Телефонлар:
(0372) 312-21-11
(0372) 312-14-44
» » Фирибгарлик жинояти учун жазо чоралари ва уни судда кўрилишининг айрим масалалари ҳақида

Фирибгарлик жинояти учун жазо чоралари ва уни судда кўрилишининг айрим масалалари ҳақида

01 декабрь 2022 йил
390
0
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ мулк унинг барча шаклларида дахлсиздир ва унга нисбатан ҳар қандай тажовуз қонун билан таъқиб этилади.
Бозор иқтисодиёти шароитида мулкка тажовуз қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар орасида ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилиш тариқасидаги жиноятлар ўсиши тенденцияси кузатилмоқда.
Фирибгарликда алдаш деганда, айбдор томонидан, била туриб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёлғон маълумотлар хабар қилиниши ёки иш ҳолати бўйича мулкдор, мулкнинг бошқа эгасига маълум қилиниши лозим бўлган ҳақиқий фактларни яшириш ёхуд бундай шахсларни янглиштиришга қаратилган қасддан содир этилган ҳаракатлар тушунилади.
Фирибгарликда ишончни суиистеъмол қилиш деганда, айбдорнинг мулкдор, мулкнинг бошқа эгаси ёки мулкни учинчи шахсларга бериб юбориш тўғрисида қарор қабул қилишга ваколатли бошқа шахслар билан ишончли муносабатлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиши тушунилиши лозим. Ишончга турли ҳолатлар, масалан, айбдор шахснинг хизмат мавқеи ёки унинг жабрланувчи билан шахсий ёки қариндош-уруғлик муносабатлари сабаб бўлиши мумкин.
Мулкни эгаллашга қаратилган фирибгарлик, мазкур мулк айбдор ёки бошқа шахсларнинг ғайриқонуний эгалигига ўтган ва улар ундан хоҳлаган тарзда фойдаланиш ёки тасарруф этиш реал имкониятига эга бўлган пайтдан тугалланган деб топилади. Қонунга кўра, шахс банкдаги пул маблағларини улар унинг банкдаги ҳисоб варақасига келиб тушган (ўтказилган) пайтдан бошлаб реал тасарруф қилиш имкониятига эга бўлганлиги туфайли, жиноят бу маблағлар уларни маблағ эгаси ҳисоб варақасидан алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан олган шахснинг ёки бошқа шахснинг банкдаги ҳисоб варақасига ўтказилган пайтдан тугалланган деб топиш лозим.
Ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни эгаллашга қаратилган фирибгарлик, айбдорда ўзганинг мулкига эгалик қилиш ёки тасарруф этиш учун юридик жиҳатдан тасдиқланган имконият пайдо бўлган пайтдан тугалланган ҳисобланади.
Агар ўзганинг мулкини эгаллашга нисбатан қасд айбдорда мулк қабул қилингандан кейин юзага келган бўлса, шахснинг ҳаракатлари фирибгарлик таркибини ташкил этмайди ва муайян ҳолатларни инобатга олган ҳолда ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш сифатида баҳоланади.
Агар шахс ўз зиммасига олган мажбуриятларини уни ижро этиш жараёнида айрим объектив сабабларга кўра бажара олмаса ёки ўзганинг мулкини эгаллашга нисбатан қасд мавжудлигини исботлашнинг имкони бўлмаса, бундай ҳолатлар фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низо сифатида баҳоланиб, фуқаролик, иқтисодий суд иши юритуви тартибида ҳал этилади.
Қонун талабларига мувофиқ тузилган битимлар, шартномаларга асосланган фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажармаслик ҳам, бундай ҳолда ўзгалар мулкини эгаллашда ҳуқуққа хилофлилик белгиси бўлмаганлиги туфайли фирибгарлик деб баҳоланиши мумкин эмас, чунки мулк битим, шартнома бўйича бир тарафдан иккинчи тарафга, жумладан тарафлар учун ўзаро моддий манфаатни назарда тутувчи муайян шартлар билан берилади. Агар битим, шартнома шартлари бажарилмаса, қонунга кўра бузилган ҳуқуқ фақат фуқаролик ёки иқтисодий иш юритуви тартибида тикланиши мумкин бўлиб, уларда мажбуриятлар ижросини таъминлаш учун етарли ҳуқуқий воситалар мавжуд.
Шу муносабат билан, қонун талабларига мувофиқ тузилган фуқаролик-ҳуқуқий битим, шартнома бўйича жиноят белгилари мавжуд бўлмаган барча ҳолларда, низо фуқаролик, иқтисодий ишлар бўйича суд томонидан кўриб чиқилиши лозим.
Ижтимоий тўлов, нафақа, бошқа пул тўловларини ёки бошқа мулкни тегишли қарор қабул қилишга ваколатли ижро ҳокимияти, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, муассаса ёки ташкилотларга, қонунга кўра тўловлар ёки мулкни олиш учун асос бўладиган ҳолатлар мавжудлиги тўғрисида била туриб, ёлғон маълумотлар тақдим этиш йўли билан олиш ҳам фирибгарлик хисобланади.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддасида фирибгарлик жиноятлари учун жазо чоралари белгиланган.
Унга кўра, “Фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш - базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Фирибгарлик: а) анча миқдорда; б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, - базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Фирибгарлик: а) кўп миқдорда; б) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан; в) хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда; г) ахборот тизимидан, шу жумладан ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган бўлса, - базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Фирибгарлик: а) жуда кўп миқдорда; б) ўта хавфли рецидивист томонидан; в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, - базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.

Мухаммади Жўраев

Жиноят ишлари бўйича
Мирзачўл туман судининг раиси
скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар