Телефонлар:
(0372) 312-21-11
(0372) 312-14-44
» » Қонунчиликдаги янгиликлар

Қонунчиликдаги янгиликлар

15 февраль 2023 йил
1 200
0
Қонунчиликдаги янгиликлар | NORMA.UZ
1.“Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда соҳанинг экспорт салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони (ПФ–2-сон, 10.01.2023 й.) қабул қилинди.
Фармонга кўра, газлама, трикотаж мато ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари экспорт қилувчи корхоналарни маблағ билан таъминлаш учун 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар 3 йил муддатга йиллик 4 фоиз ставкада ажратилади.
Тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарига электр энергияси истеъмоли учун бир ойлик олдиндан тўлов талаби бекор қилинади.
Соҳа корхоналарини айланма маблағ билан таъминлаш учун 2023 йил 1 апрелгача 2 йил муддатга 500 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий молиявий ташкилотлар маблағларини жалб қилиш чоралари кўрилади.
Тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари томонидан хорижда савдо уйи ва дўконини ташкил этиш учун алоҳида қарорларсиз йилига 100 минг АҚШ долларигача маблағни чет элга ўтказишга рухсат берилади.
Йил якунига қадар Андижон, Наманган ва Қашқадарё вилоятларида тўқимачиликка ихтисослашган кичик саноат зоналари ҳамда Тошкент вилоятида тўқимачилик ва чарм саноати маҳсулотларини чуқур қайта ишлашга ихтисослашган индустриал технопарк ташкил этилади.
2023 йил 1 апрелгача талаб юқори бўлган профессионал касблар (тикувчи, бичувчи, йигирувчи, механик) йўналишида дуал таълим тизимида мутахассислар тайёрлаш ва хорижий (Германия, Туркия) таълим дастурларини жорий қилиш бўйича пилот лойиҳалар Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Наманган вилоятларида амалга оширади.
2023/2024 ўқув йилидан Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида тўқимачилик саноатида талаб юқори бўлган мутахассисларни (муҳандис, технолог, дизайнер, маркетолог) тайёрлаш бўйича қўшма таълим дастурлари ишлаб чиқилади.
2.“Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–12-сон, 16.01.2023 й.) қабул қилинди.
Ихтисослашган прокурорлар корпуси фаолиятида 2023 йил 1 сентябргача “Судларда прокурор иштироки” ахборот тизими синов тарзида ишга туширилади ҳамда 2024 йилдан амалиётга тўлиқ жорий этилади.
Фармонга кўра, қуйидагилар жорий этилади:

айрим тоифадаги фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишларни кўриш ваколати маъмурий органларга ўтказилади;

айрим тоифадаги жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар қуйи инстанция судларининг ўзида якунлаш тартиби белгиланади.

Айрим йўналишларда прокурор назорати қисқартирилади, Бош прокуратура ҳузуридаги ташкилотлар штат бирликлари мақбуллаштирилади ҳамда унинг ҳисобидан Ихтисослашган прокурорлар корпуси штат бирликлари сони кўпайтирилади.

Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари суд биноларида ўтиради.


3.“Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони (ПФ–11-сон, 16.01.2023 й.) қабул қилинди.

Фармон билан 2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланди.

Стратегия доирасида судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш одил судловни таъминлашнинг вазифаларидан бири этиб белгиланди.

Фармонга кўра, судга ҳурматсизлик қилиш ҳолатларини олдини олишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш, бунинг учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш ва жиноий жавобгарлик белгилаш чоралари белгиланади.


Қуйидагилар Одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпуси этиб белгиланди:

Бош прокуратуранинг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бошқармалари;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратураларининг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўйича тегишли бўлим ва тармоқлари;

туман (шаҳар) прокурорларининг мазкур йўналишлар бўйича тегишли ўринбосари ва ёрдамчилари.

Олий Суд тизимида Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси негизида Одил судлов соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш департаменти ташкил этилади.

Шунингдек, 2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимининг ахборот сиёсати концепцияси ишлаб чиқилади.


4.Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳри марказлашган иссиқлик таъминоти корхоналарининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори (13-сон, 13.01.2023 й.) қабул қилинди.

Қарорга асосан, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Тошкент иссиқлик маркази” давлат унитар корхонаси масъулияти чекланган жамиятга айлантирилади.

2023 йил 1 февралга қадар МЧЖ устав капиталидаги улуш баланс қийматда “Иссиқлик электр станциялари” АЖга унинг устав фондидаги давлат улушини ошириш ҳисобига берилади.

МЧЖ “Тошкент иссиқлик маркази” давлат унитар корхонасининг шартномалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади. АЖ Тошкент шаҳрида аҳолига ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжлари учун ўз вақтида сифатли иссиқлик энергиясини узатиш вазифасини ҳал қилади.

2023 йил 1 мартга қадар қозонхоналарни давлат хусусий шерикчилик асосида, шу жумладан хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда босқичма-босқич реконструкция қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқилади.

Иссиқлик марказлари 2023 йил 1 июндан бошлаб босқичма-босқич “Иссиқлик электр станциялари” АЖга берилади.


5.Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантириш тизимини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори (16-сон, 14.01.2023 й.) қабул қилинди.

2023 йилдан бошлабинвестдастур мониторинги автоматлаштирилган онлайн-тизим орқали амалга оширилади.

Қарор билан  Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантириш ва амалга ошириш тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Қарорга асосан, уч йиллик инвестиция дастурини шакллантириш қуйидаги 6 та босқичдан иборат:

I босқич – 1 августга қадар инвестдастурнинг дастлабки рўйхати шаклланади;

II босқич – 10 августга қадар шаклланган рўйхат Вазирлар Маҳкамасига киритилади;

III босқич – 25 августга қадар Вазирлар Маҳкамасининг таркибий бўлинмалари лойиҳани келишишади;

IV босқич – 25 октябрга қадар вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимият органлари лойиҳа смета ҳужжатларини ишлаб чиқиб, келишишади;

V босқич – 10 ноябрга қадар якуний лойиҳа Вазирлар Маҳкамасига киритилади;

VI босқич – 1 декабрга қадар Вазирлар Маҳкамаси лойиҳани Президент Администрациясига киритади.

Қарорга мувофиқ, инвестиция дастурини мониторинг қилишнингқуйидагитартибиўрнатилди:

Лойиҳа ташаббускорлари ҳар ойнинг 5 cанасига қадар унинг ижроси бўйича маълумотларни ахборот тизимига киритишади;

Инвестиция, саноат ва савдо вазирлиги ҳар ойнинг 10 санасига қадар маълумотни Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритади.


6.Ҳукумат қарори (12-сон, 12.01.2022 й.) билан Тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг аналоглари, прекурсорлар, кучли таъсир қилувчи моддалар ҳамда валюта намуналарини экспресс текшириш жараёнида техник воситалардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Унга кўра, 2023 йил 1 июлдан тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар:


гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ҳолатни қайд этишда аниқланган модда (буюм)нинг гиёҳванд воситасига тааллуқли эканлигига шубҳа пайдо бўлганда;

аникланган модда (буюм)ни гиёҳвандлик воситаларининг қайси турига мансублиги бўйича савол туғилганда;

гиёҳвандлик воситаларининг янги турлари аниқланганда;

тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда аниқланган валюта намунаси қалбаки эканлигига шубҳа пайдо бўлганида;

тезкор-қидирув тадбирлари давомийлигини таъминлаш зарурати юзага келганда, тезкорликни амалга ошириш ҳамда тегишли вақтни тежаш мақсадида мазкур модда (буюм) ёки валюта намуналарини улар аниқланган жойнинг ўзида ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар биносида экспресс текшириш техник воситалари ёрдамида текширади.

Экспресс текшириш техник воситасидан фойдаланилган ҳар бир юқоридаги ҳолатнинг фото ва видеотасвирлари ҳисоботининг юритилишини таъминлаш мақсадида улар алоҳида йиғмажилд кўринишида 2 йил давомида сақланади.

7.“Таълим муассасалари учун матбаа маҳсулотлари хавфсизлиги талабларини белгилашнинг умумий техник регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (726–сон, 28.12.2022 й.) билан таълим муассасалари учун матбаа маҳсулотлари хавфсизлиги талабларини белгилашнинг умумий техник регламенти тасдиқланди.

Мазкур регламент фойдаланувчиларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек, истеъмолчиларнинг чалғишига олиб келувчи ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Унга кўра, умумий ўрта таълим ва ўрта махсус ҳамда профессионал таълим учун ўқув нашрларида тор ёзиладиган шрифтлар қўллаш мумкин эмас.

Шунингдек, таълим муассасалари учун матбаа маҳсулотларида газета қоғози ва ялтироқ қоғоздан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Эндиликда, ёш тоифасига қараб нашрлар:

1-4-синфлар;

5-9-синфлар;

10-11-синфларга мўлжалланади.

Нашр вазни дарсликлар учун:

1-4-синфлар учун 300 грамдан;

5-6-синфлар учун 400 грамдан;

7-9-синфлар учун 500 грамдан;

10-11-синфлар учун эса 600 грамдан ошмаслиги керак.

1-4-синфлар учун адабиётларда рангли бўёқлар, шрифтни белгилаш, чизилган шрифтлар, кўп устунли териш қўлланилмайди.

Регламент расман эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач амалга киритилади.


8.“Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институтининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–462-сон, 29.12.2022 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, Президентга ҳисобдор бўлган, давлат экспертлик илмий-тадқиқот муассасаси шаклидаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти:

Президентнинг ҳуқуқий сиёсатни шакллантириш ва амалга ошириш бўйича фаолиятини илмий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди;

қонунчилик ҳужжатларининг тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказади ва амалга оширилишини мониторинг қилади, уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.

Институтга қуйидаги соҳаларда амалий тадқиқотлар ўтказиш юклатилди:

маъмурий ислоҳотлар ўтказиш шароитида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришнинг ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш;

конституциявий ислоҳотларнинг сиёсий-ҳуқуқий устувор йўналишлари ва уни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш (давлат бошқаруви, фуқаролик жамиятини ривожлантириш);

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш босқичида уларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимини мақбуллаштириш орқали “ақлли тартибга солиш” лойиҳасини жорий этиш;

коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш.


9.“Республика ҳудудларини тоифаларга ажратиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг табақалаштирилган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони (ПФ–287-сон, 30.12.2022 й.) қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2023 йил 1 январдан:

республиканинг 208 та туман ва шаҳарлари 5 та тоифага ажратилади;

туман ва шаҳар тоифасидан келиб чиқиб, тадбиркорларга солиқ имтиёзлари, субсидиялар берилади.

2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январгача солиқ солишнинг қуйидаги табақалаштирилган тартиби жорий этилади:

5-тоифадаги туманларда рўйхатдан ўтган ва шу ҳудудларда фаолият юритадиган тадбиркорлар:

фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқни 1 фоиз;

юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини мазкур солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 1 фоизи миқдоридаги солиқ ставкалари бўйича тўлайди. Йирик солиқ тўловчилар, доимий муассаса, бюджет ташкилоти ва давлат корхонаси, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахслар эса бундан мустасно.

Шунингдек, 5-тоифадаги туманларда рўйхатдан ўтган ва шу ҳудудларда фаолият юритадиган ЯТТлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган суммаларини тўлашдан озод қилинади.

2023 йил 1 январдан:

4 ва 5-тоифадаги туманларда рўйхатдан ўтган ва шу ҳудудларда фаолият юритадиган кичик тадбиркорлик субъектларига:

банкларнинг кредит ва лизинглари бўйича унинг асосий ставкадан ошган, бироқ Марказий банк асосий ставкасининг 40 фоизидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун компенсация;

банклар кредитларининг 75 фоизигача, бироқ умумий қиймати 2,5 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик тақдим этилади.


10. “2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–813, 30.12.2022 й.) Президент томонидан имзоланди.

Қонун билан 2023 йилнинг Давлат бюджети тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Консолидациялашган бюджетининг даромадлари 2023 йилда 310,7 трлн сўмни ҳамда харажатлар 343,2 трлн сўмни ташкил этиши кутилмоқда.

2023 йилги Давлат бюджети харажатлари (давлат мақсадли жамғармаларига ажратиладиган трансфертлар билан бирга) 257,7 трлн сўмни, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 24,1 фоизни ташкил қилмоқда.

Эндиликда, таълим соҳаси харажатларига 58,4 трлн сўм, соғлиқни сақлаш соҳасига 28,4 трлн сўм, маданият соҳасига 2,5 трлн сўм, спорт соҳасига 2,3 трлн сўм ва фанни янада ривожлантириш тадбирлари учун 2023 йилда 1,8 трлн сўм йўналтирилади.

Шунингдек, 2023 йил учун Давлат бюджетида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг устувор йўналишларини молиялаштириш учун 18,1 трлн сўм ажратилади.

Шу билан бирга келгуси йилда жами 52 мингдан ортиқ даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 1,1 трлн сўм субсидиялар тўлаб берилиши кўзда тутилган.

Мазкур қонунда белгиланишича, солиқларнинг қуйидаги турлари туманлар ва шаҳарлар бюджетларига тўлиқ ҳажмда ўтказилади:

жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;

жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;

мол-мулкни ижарага беришдан олинадиган йиллик даромад тўғрисидаги декларацияга асосан жисмоний шахслар томонидан тўланадиган, шунингдек ЯТТлар томонидан тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;

сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, бундан электр станциялари томонидан тўланадиган солиқ мустасно;

норуда қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ.

Қонун 2023 йил 1 январдан кучга киради.


11.“Қишки спорт турлари бўйича республика ихтисослаштирилган спорт мактаби фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Ҳукумат қарори (3-сон, 06.01.2023 й.) қабул қилинди.

Ушбу спорт мактаби қишки спорт турлари бўйича ўқув-машқ йиғинлари, республика ва минтақавий спорт мусобақаларини ташкил этиш, хорижий мамлакатларнинг қишки спорт турлари бўйича мактаблари, клублари ва марказлари билан ҳамкорликни ривожлантириш каби вазифаларни амалга оширади.

Республика қишки спорт мактаби 2024/2025 ўқув йилидан ўз фаолиятини бошлайди ҳамда мактабдан ташқари спорт-таълим муассасаси ҳисобланади.

 Мактабни ташкил этиш ва спорт иншоотларини қуришда қишки спорт турлари (фигурали учиш, конькида учиш, шорт-трек, ҳоккей) билан ўқувчиларнинг доимий машғулот ўтказишлари учун замонавий ёпиқ муз саройи ва очиқ спорт майдони ҳамда махсус тренажёр залига эга бўлиш талаби қўйилади.

Қишки спорт турлари бўйича республика ихтисослаштирилган спорт мактаби Президентнинг 2022 йил 1 июлдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган.


12.“Маҳаллий авиақатновлар ва ички туризмни, минтақавий авиаташувларни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланганлиги муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 февралдаги 100-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (5-сон, 07.01.2023 й.) билан Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш ҳамда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган йўналишлар харажатларининг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан қайтариш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

 Унга кўра, авиаташувчиларга ички туризм, шу жумладан, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган маҳаллий йўналишларда авиа чипта нархининг 25 фоизи миқдоридаги субсидия 2026 йил 1 январгача ажратилади (илгари 2022 йил 1 июнгача эди).

Авиаташувчиларга маҳаллий йўналишлардаги авиақатновлар учун чипта нархининг бир қисмини қайтариш тартиби белгиланган


13.“Ўзбекистон таэквондо академияси ва ихтисослаштирилган таэквондо марказлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (9-сон, 10.01.2023 й.) қабул қилинди.

Мазкур қарор билан таэквондо академиясининг асосий вазифалари белгиланди.

Академия таэквондо (WT) бўйича илғор тажрибаларни ўрганади, тавсиялар ишлаб чиқади, хорижий мамлакатларнинг етакчи муассасалари билан халқаро алоқаларни ривожлантириб боради.

2023 йил 1 февралгача ҳудудларда ихтисослаштирилган таэквондо марказларини ташкил этиш учун фойдаланилмаётган бўш бинолар таэквондо (WT) ассоциациясининг ҳудудий бўлинмаларига вақтинчалик фойдаланиш учун бепул ажратилади ва улар фаолияти йўлга қўйилади.

Қарорга кўра, Таэквондо академиясига фуқаролар ва чет эл фуқаролари касбий маҳорати ва малакасини ошириш учун тўлов-контракт асосида қабул қилинади.

Президентнинг 2022 йил 29 июлдаги қарорига мувофиқ Таэквондо (WT) ассоциацияси тизимида Таэквондо академиясини ҳамда 2023-2024 йилларда ҳудудларда 14 та ихтисослаштирилган таэквондо марказларини ташкил этиш белгиланган.


14.“Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузуридаги Дипломатик академияда дипломатик лавозимларга тайинланадиган номзодларни ўқитиш, шунингдек, айрим лавозимдаги мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (8-сон, 10.01.2022 й.) Ҳукумат қарори билан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузуридаги Дипломатик академияда дипломатик лавозимларга тайинланадиган номзодларни ўқитишни ташкил этиш тартиби тўғрисидагинизом тасдиқланди.

Ушбу низом билан дипломатик лавозимларга тайинланадиган номзодларни ўқитиш тартиби белгиланди. Унга кўра, қуйидаги лавозимларга тайинлаш мақсадида кадрлар захирасига танланган шахслар (номзодлар) Дипломатик академия ўқув курсларида малака ошириш учун юборилади:

Ўзбекистоннинг Фавқулодда ва Мухтор элчиси;

Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотлардаги доимий вакили;

Бош консул, консул;

Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналардаги маслаҳатчи-вакили, маслаҳатчиси (шу жумладан, савдо-иқтисодий масалалар бўйича), биринчи котиби, иккинчи котиби, учинчи котиби, атташеси.

Мазкур ўқув курсларининг мақсади дипломатик кадрлар захираси учун танланадиган шахсларнинг касбий билим, малака ва кўникмаларини такомиллаштириш ҳисобланади. Ўқув курслари анъанавий ва масофавий шаклларда ташкил этилади.

Ўқув курслари тингловчилари ўқишни тугатгандан сўнг якуний имтиҳон топширади. Имтиҳондан муваффақиятли ўтган тингловчиларга давлат намунасидаги сертификат берилади. Дипломатик академия Президентнинг 2022 йил 23 июлдаги қароригамувофиқ ташкил этилган.

 

Ўткир ХАЛИЛОВ

Мирзачўл иуман адлия бўлими

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқни

қўллаш амалиётини ўрганиш бўлинмаси

бош маслахатчиси                     

 

Шероз ҲАЙДАРОВ

Фуқаролик ишлари бўйича

Дўстлик туманлараро судининг

судя ёрдамчиси                                                                   

 

 

 

 

 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар