“Аёл – жамият кўзгуси” деб номланган фестивални ҳаваскор велопойгачи хотин-қизлар бошлаб берди. 500 нафарга яқин хотин-қизни жамлаган мусобақа учун Жиззах олимпия ва паролимпия спорт турларига тайёрлаш маркази байрамона безатилди.
Иштирокчилар ёшларига қараб 20, 30, 40 ва 50 ёш тоифаларида 4 та гуруҳга ажратилди ва старт Жиззах шаҳри “Сайилжойи” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Истиқлол” кўчасидан бошланди. Финиш Жиззах олимпия ва паролимпия спорт турларига тайёрлаш марказида якунига етди. Ёш тоифаларига қараб 1-, 2- ва 3-ўринларни эгаллаган ҳаваскор спортчи аёлларга ташкилотчиларнинг махсус диплом ва совғалари топширилди.
Фестиваль доирасида ўтказилган “Миллий либослар миллат кўзгуси” анжуманида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари З.Маҳкамова сўзга чиқиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар барча соҳаларда ўзининг ёрқин самараларини бераётгани, жамиятимиз тараққиётида хотин-қизларнинг ўз ўрни, хизмати ва нуфузи борлигини таъкидлади.
Сўнгра Бош вазир ўринбосари мазкур конференция муносабати билан ташкил этилган миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ҳамда Жиззах давлат педагогика университети музейи фаолияти билан танишди.
Анжуманда Жиззах давлат педагогика университети, Жиззах политехника институти профессор-ўқитувчилари ва соҳа мутахассислари, дизайнерларнинг кийиниш одоби, маданияти, миллий либосларнинг тарихи ва бугунги кундаги уйғунлашуви, бу борадаги мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳақидаги маърузалари тингланди. Мутахассислар томонидан аёлларнинг эстетик диди (кийиниш маданияти) юзасидан миллийлик билан уйғунлашган намуналарни, шунингдек, турли соҳаларда ишлаётган аёл ходимлар, уй бекаларининг жамоат жойлари ва уй ичида кийиладиган либослари бўйича умумэътироф этилган нормалар бўйича намуналар (эскизлар) тақдим этилди.
Фестивал “Юртимизнинг лидер тадбиркор аёллари” шиори остида бизнес-саёҳат билан давом этди. Жиззах шаҳридаги ва Жиззах саноат зонасида кўплаб хотин-қизлар фаолият кўрсатиб келаётган ишлаб чиқариш корхоналарига ташкил этилган бизнес-саёҳат иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.