Телефонлар:
(0372) 312-21-11
(0372) 312-14-44
» » Коррупция билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида

Коррупция билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида

01 февраль 2024 йил
93
0
Ҳар қандай жиноятларнинг содир этилиши ва улар учун жазо қўллагандан кўра жиноятларни олдини олган яхшироқдир. Коррупция билан боғлиқ жиноятчиликни олдини олиш бўйича ҳуқуматимиз томонидан бир қанча ишлар қилинди.
Мансабдор шахснинг ўз қўли ёки назорати остидаги шахслардан уларни хизмат юзасидан ҳимоялаш ёки қўллаб туриш, ваколати доирасига кирувчи масалаларни ушбу шахслар манфаатларини кўзлаган ҳолда ҳал килганлиги учун улардан пул маблағлари ёки бошқача бойликлар олишини пора олиш деб баҳоланади.
Бойликлар ёки хизматларни олиш шартлари олдиндан махсус келишилмаган бўлса-да, лекин жиноят иштирокчилари пора, пора берувчининг манфаатларини кўзлаб берилаётганлигини англаган ҳолларда ҳам мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари пора бериш ва олиш деб хисобланади.
Бошқа шахсга пора бериш йўли билан исталган ҳаракат ёки ҳаракатсизликка эришишни таклиф қилган шахс пора берувчи тариқасида жавобгар бўлади, пора учун келишилган ҳаракатни бажаришга келишган ва порани топширган шахс эса пора беришда иштирокчи тариқасида жавобгар бўлиши лозим. Агарда у таклифнинг моҳиятини билган ҳолда порани фақатгина тақдим этса, унинг ҳаракатига порахўрликда воситачилик тариқасида қаралади.
Жиноятни содир этишда аввалдан, яъни жиноят бошлангунча келишиб олган икки ёки ундан ортиқ мансабдор шахс иштирок этган бўлса, пора олиш бир гуpyҳ мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктирган ҳолда содир этилган ҳисобланади. Жиноят мансабдор шахслардан лоақал бири пора олган пайтдан эътиборан тугалланган деб ҳисобланади. Бунда пора олувчи шахснинг пора олишда бир неча мансабдор шахслар иштирок этаётганлигини тан олган-олмаганлигининг аҳамияти йўқ.
Тамагирлик - мансабдор шахс томонидан фуқаронинг қонуний манфаатларига зарар етказадиган хизматига доир ҳаракатларни содир этиш таҳдиди остида пора талаб қилиш ёки фуқарони унинг қонуний манфаатларига зарар келтирадиган оқибатларнинг олдини олиш учун пора беришга мажбур этадиган шароитга қасддан тушириш демакдир. Шунинг учун мансабдор шахс томонидан, масалан, камомадни кўрсатмаслик, ўқув юртларига тартиб-қоидаларни бузган ҳолда қабул қилиш, жиноят ишини ноқонуний тугатиш ва бошқа ҳолларда пора талаб қилиш ҳаракатларида товламачилик аломатлари мавжуд бўлмайди.
Одатда мансабдор шахс томонидан унга берилган мансаб ваколатлари ва ҳуқуқлардан, шунингдек, бу билан боғлиқ расмий нуфуз мақомидан, имкониятлар ва алоқаларидан ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлаб қонунчилик ва ахлоқ қоидаларига зид равишда фойдаланишини англатади. Иқтисодчи Бэрдхеннинг фикрига кўра, макроиқтисодий ривожланиш кўрсаткичига энг катта салбий тўлқинни олиб кирувчи омил айнан коррупция ҳисобланади. Унинг кўринишлари турлича бўлиши мумкин.
Тадқиқотчилар коррупциянинг асосий сабаблари сифатида тўртта омилни кўрсатадилар:
Биринчиси – иқтисодий сабаблар. Бу ҳақда, муҳтарам Президентимиз ўзларининг чиқишларида кўп маротаба сўз юритиб келади. Коррупциянинг бу кўриниши ижтимоий ва иқтисодий ҳаётни бевосита маъмурий йўл билан бошқаришга интилган ҳокимият ва бюрократиянинг мавқеи баланд бўлган давлат шароитида ривож топади. Иқтисодий фаолиятга нисбатан ўрнатилган турли хилдаги чеклашлар, амалдорларнинг кенг, назоратдан холи, чекланмаган ёки рухсат бериш, ёки тақиқлаш ваколати коррупцияга замин яратади. Шу билан боғлиқ ҳолда, йирик маблағларга эга бўлган айрим ишбилармонлар ўз даромадларини кўпайтириш мақсадида ва рақобатда алоҳида имтиёзларга эга бўлиш учун ҳукумат амалдорларини пора эвазига сотиб олиб, уларни ўз ихтиёрларига бўйсундиришга интиладилар.
Иккинчиси – ҳуқуқий сабаблар. Коррупциянинг ривожи қонунларнинг сифатига боғлиқдир. Мукаммал бўлмаган қонунлар ишламайди ва айрим уддабуронлар бундан усталик билан фойдаланадилар.
Учинчиси – институционал сабаблар бўлиб, уларга аввало, давлат бошқаруви тизимидаги нуқсонлар, демократик институтларнинг кучсизлиги, шунинг натижасида, ҳукумат фаолиятининг ёпиқлиги ёки фуқаролик назоратидан холилиги киради.
Тўртинчиси – ижтимоий сабаблар ёки жамиятдаги муҳит, аҳолининг ҳуқуқий билими, маданият даражаси, маънавияти, уюшқоқлиги ва жамоат фаоллиги пастлиги каби омиллардир.
Хулоса шундаки, коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар ана шу ҳодиса яшаб турган жамият яратган тизимнинг носоғлом яшашида намоён бўлади.
Коррупция балосидан қутулиш, ислоҳотларни унинг чангалидан озод этиш ҳақида ҳаммамиз ўйлашимиз, бунинг заруратини ҳар биримиз юрагимиздан ўтказишимиз, унга қарши қатъий курашишимиз керак. Бу кураш кундалик ҳаётимиздаги оддий ҳолатлардан бошланади.
Ҳаётда турли ҳолатларга дуч келамиз. Баъзида кўз ўнгимизда қонунлар бузилади, инсон ҳуқуқи, қадр-қиммати поймол этилади. Бундай вазиятларда чорасизликдан одамнинг боши гангиб қолади. Лекин, унутмайлик, халқимизда "Касални даволагандан кўра унинг олдини олган афзалдир" деган нақл мавжуд. Жамиятимиздаги ҳар қандай жараёнга лоқайд муносабатда бўлмаслик барчамизнинг устувор бурчимиздир, коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига қарши курашишни биз, энг аввало, ўзимиздан бошлашимиз лозим.
Давлат ходимлари ўз мансабидан фойдаланиб ушбу турдаги жиноятга қўл уришидан ёки бошқача йўл билан аралашиб қолишдан олдин чуқур мулоҳаза қилиб ўйлаб кўришлари лозим. Ва ҳолангки ҳар-қандай жиноят учун жазо муқаррар.


Мухаммади Жўраев
Жиноят ишлари бўйича
Мирзачўл туман судининг раиси
скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар