Телефонлар:
(0372) 312-21-11
(0372) 312-14-44
» » ЕР МУНОСАБАТЛАРИДА ТЕНГЛИК ВА ШАФФОФЛИК, ЕРГА БЎЛГАН ҲУҚУҚЛАР ТЎҒРИСИДА

ЕР МУНОСАБАТЛАРИДА ТЕНГЛИК ВА ШАФФОФЛИК, ЕРГА БЎЛГАН ҲУҚУҚЛАР ТЎҒРИСИДА

05 январь 2022 йил
5 360
0

 

Сўнгги йилларда ер билан боғлиқ муносабатларни самарали тартибга солиш, ерларни муҳофаза қилишни такомиллаштириш, ерга оид низоларни олдини олиш, бу борада фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни янада такомиллаштириш, шунингдек, ер соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтиришга оид муҳим қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 08 июнь кунги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ 6243-сонли Фармонини мисол тариқасида келтиришимиз мумкин.

Чунки, ушбу Фармон билан ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш ва ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлашнинг янги ҳуқуқий асоси яратилди.

Унга кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиниши белгиланди, шунингдек, 2021 йилнинг 1 августидан бошлаб маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи бекор қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 16 августдаги “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-708-сонли қонунига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига ҳам бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, мазкур Кодекснинг 23-моддаси янги тахрирда қабул қилиниб, ушбу модданинг иккинчи қисми 1-бандида ер участкаларини бериш (реализация қилиш) яъни, мулк қилиб бериш — қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ, шу жумладан якка тартибда уй-жой қуриш ҳамда уй-жойни ободонлаштириш, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун электрон онлайн-аукцион воситасида амалга оширилиши белгиланди.

Юқоридаги қонун билан Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 27-моддаси ҳам янги тахрирда қабул қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун 0,04 гектаргача ер участкалари электрон онлайн-аукцион орқали мулк ҳуқуқи асосида реализация қилинади.

Киритилган ушбу ўзгартишга мувофиқ, Ер кодекси 27-моддасининг олдинги тахририда белгиланган, яъни Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга ҳар бир оилага 0,06 гектаргача ер участкалари бериш тартиби бекор қилинди.

Бундан ташқари, Ер кодексининг 6-моддасида назарда тутилган туман (шаҳар) ҳокимларининг ер муносабатларига оид айрим ваколатлари, жумладан фуқароларга, юридик шахсларга эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага ер бериш, шунингдек ерларни олиб қўйишга доир ваколатлари бекор қилинди.

Шунингдек, 2021 йил 15 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу қонунниг 3-бобида доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқлари асосида тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиби белгиланган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг фукароси томонидан — якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш, шунингдек тадбиркорлик ҳамда шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ўзига берилган ва мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган ер участкаларига нисбатан хусусийлаштириш тўғрисида ариза берилади. Ер участкасига бўлган доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ёки ижара ҳуқуқи тегишли равишда Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахсларига ўтганда уларга мазкур ер участкасини хусусийлаштиришга бўлган ҳуқуқ ҳам ўтади. Ариза давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали оркали берилади. Аризага илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхати Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Ариза ер участкасини хусусийлаштириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун асос бўлади. Аризани кўриб чиқиш Ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишга доир маъмурий регламентга мувофик автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Аризани кўриб чиқиш натижаси ижобий ёки салбий қарорни ўз ичига олиши мумкин бўлган хабарномадан иборат бўлади. Ижобий қарор мавжуд бўлган хабарнома хусусийлаштириладиган ер участкасининг сотиб олиш қийматини аризачи томонидан тўлаш учун асосдир. Салбий қарор мавжуд бўлган хабарномада ер участкасини хусусийлаштириш мумкин эмаслигининг асослантирилган сабаблари шаҳарсозликҳужжатларининг аниқ талабларига ёки қонунчилик нормаларига ҳавола қилинган ҳолда кўрсатилади.

Ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқи учун давлат ордери ҳуқуқни белгиловчи ҳужжат бўлиб, у хусусийлаштириладиган ер участкасининг қийматини тўлаш тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширилганидан кейин бир иш куни ичида Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан берилади.

Хусусийлаштирилган ер участкасига бўлган хусусий мулк ҳуқуқи унга бўлган ҳуқуқ Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига тегишли маълумотларни электрон тарзда киритиш орқали давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан юзага келади.

 

         Нажмиддин Мамадалиев

Мирзачўл туман Юридик марказ

бош юрисконсулти

 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар