Телефонлар:
(0372) 312-21-11
(0372) 312-14-44
» » Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан Мирзачўл туман ҳокими Б.Мирзақуловнинг байрам табриги

Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан Мирзачўл туман ҳокими Б.Мирзақуловнинг байрам табриги

21 март 2024 йил
219
0
Табиат уйғониб, баҳор нафаси билан она диёримизга Наврўзи олам кириб келди.
Мана шу улуғ айём, шарқона янги йил билан сиз азизларни - Муҳтарам отахон-у ва онахонларни, мунис ва меҳрибон опа-сингилларимизни, шижоатли ёшларимизни ҳамда бутун Мирзачўл аҳлини чин юракдан самимий табриклайман.
Ушбу қутлуғ кунда Сизларга, сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, хонадонларингизга файз-у барака ва тинчлик-хотиржамлик тилаб қоламан.
Халқимизнинг кўп асрлик эзгу қадриятларини ўзида мужассам этган ушбу қутлуғ айём мустақиллик йилларида юртимизда яшаётган турли миллат ва элатларга мансуб барча ватондошларимиз учун умумхалқ байрамига айланди.
Айни шу бетакрор ва дилбар фаслда барчамиз ўзимизни яшариб кетгандек, вужудимизга янги куч-ғайрат, азму шижоат киргандек ҳис этамиз.
Неча юз йиллик анъана ва қадриятларимизни яна бир бор англаймиз ва қалбларимизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Юртимизда ажойиб байрамлар кўп, бироқ улар орасида Наврўз байрами қадимийлиги, табиатга уйғунлиги ва маъно-мазмунининг теранлиги билан бошқалардан ажралиб туради.
Кўклам айёми келиши билан аждодларимиз, ота-боболаримиз ризқу рўзини тилаб, ер ҳайдаб, далага дон сочиб, Наврўз сайилларини ўтказгани барчамизни беъихтиёр байрамона кайфиятга ундайди.
Айни шу кунларда маҳалла-кўй дошқозонлар атрофида жамулжам бўлиб, момоларимиз ва опа-сингилларимиз тунни-тун демасдан, эзгу ниятлар билан инсонга куч-қувват берадиган сумалак ва бошқа баҳорий таомларини тайёрлаб, уларни ўз оиласи ва дўст-у биродарлари билан бирга баҳам кўриши аждодларимиздан қолган анъана ҳозирги кунда ҳам ўзининг мавқеини сақлаб қолган.
Ушбу дилбар фаслда инсонларнинг бир-бирига меҳрибонлик кўрсатиши, беморларга, муҳтож бўлганларга беминнат ёрдам бериш, табаррук кексаларимизнинг дуосини олиш каби ноёб фазилатлар албатта барчанинг кўнглини юмшатади, доим яхшиликка интилишга, ўзаро меҳр-оқибатли бўлишга чорлайди.
Бу йилги “Наврўз” умумхалқ байрами мамлакатимизда “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” деган бош ғоя асосида ўтказилмоқда.
Бу айём ҳар бир хонадонда, юртимизда, қолаверса дунёда тинчлик ва осойишталик бўлишига даъват этади.
Азиз қадрдонларим!
Бугун юртимизнинг қай бир жойида бўлмайлик, ободончилик ва бунёдкорлик ишларини кўрамиз. Шу маънода, туманимизда ҳам Наврўз умумхалқ байрамини муносиб кутиб олиш ва ҳудудларда ободончилик ишларини олиб бориш мақсадида куз ойида бошланган “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида кўчат экиш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, Сиз азизларни обод юртимизни янада файзли бўлишида ўз ҳиссангизни қўшиб, ҳар бир хонадонларга дарахт экиш ва гулзорлар барпо этишга чақираман.
Ўйлайманки, муҳтарам нуроний отахону-онахонларимиз ва бободеҳқонларимиз, баҳордек гўзал аёлларимиз, мустақил юртни жондан ортиқ севадиган ёшлармиз қўллари билан экилаётган ҳар бир ниҳол бўй чўзиб, ҳалқимиз равнақи учун хизмат қилишига аминман.
Қадрли мирзачўлликлар!
Ҳозирги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган манашундай ислоҳот ва ўзгаришлар айни шу улуғ мақсадга - ҳар кунимиз Наврўз бўлишига, яъни, эл-юртимиз ҳаётининг обод ва фаровон бўлишига қаратилганини сиз, азизлар яхши биласиз.
Биз шу йўлда ўз олдимизга улкан марра ва вазифаларни қўйганмиз ва уларни сизлар билан бирга албатта амалга оширамиз.
Айни кунларда миришкор деҳқон ва фермерларимиз катта орзу-ниятлар билан янги меҳнат мавсумини бошламоқда.
Мана шу қутлуғ айём кунлари сиз бобо дехқон-у фермер хўжаликларимизга мамлакатимизнинг улкан ҳирмонига ўз хиссаларигизни қўшган ҳолда олдимиздаги режаларни уддалаб, юзларингиз ёруғ бўлишини тилаб қоламан.
Муҳтарам отахон ва онахонлар!
Мунис опа-сингиллар!
Қадрли ака-укалар!
Халқимизнинг ишончи ва таянчи бўлган навқирон ёшлар!
Ҳаммамиз учун суюкли ва ардоқли Наврўз байрами билан барчангизни яна бир бор чин дилдан табриклайман!
Наврўз ҳар бир хонадонга, бутун эл-юртимизга тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат, қут-барака олиб келсин!
Барча эзгу ният ва мақсадларимиз амалга ошсин!
Ватанимиз янада обод, халқимиз доимо омон бўлсин!
Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!
скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар