Мирзачўлда Ҳоким ёрдамчилари учун ўқув семинарлари бошланди
Республикамизда аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишга молиявий кўмаклашиш, уларнинг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш, маҳаллабай ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш орқали камбағалликни қисқартириш, республика, вилоят, туман ва шаҳарларда кўрсатиладиган давлат хизматлари ва манзилли молиявий қўллаб-қувватлаш инструментларини бевосита маҳалла даражасига тушириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 декабрдаги “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-31-сон Қарори билан Ҳоким ёрдамчиси лавозими таъсис этилган эди.
Жорий йил 14-16 декабрь кунлари Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида ҳар бир туман (шаҳар)га иқтисодиёт ва инвестиция комплексларига кирувчи вазирлик, идоралар, тижорат банкларидан бириктирилган масъул ходимлар –республика вакиллари учун ўқув семинари ташкил этилди ва ушбу семинарларни ташкил этилишидан кўзланган асосий мақсад ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси фаолиятини самарали ташкил этишдан иборат бўлди.
Ана шу мақсадлардан келиб чиқиб, бугун Мирзачўл туманида ҳам тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш, бир сўз билан айтганда “Маҳаллабай” ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида жорий этилган Ҳоким ёрдамчилари ва “Маҳаллабай” ишлаш марказлари ходимлари учун семинар-тренинглар ва амалий машғулотлар ташкил этилди.
Семинарларда таъкидланганидек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга молиявий кўмак бериш, энг муҳими жойларда камбағалликни қисқартиришга қаратилган мазкур тизим орқали эндиликда барча давлат ва жамоат ташкилотлари тўғридан тўғри маҳалла билан ишлашликлари, “Маҳаллабай” ишлаш орқали аҳоли мурожаатлари маҳалланинг ўзида қабул қилиниши ва қисқа муддатларда ҳал этиш чоралари кўрилиши, “Ҳоким ёрдамчиси” мазкур фаолият йўналишларига бевосита раҳбарлик қилган ҳолда, жараёнларни мувофиқлаштириш ва кўрсатилаётган ёрдамларни манзилли амалга оширишни ташкил этиши, ишларни назоратга олиши лозимлиги юзасидан батафсил тушунтирилди. Шунингдек, “Ҳоким ёрдамчилари” ўз фаолияти давомида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар, хотин-қизлар ва кам таъминланган оилаларда яшовчи фуқароларни мавжуд муаммоларини ҳал этишга ҳам алоҳида эътибор беришлиги, шу билан бирга фуқароларнинг томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш баробарида уй шароитида чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик, уруғчилик, кўчатчилик, гулчилик каби бугунги кундаги жуда ҳам муҳим йўналишлар бўйича ўз имкониятини ишга солишга ва шу орқали даромад топишларига кўмаклашишлари, мутахассисларнинг фикрича, бу тизимнинг жорий этилиши эса келгуси бир-икки йилда ўз самарасини бериши, чунки, маҳалладаги муаммолар вақтида аниқланиб, ўз жойида ҳал этилиши, мутасадди ташкилот ҳамкорлигида аниқ ечимини топиши яна бир бор батафсил қайд этиб ўтилди.
Ҳа, ушбу ташкил этилаётган семинарлар давомида янги жорий этилаётган ҳоким ёрдамчилари институти маҳаллий ижро ҳокимияти тизимида муҳим таркибий қисм сифатида мустаҳкам ўрин эгаллашига, маҳаллаларнинг иқтисодий юксалишига, камбағалликни қисқартиришга, аҳолининг фаровонлигини таъминланишига ёрдам кўрсатади деб бот-бот таъкидланаётгани бежизга эмас, бугунги семинарлар ва машғулот жараёнлари келгусидаги юксак амалий натижаларга албатта замин бўлишига ишонамиз.
Мирзачўл туман ҳокимлиги
Матбуот хизмати