Сайт тест режимида ишламоқда.
Телефонлар:
(0372) 312-21-11
(0372) 312-14-44
» » 14-ФЕВРАЛЬ ҚАНДАЙ КУН?

14-ФЕВРАЛЬ ҚАНДАЙ КУН?

14 февраль 2020 йил
159
0

Бу савол бугунги кунда кўпчиликни айниқса ёш авлони қизиқтирмоқда. Бу саволга жавобни бермасдан олдин хаёлингизга қайси фикр келди? “Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратларининг таваллуд топган куними?” ёки “Севишганлар куними?”

Бугун юртимизда яратилаётган барча шарт-шароитлардан завқланиб униб-ўсаётган ёш авлодга 14 феврални қандай кутиб олиш қизиқ-а? Бу кунни таълим муассасаларида, оммавий ахборот воситаларида абадиётшунос олим, геораф ҳамда давлат арбоби ҳисобланган бобомиз Заҳриддин Муҳамммад Бобур таваллудининг 537 йиллиги сифатида нишонлашади, албатта. Бу яхши!  Шу билан бирга ёшларни қамраб олган таълим муассасасаларида ёки оилада бу куннинг “Севишганлар куни” ёки “Валентин куни” сифатида нишонлаш ҳам таъқиқлангани йўқ-да?! Демак, 14-феврални қандай кун сифатида нишонлаганимиз маъқул? Таълим муассасаларида биринчи бобомизнинг бизга қолдирган илмий меросини ўрганиб, уни хотирлаб кейин севишлаганлар кунини нишонласа ҳам бўлавераркан-да?!

Миллий тикланиш ва юксалиш йўлидан бораётган демократик давлатимиз ҳеч бир инсоннинг ҳуқуқларини амалга оширишга чеклов қўймаган. Лекин бу дегани ҳамма ўзи ҳоҳлаганини амалга оширади дегани эмас-ку, албатта.

Келинг мана шу кун муносабати билан сизга бир қанча маълумотларни келтирайлик! Танлаб олинг, хулоса чиқаринг ва адашманг!

14-февраль - «Валентин куни». Нима учун айнан шундай кун? Шу боис, бу кун тарихи билан қизиқиб қолдим. Лекин мазкур кун ҳақида аниқ маълумотлар йўқлигига амин бўлдим. Муқаддас Валентин ўзи ким? Католиклар черкови Валентин ёки Валентинус номи билан энг камида учта авлиёни тан олади, буларнинг барчаси машаққатли ўлим топганлар. Биринчи ривоятга кўра, Валентин учинчи асрда Римда руҳоний бўлган. Бир вақтлар император Клавдий II оилали ва уйланган эркакларга нисбатан “Уйланмаган эркакларни энг яхши аскарлар” деб, ҳисоблаган ва потенциал аскарлар – ёш йигитларга уйланишга рухсат бермаган. Бундай адолатсизликни тушуниб етган  Валентин Клавдий II га қарши чиқиб, севишган ёшларни яширин равишда никоҳдан ўтказишда давом этган. Валентиннинг бу қилмиши аён бўлгач,  Клавдий II уни ўлимга маҳкум этган. Баъзи тарихий ривоятларга кўра, Валентин христианларга Рим қамоқхоналаридан қочишда ёрдам бергани учун қатл этилган деб ҳисобланади. Яна бир ривоятга кўра, Валентин биринчи «валентинка» жўнатган деб ҳисоблайдилар. Қамоқда бўлганда, дейилади ривоятда, Валентин уни кўришга келган қамоқхона назоратчисининг қизига ошиқ бўлиб қолади. Ўлими олдидан унга «сенинг Валентининг» деган имзо билан хат ёзади. Уни 269 йил 14 февраль куни қатл этишади. Бу ибора ҳозирга қадар валентинкаларда қўлланилади. Аниқ бир тарихга эга бўлмасада, Валентин афсоналари туфайли  ўрта асрларда Англия ва Францияда энг машҳур авлиё ҳисобланган.

Охири фожиа билан тугаган бу афсоналарда қандай қарашлар мавжуд? Биз бундан  қандай хулоса чиқармоғимиз даркор. Бизга, миллатимизга ёки ёш авлодга бу қарашлар нимани бера олади?

Келинг энди статистик маълумотларга тўхталамиз. 14-февраль. Шу куни кўплаб севишганлар эрталабдан бозорларга, дўконларга ошиқадилар. Ўзлари яхши кўрган инсони учун совғалар олишади. Бу бизда ҳам табиий холатга айланиб улгурган.  Эътибор беринг-а! Ғарбда ҳомиладорликни олдини олувчи воситалар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи DUREX компанияси берган маълумотларга қараганда, корхона маҳсулотлари савдоси 14-февраль куни  бошқа кунларга нисбатан 20-30 фоизга ошади. Жаҳонда эркаклар 14-февраль куни аёлларга нисбатан икки баробар кўп пул ишлатишади. (Эркаклар ўртача ҳисобда $156 ва аёллар $85 совғалар учун сарфлашади.) Бизнинг бозорлару, дўконларда-чи? Бозордаги баъзи бир танишларимдан сўраганимда «Валентин куни» айрим байрамларга нисбатан 2-3 баробар кўпроқ савдо бўлишини таъкидлаб ўтдилар. Йигитлар кўпроқ юмшоқ ўйинчоқлар, қизлар эса соат совға сотиб олишар экан.

Хўп. Бунга ҳам ҳеч ким қаршилик қилмайди. Инсоннинг ўз ҳақ-ҳуқуқлари бор. У қачон, кимга, нима муносабат билан совға беришини кимдир назоратга олишига ваколати йўқ, албатта.

Лекин, аслида 14 февраль қандай кун эканлигини билмасдан, унинг маънавий оқибатлари билан ҳисоблашмасдан бу кунда ўзига энг яқин инсонига совға улушишдан қандай маъно бор?

Шахсий фикримча, ҳар бир инсон учун севимли инсони билан ўтказадиган ҳар бир куни байрамдир. Бундан ортиқ бахт ва хурсандчилик бўлмаса керак, албатта.

Агар биз хақиқатда севишганлар кунини нишонлашни хоҳласак, бу куннинг қаҳрамонларини нега бошқа давлатлардан ёки афсоналардан қидиришимиз керак? Бизга маънавий ўрнак бўла оладиган Севги ва садоқат достон”лари бор-ку, ахир.

Сизга маълумки 2013 йил 10 июнь  куни Тошкент шаҳрининг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли  ёзувчи  Саид Аҳмад ва таниқли шоира Саида Зуннунова хотирасига ҳайкал ўрнатилди. Биринчи президентимиз Ислом Каримовнинг қарори асосида барпо этилган  ушбу муаззам, бадиий обида халқимиз, жамоатлигимиз ўртасида севги садоқат рамзи сифатида эътироф этилди.

Бу икки инсоннинг бир-бирига бўлган севги ва садоқати афсона эмас! Миллий тикланиш ва юксалиш йўлидан дадил бораётган демократик давлатимизнинг биринчи президенти Ислом Каримов бу инсонларнинг ўзаро муносабатларини бежизга “Севги ва садоқат достони” деб атамади.

Келинг, сизга бу хақда қисқагина ўша давр қийноқларида бўлган икки дилнинг ёзишмалар билан тиништирай!

Саидахон, салом!

Бошингизга тушаётган кўргуликлардан хабарим бор. Сизни қийин-қистовларга олишаётганини эшитдим. Илтимос, шуларнинг гапига киринг. Йўқса, жувонмарг бўлиб кетасиз. Қамоқдан қачон чиқиши  номаълум бўлган одам учун кўпам ўзингизни қийнаманг. “Эримдан  кечдим”,  деб ёзиб беринг. Ўлай агар, хафа бўлмайман. Сиз яшашингиз, ижод қилишингиз керак. Шунча азобларга чидаяпманми, бунга ҳам чидайман.

 Умуман олганда, ўзимнинг ҳам яшагим келмай қолди. Сиз озод қуш эдингиз, менга тегиб қафасга тушдингиз. Шу қафас эшигини бугундан бошлаб очиб юборишга қрор қилдим. Мен тўғримда ўйламанг. Мени йўқ деб билинг, Сизнинг яхшиликларингизни, атиги беш ойгина яшаган тотли кунларимиз хотирасини ўзим билан олиб кетаман”.

Саид Аҳмад. Жезқазған. 1951 йил 21 октябрь.

Жавоб хати. “...Беҳуда ҳаёлларга борманг. Сиз нима бўлсангиз, мен ҳам шундай бўламан. Ҳеч қандай қийин-қистовлар мени сиздан ажратолмайди. Яшасак, бирга яшаймиз, ўлсак, бирга ўламиз.

Сиз бунақа иродасиз  одам эмасдингиз-ку, нима бўлди? Чиданг, аёл бошим билан мен  чидаяпман-ку! Ҳали олдимизда, эҳҳе, қанча яхши кунлар бор. Уйлар қурамиз, боғлар қиламиз. Энди хатни кулиб-кулиб ёзинг, хўпми?

Хайр! Сизга ҳамиша ва яна ҳамиша садоқат билан: Саида.

                                                        Тошкент шаҳри, 1951 йил 30 декабрь

Сизни кириб келаётган янги-1952 йил билан табриклайман. Илоё, 53-йилни бирга кутиш насиб қилсин.

Илова.

Хабарингиз  бор, мени  Союздан ўчиришган. Агар эрингиздан кечсангиз, яна Союзга қайтариб оламиз, дейишди. Мен гапимдан қайтмайман, деб жавоб қилдим.”

Бу ёзишмаларни ўқиб, қандай хулосага келдингиз? Севги ва садоқат рамзи бўлган бу икки инсоннинг садоқати нафақат оилавий муносабатларда, балки миллатни қарамликдан қутқаришдаги фаолиятини ҳам сезгандирсиз?!

         Келинг азиз ёшлар бир хулоса қилайлик! “Биз кимларнинг авлодимиз?”, “Биз кимлардан ўрнак олишимиз керак?”. Агар хақиқатда яқин инсонларимизга садоқатимиз кучли бўлса буни 14 февраль куни намоён қилишимиз шарт эмас, албатта. Севги ва садоқатда биз ўрнак олишимиз мумкин бўлган аждодларимиз борлигини унутмаслигимиз ҳамда  уларнинг бизга қолдирган маънавий мероси ўрганишимиз даркор.

 

 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар