Фориш туманида туризм хизматлари сифат жиҳатдан яхшиланиб, сайёҳлар оқими тобора ошиб бормоқда
Маҳаллалар инфратузилмасида юз бераётган ўзгаришлар нафақат туман аҳлини, балки туманга ташриф буюраётган сайёҳларни ҳам қувонтирмоқда.
Ҳақиқатдан ҳам Фориш туманида туризм ва зиёрат туризмини, Айдар – Арнасой кўллар тизими атрофидаги эко, гастрономик ҳамда зиёрат туризмини ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжуд.
Жорий йилнинг ўтган ойлари давомида Фориш туманига 46 минг нафардан зиёд хорижий ва 179 минг нафардан зиёд маҳаллий сайёҳлар ташриф буюрган.
Чет эллик сайёҳларнинг асосий қисми Хитой, Жанубий Корея, Италия, Мексика, Полша, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция ва Швесария давлатлари фуқаролари ташкил этади.
Ташриф буюрувчи сайёҳларга миллий урф-одатлар, ҳунармандчилик, бетакрор табиат, хушманзара тоғлар ва адирликларида айланиш ҳамда туризм халқаси бўйлаб саёҳат қилиш завқ бағишлайди.
Кейинги йилларда Фориш туманида туризм соҳасини изчил ривожлантириш, янги туристик объектларни ишга туширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тумандаги «Дўстлик», «Ўхум», «Сайёд», «Учқулоч» маҳаллаларини босқичма-босқич туризм маҳаллаларига айлантириш мақсадида меҳмонхоналар, туризм ва хизмат кўрсатиш масканлари, туристик даволаш-соғломлаштириш мажмуаси, хостел ҳамда оилавий меҳмон уйлари бунёд этилаяпти.
Туманда 2023 йилда умумий қиймати 5 млрд сўм бўлган 2 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилди.
Бугунги кунда тоғ сўқмоқларида пиёда юриш бутун дунёда оммалашиб бораяпти. Сайёҳлар Нурота тоғ тизмаси бўйлаб сайр қилиш билан бирга, «Нурота» давлат қўриқхонасидаги парваришхонада кўпайтирилаётган архарларни томоша қилиш имкониятига эга. Шунингдек, «Нурота» тоғ тизмаларидаги қадимий петроглифлар, «Дўстлик» маҳалласи Мажрум қишлоғидаги 1 минг йиллик арча дарахти ҳам сайёҳларнинг эътиборини тортмоқда.
Бугунги кунда Фориш туманида сайёҳларнинг дам олишлари учун 31 та жойлаштириш воситалари, 9 та хостел, 4 та кемпинг, 17 та оилавий меҳмонхона уйлари ва ўтовлар ташкил этилган бўлиб, уларда сайёҳлар учун барча шарт-шароитлар яратилган.
manba: jizzax.uz