Жиззахда Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик мавзусида матбуот анжумани ўтказилди
Бугун Жиззах вилояти ҳокимлигининг кичик конференция залида вилоят ҳокимининг дин ва жамоат ишлари масалалари бўйича ўринбосари Латибжон Ахмаджонов иштирокида “Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик бўйича амалга оширилаётган ишлар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Матбуот анжуманини вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари – вилоят ҳокимининг матбуот котиби Акмал Бинокулов очиб берди.
Шундан сўнг, вилоят ҳокимининг дин ва жамоат ишлари масалалари бўйича ўринбосари Латибжон Ахмаджонов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги 60-сонли Фармони ҳақида тўхталиб ўтди. Шу билан бирга, 2022 йилда «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид ДАВЛАТ ДАСТУРИ тасдиқланганлигини ҳам таъкидлади.
Мазкур давлат дастури 7 та бўлим, 100 та мақсад ва 398 та банддан иборат бўлиб, бевосита жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар масалаларига таалуқли 2 та мақсадда мужассам бўлган 4 та топшириқ ва вазифалар белгилаб берилган.
Жумладан, 74-мақсад, жамиятда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш ва 82-мақсад, экстремизм ва терроризмга қарши курашишнинг самарали механизмларини шакллантириш.
Бугун, Жиззах вилоятида 6 та миллий маданий марказлар (қирғиз, тожик, қозоқ, рус, татар ва корейс) вилоят адлия бошқармасида давлат рўйхатидан ўтказилган. Барча 6 та миллий маданий марказлар Жиззах шаҳри, Ислом Каримов шоҳ кўчасида жойлашган “Дўстлик уйи” маркази биносида қулай шарт-шароитларга эга хоналарда фаолият кўрсатмоқда.
Вилоятда ксенофобия, миллий устунлик ғоялари ҳамда жамиятимиз учун ёт бўлган бошқа ғояларнинг тарқалишига қарши курашиш бўйича барча зарур чора-тадбирлар белгиланган. Бундан ташқари, турли конфессияга тегишли 8 та ноисломий диний ташкилот ва 171 та исломий масжидлар фаолият юритмоқда.
Вилоятда миллий маданий марказларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида, вилоятдаги барча 6 та миллий маданий марказлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун ҳисоб рақамларига 4,0 млн.сўмдан маблағлар ўтказиб берилди, моддий-техника воситалари (компьютер, телефон, интернет стол, стул, шкаф) ва ойлик иш ҳақи билан таъминланди, “Дўстлик уйи”га вилоят ҳокимининг “Damas” русумли автомошинаси берилди.
Вилоятдаги тегишли ташкилотлар ва муассасалар раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакилларидан иборат ишчи гуруҳи Бахмал, Фориш, Зомин, Янгиобод ва Мирзачўл туманларидаги қўшни Тожикистон ва Козоғистон Республикалари билан чегарадош ҳудудларда жойлашган 28 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари билан 56 маротаба учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилди. Ўтказилган тадбирлар натижаси аҳолидан тушган таклиф ва муаммолар (42 та) ижобий хал этиб келинди.
Вилоятимизда ҳар йили 16 ноябрь – Ҳалқаро бағрикенглик кунига бағишлаб турли миллий маданий марказлар билан ҳамкорликда давра суҳбатлари байрам тадбирлари нишонланиб келинади.
Жиззах шаҳридаги вилоят мусиқали драмма театрида “Ўзбекистон бағрикенг диёр” номи остида концерт дастури намойиш этилиб, турли миллат вакилларидан 12 нафарига Жамиятда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш, мамлакатлар ва халқлар ўртасида самимий дўстлик ришталарини боғлаш, Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги обрў-эътибори оширишдаги фаоллиги учун вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари ва қимматбаҳо совғалари тантанали топширилди. Ўтган давр мобайнида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликка бағишлаб ўтказилган маданий, маънавий-маърифий тадбирлар томошабинларга кенг намойиш этилди.
Жиззах шаҳридаги “Дўстлик уйи”да вилоятда фаолият кўрсатаётган 6 та миллий маданий марказлар, вилоят иҳтисослашган санъат мактаб интернати, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси вилоят бўлими, “Хунарманд” уюшмаси вилоят бўлими, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими билан биргаликда вилоятда яшовчи миллатларнинг бетакрор маданияти, санъати, урф-одатлари, анъаналарини акс эттирувчи қардош халқлар рассомларининг асарлари ва фотолар кўргазмаси ҳамда ижодий-дўстлик кечалари ва танловлари ташкил этилди.
Вилоятдаги 545 таумумтаълим мактаблари ва интернатларда, вилоятдаги 4 та олий таълим муассасаларида, вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси тасаруффидаги 40 дан ортиқ касб мактабларида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда 600 га яқин мавзули тарбиявий соатлар, “Миллий анъана ва удумлар” кўрик-танлови, “Миллий қўшиқ ва рақслар” кўрик-танлови, “Менинг бағрикенг дунёим” мавзусидаги “Энг яхши расм” кўрик-танлови, “Бағрикенглик менинг наздимда” мавзусидаги “Энг яхши иншо” кўрик-танловини қамраб олган “Бағрикенглик” маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.
Вилоятдаги олий таълим муассасалари ва Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда барча олий таълим муассасаларида “Биз бир мамлакатда яшаётган ягона халқмиз” мавзусида илмий-амалий ва маърифий тадбирлар, жумладан мутахассислар иштирокида давра суҳбатлари ҳамда профессор-ўқитувчилар ва талабалар ўртасида “Бағрикенглик - миллатлараро тотувлик муносабатларда инсон ҳуқуқларига риоя этишнинг асосий тамойили” мавзусида илмий мақолалар танлови ташкил этилди.
Жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона алоқаларни кучайтириш, мақсадида бугунги кунга қадар 33 маротаба учрашувлар, 12 маротаба матбуот анжумани ва “Ўзбекистон бағрикенг диёр” номи остида концерт, қардош халқлар ёзувчи, шоир ва рассомларининг бадиий асарлари кўргазмалари, турли миллатлар вакиллари иштирокидаги спорт тадбирларини ўтказилди. Тадбирларда 115 мингдан ортиқ ортиқ турли миллат вакилларидан иборат аҳоли ва ёшлар иштирок этди.
Матбуот анжумани якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати