Мирзачўл туман ҳокими Ш.Ахмедовнинг ёшларнинг муаммо ва масалалари юзасидан “маҳаллабай” амалга оширилган ишлар тўғрисида аҳолига ҳисоботи
Бугунги кунда ёшлар фаолияти давомида юзага келган муаммоли масалаларни ечишда, ёшларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан мухофаза қилинадиган манфаатларини ҳимоя қилишда, истеъдод ва қобилиятларини рўёбга чиқаришда янгича тизимнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади.
Дастлабки ҳолатга кўра, Мирзачўл туманида жами 8928 та хонадонда яшовчи 7570 нафар 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар хатловдан ўтказилиб, 1075 нафарида муаммолар аниқланиб, ёшлар дафтарига киритилди. Уларнинг 66 нафари ижтимоий ҳимояга мухтож, 233 нафари қайта касбга ўқитиш, 342 нафари тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирганлиги ва уларга банк кредит маблағлари ажратилиши белгиланди, 331 нафар ёш эса иш билан таъминланиш истагини билдирган. Буларнинг барчаси ўтган 2021 йил давомида зарур чора-тадбирлар белгиланиб, зарур ёрдамлар берилиб, барчаси дафтардан чиқарилди.
Бугунги кунда жами аҳоли 53300 нафар, ёшлар (0-30) сони 24455 нафар, 18-30 ёшдагилар 7770 нафар шундан доимий банд бўлган 5691 нафар, банд бўлмаган 2079 нафардан иборат. Туманда 20 та мактабда 19 та ёпиқ спорт зал, 3 та маданият маркази,7 та сунъий қопламали мини футбол майдони, 1 та Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мавжуд бўлиб, спорт мактабида жами 7 та спорт объектлари, шундан 2 та футбол стадиони, тип 1 (18х42 спорт зали), 1 та волейбол, 1 та баскетбол ва 2 та кураш зал мавжуд. Уларда 11 та спорт туридан 64 та спорт сексияларида 789 нафар ёшлар мунтазам шуғулланмоқда. 1 та маданият истироҳат боғи, 1 та IT CENTER ўқув маркази, 1 та кутубхона, 1 та Баркамол авлод болалар мактаби фаолият олиб бормоқда. Баркамол авлод болалар мактаби ўз биносига эга. Баркамол авлод болалар мактабида 7 та йўналишда 37 та тўгаракка жами 860 нафар ўқувчи билан фаолиятини олиб бормоқда. Мирзачўл туманида жами ўқувчилар сони 9933 нафар. 2021-2022 ўқув йилида жами битирувчилар 905 нафар, шундан умумтаълим мактаби битирувчилари 524 нафар, касб-ҳунар мактаби битирувчилари 218 нафар, техникум битирувчилари 163 нафарни ташкил этади. Битирувчи ёшларнинг 289 нафари таълимнинг кейинги босқичига, 616 нафари мехнат бозорига кириб келиши кутилмоқда.
2022 йил февраль ҳолатига кўра 56 нафар ёшлар дафтарга киритилган бўлса, шунинг 11 нафарига моддий кўмаклар кўрсатилиб, бандлиги таъминланиб, касбга йўналтирилиб, дафтардан чиқаришга эришилди.
Жорий йилда ҳам бор эътибор ва диққатимизни “Ёшлар баланси” асосида “маҳаллабай” ишлаш, ёшларнинг бандлиги ва тадбиркорлигига кўмаклашиш ҳамда уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнларида фаоллигини ошириш, ёшларни илм-фанга кенг жалб қилиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, иқтидорли ва истеъдод эгаларини ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, Ёшлар ўртасида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, уларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва 5 муҳим ташаббус доирасида бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, Ёшлар инфратузилмаларини ривожлантириш масалаларига қаратмоқдамиз. Шунингдек, ёшлар тадбиркорлигини жадал ривожлантириш, ёшлар ва хотин-қизларини иш билан таъминлаш мақсадида ҳудудда саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш каби муҳим йўналишларни ривожлантириб бормоқдамиз.
Бугунги кунда туманимиздаги барча маҳалла ва овулларда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жорий этилиб, шароити оғир маҳалла ва овулларда истиқомат қиладиган аҳоли, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг даромадини ошириш орқали оилаларини камбағалликдан қутқариш борасида амалий ишлар бошлаб юборилди. Ўзим ва ёрдамчиларим. Ёшлар вакиллари бошчилигимда маҳаллаларга бориб, у ердаги мавжуд камчилик ва муаммоларни тизимли ўрганиб, ушбу муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича вазифалар белгиланиб, муҳим чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. “Ёшлар дафтари”га киритилган 86-нафар ёшларни ўз қизиқишлари бўйича ёшлар «1+1 лойиҳаси» асосида тадбиркорликка ўқитилди. Бунда соҳа мутахассислари, муваффақиятга эришган тадбиркорларни жалб этган ҳолда, ёшларда тадбиркорликка мотивация уйғотиш ҳар бир йўналиш бўйича аниқ тушунчалар бериб, уларни тадбиркорликка тўғри йўналтириш вазифа этиб белгиланди. Бир ҳафталик ўқиш давомида туман ҳокимлиги, Савдо саноат палатаси, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, «Ҳунарманд» уюшмаси, тижорат банклари, Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши ходимлари томонидан тадбиркор бўлиш истагидаги ёшларга ўзлари қизиққан йўналишлари бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди ҳамда соҳа бўйича дарслар берилди.
Бундан ташқари, туманимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, жумладан, етим ва ота-онасининг қарамоғидан айрилган болаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бундай эзгу саъй-ҳаракатларнинг барчаси ёшларнинг қалбида ўзига бўлган мустаҳкам ишонч ва келажакка умид туйғуларини уйғотишга хизмат қилади.