Сайт тест режимида ишламоқда.
Телефонлар:
(0372) 312-21-11
(0372) 312-14-44
» » Мирзачўл туман ҳокими Комил Холмуродовнинг тадбиркорларга мурожаати

Мирзачўл туман ҳокими Комил Холмуродовнинг тадбиркорларга мурожаати

28 ноябрь 2019 йил
318
0

Ҳурматли тадбиркорлар!

Ҳаммамизга аёнки, бугунги кунда Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш” бўйича мамлакатимизда кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, “Тадбиркорликни ривожлантириш – мамлакатимиз иқтисодий сиёсатининг муҳим йўналиши” этиб белгиланган.

Кейинги йилларда тадбиркорлик йўналишда Давлатимиз раҳбари томонидан 50 дан ортиқ Фармон ва қарорлар қабул қилинганлиги, мавжуд қонунчиликка кўплаб ўзгартиришлар киритилди, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базалари янгидан шакллантирилмоқда.

Энг эътиборлиси, тадбиркорликка рухсат берувчи ҳужжатларни олиш тартиби сезиларли даражада соддалаштирилиб, тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текширишлар кескин қисқартирилди.

Мавжуд қонунчилик соҳасидаги барча ислоҳотлар мамлакатимиз раҳбарининг ҳудудларга ташрифлари давомида тадбиркорликни қўллаб-қувватланишига янада такомиллаштириш, турли бюрократик ғов ва тўсиқларни бартараф қилиш борасидаги чуқур ўйланган ташаббуслари ҳамда бераётган вазифа ва кўрсатмалари билан янада мукаммал аҳамият касб этмоқда.

Айни вақтда тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш 30 дақиқа ичида амалга оширилмоқда. Солиштирадиган бўлсак: Бу 30 дақиқалик муддат икки йил олдин роппароса 48 соат давом этарди.

Ҳозирги кунда тумандаги Давлат хизматлари маркази орқали тадбиркорлик субъектларига жами 78 турдаги (икки йил аввал 13 турдаги) давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда.

Шу асосда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 апрелдаги “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек, бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан тадбиркорларга бир қатор қулайлик ҳамда имтиёзлар яратилди.

Жумладан, 42 та лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомили бекор қилинди, 38 турдаги лицензияланадиган фаолият турлари ва рухсат бериш тартиби 17 турга бирлаштирилди, 25 турдаги лицензиялар ва рухсат бериш тусидаги ҳужжатларни расмийлаштириш муддатлари ички расмийлаштириш тартибларини мақбуллаштириш эвазига қисқартирилди, 9 турдаги фаолиятни лицензиялаш тартиби лицензиялаш бўйича функциялар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасидан тегишли давлат органларига топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарининг ташкил этилиши эса тадбиркорликни ривожлантиришга, уни қўллаб-қувватлашга муҳим замин яратди.

Бугунги кунда Мирзачўл туманида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси тўлиқ фаолият олиб бормоқда.

Ушбу қабулхона ҳузурида тадбикорларни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик Кенгашларининг тузилиши эса тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда сансоларликнинг олдини олиш ҳамда бюрократик тўсиқларга барҳам беришдаги аҳамияти ортди.

Қабулхона тизимида ташкил этилган “business.gov.uz” ягона интерактив портали эса тадбикорлар мурожаатларини кўриб чиқишнинг электрон тизим орқали тезкорлик билан кўриб чиқиш имкониятини яратди.

Қабулхоналар ташкил этилган давр мобайнида “business.gov.uz” ягона интерактив порталига туманимиздаги тадбиркорлик субъектларидан 156 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, мурожаатларнинг 136 таси ёки 87,1 фоизи бевосита мурожаат муаллифларининг иштирокида кўриб чиқилиб, ҳал этилган.

Жорий йилнинг 7 ноябрь куни Мухтарам Юртбошимиз томонидан тадбикорликни ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видоеселектор йиғилишида “Бундан буён тараққиёт ва фаровонликка фақатгина тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб қувватлаш орқали эришиш мумкин”лиги ҳамда “Иккита иш жойи яратган одамни елкамда кўтараман! Агар тадбиркорга шароит яратмасак натижа бўлмайди” деган устувор ғоялар илгари сурилди.

Туманимиздаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасига келиб тушган мурожаатларни ҳам таҳлил қилганимизда тадбиркорлар томонидан кўтарилаётган масалаларнинг аксарият қисми, яъни қилинган мурожаатларнинг 43 таси кредит, 23 таси ер майдони ажратиш, 14 таси инфразулма тармоқларига уланиш ва 76 таси бошқа масалаларга тўғри келмоқда.

Демак, бугун очиқ айтишим керак, тадбиркорликни янада ривожлантиришда барча тўсиқ ва ғовларга тўлиқ барҳам бера олганимиз йўқ. Баъзи давлат органлари идоралари иқтисодиётимизнинг ушбу муҳим йўналишига етарли эътибор бермаяптилар. Айрим мансабдорларнинг бу ишга панжа орасидан қараб келаётгани ташаббускор юртдошларимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Айниқса, тадбиркорларга ер, бино ва иншоот, кредит ажратиш, хом-ашё билан таъминлаш, коммуникация тизимларига уланишга рухсатнома беришда бюрократия кучлилик қилмоқда. Энг пастки бўғинда ишловчи давлат идораларининг айрим ходимлари мавжуд қонунчиликни назар-писанд қилмай, очиқ айтишимиз керакки, таъмагирлик йўли билан муаммоларни ҳал қилишга атайин тўсиқ бўлишмоқда.

Ҳаммамизнинг олдимизда бир савол турибди: Янги 2020 йилда тадбиркорликни ривожлантириш борасида қандай ишларни амалга оширамиз?

Бошқача айтганда, тадбиркорлик келгуси йилда қандай ривожланади?

Бу саволларга энг аввало, туман раҳбари сифатида сизларнинг ҳузурингизда биргаликда жавоб беришимиз керак, деб ҳисоблайман.

Биринчи навбатда, ер ажратиш масаласида шуни айтиш мумкинки, бундан буён ҳақиқий тадбиркор бўлиш истагида юрганларга ер ва бўш бино-иншоотларни ажратиб бериш очиқ-ошкор равишда, барча учун тенг шароитда, электрон аукцион орқали амалга оширилади.

Муҳтарам Юртбошимиз видеоселектор йиғилишида таъкидлаганларидек, кредит бериш тизими ҳам энди содда бўлади. Ортиқча қоғозбозлик ва сансалорликка барҳам берилади. Чунки тижорат банк филиалларининг кредит ажратишда мустақил қарор қабул қилиш бўйича ҳуқуқлари кенгайтирилди. Улар вилоят ва Республика Бош банкига хужжат юбормасдан кредит ажратиш ваколатига эга бўлди.

Маълумки, тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган давлат дастурларини молиялаштириш учун Халқ банки, Микрокредитбанк ва Агробанк масъул этиб белгиланиб, уларга етарлича ресурслар ажратиб берилган.

Туманда 2020 йилда юқорида номлари келтирилган тижорат банклари томонидан ҳудудларда кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича дастурлар доирасида кўзда тутилган лойиҳалар учун умумий ҳисобда 7 млрд 595 млн сўмлик имтиёзли микрокредитлар ажратилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида компенсация ва кафилликлар берилади.

Жумладан, тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитларнинг 50 фоизигача, лекин 2,0 млрд. сўмдан ошмаган миқдорда кафилликлар, банклар томонидан 8,0 млрд. сўмдан ошмайдиган ҳажмдаги ажратиладиган кредитлар бўйича компенсациялар берилади.

Эътиборлиси, компенсациялар энергия самарадорлиги юқори бўлган замонавий иссиқхоналар қуриш, узумчилик ва боғдорчилик, шу жумладан, интенсив боғларни ривожлантириш йўналишларига йўналтирилиши кўзда тутилган.

Давлатимиз раҳбари томонидан берилган топшириқ асосида ҳар бир ҳудуд хусусияти, салоҳияти, ихтисослашувидан келиб чиқиб, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларнинг бизнес ғояларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш ишлари олиб борилади.

Агарда Сизда мазкур йўналишларда тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш истаги уйғонган бўлса, марҳамат, биз Сизни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.

Шахсан мен туман ҳокими сифатида ҳар бир лойиҳа назоратим остида бўлишини таъминлайман. Сизнинг лойиҳангиз нафақат туманимиз балки вилоятимизнинг эртанги келажаги ва аҳолимиз фаровонлигининг кафолатидир.

Азиз тадбиркорлар бир нарсани англашимиз керак, Сиз туфайли ҳудудимизда ишсизлик қисқаради, даромадлар ошади, оилаларимиз, аёлларимиз ва фарзандларимиз турмушидан миннатдор бўлиб, ўз юртида ҳаловат топади.

Бундан ташқари, янги ислоҳотлар даврида ташкил этилаётган кичик саноат зоналарида тадбиркорлар учун яратилган имкониятлар, хусусан, ишлаб чиқариш ҳудудигача муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда бошқа преференциялар юртдошларимиз ва хорижий сармоядорларнинг тадбиркорлик ташаббусларини янада рағбатлантирмоқда.

Хусусан туманнинг “Ғалаба” МФЙ худудида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан ташкил этилган “Иржар” кичик саноат зонасида хозирги кунда умумий қиймати 25,8 млрд.сўмлик 2 та лойиха амалга оширилиб, фойданишга топширилди. (1. “Next group story” МЧЖ – шифер ишлаб чиқариш. 2. “Mirzacho’l santex dizayn” МЧЖ пластмасса сув сиғимлари).

Кичик саноат зоналарида ер участкалари ва бино-иншоотларини бериш, танлаш ва жойлаштириш аукционсиз ва тўловсиз танлов асосида ўз бизнес лойиҳасини амалга ошириш истаги бўлган ташаббускорларга вилоят эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашининг қарорига асосан 10 йилга узоқ муддатли имтиёзли ижарага берилади.

Шунингдек қишлоқ хўжалик йўналишида янги босқични шакллантириш мақсадида, чорвачилик, паррандачилик комплекслари, сутни қайта ишлаш, жунга ишлов бериш корхоналари, замонавий иссиқхоналар қуриш, узумчилик ва боғдорчилик, шу жумладан, интенсив боғларни ривожлантириш йўналишларига имтиёзли кредитлар ажратилади.

Мазкур лойиҳалар учун бўш турган давлат мулки объектларимиз инвестиция киритиш ва янги иш ўринлари яратиш шарти билан берилади.

Бугун Сизга қилаётган мурожаатимдан кўзлаган мақсадим битта.

У ҳам бўлса туманимизда тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, давлат органлари ва Сиз, тадбиркорлар ўртасида самарали мулоқот тизимини янада мустаҳкамлашдир.

Бунинг учун мен туман ҳокими сифатида туман сектор раҳбарлари, Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси, Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсман, тижорат банклари ва бошқа ваколатли идораларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш чораларини кўраман.

Фақат баҳамжиҳат ишласакгина олдимизда турган улкан вазифаларни амалга оширишимиз мумкин.

Ушбу ишларни бажаришда сусткашликка йўл қўйган раҳбар, шу жумладан ҳоким, сектор раҳбари ва бошқа масъуллар қонун олдида жавоб беради. Чунки бугун биз ҳар бир тадбиркорга кўмакдош, елкадош ва мададкор бўлишимиз даркор.

Бундан буён тасдиқланган жадвал асосида туманнинг барча худудларида тадбикорлар билан учрашувлар ўтказамиз.

Ушбу учрашувларда юқорида айтиб ўтилган барча муаммолар бўйича ҳар бир тадбиркор билан шахсан учрашиб, муаммоларни ҳал қилиш чораларини кўрамиз. Ушбу учрашувларни ўтказиш муддати ва жойи тўғрисида барчаларингизга оммавий ахборот воситалари орқали хабар етказилади.

Эл-юртимиз тараққиёти йўлида барчангизга сиҳат-саломатлик, эзгу ва олижаноб ишларингизга муваффақият тилайман.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар