
Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманидаги Азамат Холбоев раҳбарлигидаги «Арман Абзал» фермер хўжалигида биринчи терим машиналар билан бошланди. Хўжаликнинг машинабоп қилиб ўстирилган 120 гектарлик пахта майдонидаги ҳосил иккита «ТТЗ СE 220» русумли терим машинаси ёрдамида терилмоқда.
11,5 минг гектар майдонда пахта етиштирган туман фермерлари бу йил давлатга 32 минг 240 тонна пахта хомашёсини сотиш бўйича шартнома қилган. Ушбу ҳосилнинг 8 минг 850 тоннасини терим машиналари билан йиғиштириб олиш мўлжалланмоқда.

Пахтачилик учун ўтган йилларга нисбатан бир мунча мураккаб келган бу йилги мавсумда ҳосилни пахта териш машиналарида йиғиштириб олиш ҳар йилгиданда катта аҳамиятга эга. Туманда ўтган йилги мавсумда 15 та «МХ-1.8», 5 та «ТТЗ СE 220» русумли терим машинаси ишлатилган эди. Бу йил пахта терими мавсуми олдидан яна 20 та «ТТЗ СE 220» русумли машина харид қилинди.


Биринчи куннинг ўзида Мирзачўлда «ТТЗ СE 220» машиналарининг ҳар бири билан 8-10 тоннадан ҳосил йиғиштириб олинди. Худди шундай вилоятнинг бошқа туманлари пахтазорларида ҳам машина терими бошланди.
Тошқул. БEКНАЗАРОВ, Ж. ЁРБEКОВ (сурат), ЎзА