдан уйда қолиб, заруратсиз, эҳтиёжсиз кўчага чиқмайлик. Оилада фарзандлар тарбиясига янада эътиборли бўлайлик. Шундагина биз сабр ва матонатимиз, меҳнатсеварлигимиз, меҳр-оқибатимиз билан бу синовни ҳам албатта енгиб ўтамиз.
Туманда жойлашган 12 та маҳалла фуқаролар йиғинларида маҳалла раиси ва профилактика инспекторлари томонидан ҳар бир хонадонга кирилиб, пандемия қоидаларига тўлиқ риоя этиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Туманда ҳозирда жами 8 та дорихоналар фаолият олиб бормоқда. COVID-19 вирусидан даволаниш учун зарур бўлган 29 хил турдаги дорилар рўйхати олинди. Нарх-наво сунъий оширилишининг олдини олиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, тумандаги барча дорихоналар, озиқ-овқат дўконлари доимий равишда тегишли ташкилотлар назоратига олинган.
Ҳурматли тумандошларим, муҳтарама онахонлар, пиру бадавлат отахонлар, ака-укалар, опа-сингилларим!
Барча қоида ва чекловларга тартибли равишда амал қилинса, тегишли ташкилотлар талаби ҳар бир шахс томонидан қатъий инобатга олинса ва бажарилсагина, бутун дунёда тарқалаётган вирусга қарши биргаликдаги, ҳамжиҳатликдаги курашимиз самара беради. Бунинг учун биринчи навбатда шифокорлар тавсиясига амал қилиб, шахсий гигиена ва санитария қоидаларига ҳар биримиз ўз оиламиз, болаларимиз билан уйимизда, ишхонамизда ва борадиган жойларимизда қатъий амал қилишимиз зарур.
Кўпга келган бу касалликка қарши ҳаммамиз биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб, ҳаракат қилишимиз лозим. Барча туманимиз аҳолисини ушбу белгиланган тартиб бўйича ҳаракатланишга чақираман.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, ўзингиз ва яқинларингизнинг соғликларини сақлаш мақсадида зарурат бўлмаганда кўчага чиқмаслигингизни, жамоат жойларида бўлганингизда масофа сақлаган ҳолда карантин талабларига риоя этишингизни ва ниқобсиз юрмаслигингизни сўраб қоламан!
Бу кунлар албатта ортда қолади. Туманимиз гуллаб яшнайди. Сизларга мурожаатим, оила аъзоларингиз билан уйда қолинг! Коронавирусга қарши биргаликда курашамиз ва албатта бу вирусни енгамиз!
Илтимос, ўзингиз ва яқинларингизнинг саломатлигига бефарқ бўлманг! Уйда қолинг!

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар