СУДЛАР ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУН
Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.Суд ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган қонун ва қарорлар, суд органлари фаолияти ва нуфизининг ошишига ва ҳалқимизнинг бу давлат органига ишончи ва чинакамига ҳурматига сазовор бўлаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш муҳимдир.
Янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисидаги қонун” Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 15 июнда қабул қилинган Сенат томонидан 2021 йил 26 июнда маъқулланган бўлиб, 101 та моддани ўз ичига олади.
Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи бўлиб, қуйи судларнинг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди:ўз ваколатлари доирасида ишларни биринчи, апелляция ва кассация инстанцияси суди сифатида, шу жумладан кассация инстанцияси судида такроран, шунингдек янги очилган ҳолатлар бўйича кўриб чиқади, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумида суд амалиётининг долзарб масалаларини кўриб чиқади ва қонунчиликнинг қўлланилиши юзасидан тушунтиришлар беради, ҳарбий судларнинг, Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларининг, туманлараро, туман, шаҳар судларининг ташкилий фаолиятини ўрганади, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг тушунтиришлари судлар томонидан бажарилиши устидан назоратни амалга оширади, суд амалиёти ва суд статистикасининг тизимли таҳлилини амалга оширади, судьяларнинг ва суд аппарати ходимларининг малакасини ошириш бўйича ишларни ташкил этади.Ўзбекистон Республикаси Олий суди қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкинлиги келтирилган.
Янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисидаги қонун”нинг 19-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг таркибиЎзбекистон Республикаси Олий суди раис, унинг биринчи ўринбосари — маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси, ўринбосарлари — фуқаролик, жиноят ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатлари раислари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяларидан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди қуйидаги таркибда иш юритади:Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати, Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати, Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати, Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати, Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати.Судлов ҳайъатларида ихтисослаштирилган судлов таркиблари тузилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяларининг сон жиҳатдан таркиби Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.
Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми фаолиятига оид алоҳида моддалар билан тўлдирилган. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари, Қорақалпоғистон Республикаси суди ва Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди раисларидан иборат таркибда иш юритади.Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси, Судьялар олий кенгаши раиси, Бош прокурори, адлия вазири, Адвокатлар палатаси раиси, судьялар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари иштирок этиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми заруриятга қараб, лекин тўрт ойда камида бир марта чақирилади. Қонунчиликни қўллаш масалаларига доир қарорлар лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг аъзоларига ва бошқа манфаатдор ташкилотларга мажлисдан йигирма кун илгари юборилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми Пленум аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлган тақдирда ваколатлидир.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми:суд амалиётини умумлаштириш материалларини кўриб чиқади ва қонунчиликни қўллаш масалалари бўйича тушунтиришлар беради, қонунчилик ташаббуси тартибида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқади, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари нормаларига расмий шарҳ бериш масалалари юзасидан мурожаат киритиш, шунингдек муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисидаги судлар ташаббуси билан киритилган масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат киритиш ҳақидаги тақдимномасини кўриб чиқади, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши таркибини тасдиқлайди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг тақдимномаларига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг таркибини, судлов ҳайъатларининг таркибини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг котибини тасдиқлайди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг иши тўғрисидаги ахборотни, шунингдек судлов ҳайъатлари фаолияти ҳақидаги маърузаларни эшитади, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари раисларининг қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисидаги, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қонунчиликни қўллаш масалалари бўйича тушунтиришлари бажарилиши ҳақидаги маърузаларини эшитади, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий суди аппарати раҳбарини тасдиқлайди ва унинг Ўзбекистон Республикаси Олий суди аппарати фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларини эшитади,Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот органининг таҳрир ҳайъати таркибини тасдиқлайди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Раёсати регламентларини тасдиқлайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ўз ваколатларига киритилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарори мажлисда иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми аъзоларининг кўпчилик овози билан очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади.Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарори Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг котиби томонидан имзоланади.Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради ва Ўзбекистон Республикаси Олий судининг расмий нашрларида эълон қилинади.
А.Тўйчиев
Дўстлик туманлараро иқтисодий
суди раиси