Ўз ҳаётини Ватанни ҳимоя қилишдек энг улуғ ва олижаноб ишга бағишлаган сиз, азизларни, барча халқимизни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбимдан табриклайман.
Ушбу қутлуғ айёмда барчамиз аввало ўз жанговар постида доимо ҳушёр ва сергак туриб, юртимиз сарҳадларини кўз қорачиғидек асраб келаётган мард ва жасур, содиқ ўғлонларимизни, фидойи ота-боболаримизни, ҳақиқий ватанпарвар инсонларни шарафлаб, уларнинг шаънига энг эзгу тилакларимизни изҳор этамиз.
Ана шундай ботир ва жонкуяр фарзандларни тарбиялаб вояга етказган ҳурматли ота-оналарга, ҳарбий хизматчиларимизга ўз муқаддас бурчини адо этишда ҳамиша тоғдек таянч бўлиб келаётган уларнинг оила аъзоларига чуқур миннатдорчилик билдирамиз. Армиямизнинг куч-қудрати ҳарбий хизматчилар билан бутун жамиятимизнинг бирлиги ва ҳамжиҳатлигида, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
1992 йил январда мамлакатимиз ҳудудида жойлашган барча ҳарбий тузилмалар Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий тасарруфига ўтказилди. 1993 йил 29 декабрда 14-январни Ўзбекистонда Ватан ҳимоячилари куни деб эълон қилиш ҳақидаги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди. 2017 йил 18 декабрда “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа доктринаси тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Шундан буён ҳар йили 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.
Ватанимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч, эркин ва фаровон ҳаётининг мустаҳкам кафолати бўлган Ўзбекистон Қуролли Кучлари ўтган 30 йилда ғоят мураккаб ва айни пайтда шонли шаклланиш йўлини босиб ўтди.
Айниқса, кейинги йилларда олиб борилаётган туб ислоҳотлар натижасида миллий армиямиз ҳар қандай хавф-хатарга муносиб зарба бера оладиган қудратли, тезкор ва самарали кучга айланиб бормоқда.
Мамлакатимизда ҳар йили 14 январ – Ватан ҳимоячилари куни миллий байрам сифатида катта тантаналар билан нишонланади. Бу байрам нафақат харбийларимизни, балки давлат хавфсизлиги хизмати, прокуратура, ички ишлар, миллий гвардия, фавқулотда вазиятлар сафларида хизмат қилаётган ўғлонларимиз, балки барча халқимизнинг миллий байрамидир.
Кенг кўламли ислоҳотлар туфайли юртимиз хавфсизлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга, аҳолининг тинч ва осуда ҳаётига қаратилган ҳар қандай ғаразли қарашларнинг олдини олишга қодир бўлган, ихчам, тезкор, ташкилий жиҳатдан мукаммал, замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминланган миллий армиямиз шакллантирилди.
Юртимизда ҳарбий кадрларни танлаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишлари тизимли йўлга қўйилди. Бу жараёнда соҳа учун юксак интеллектуал салоҳиятли, жисмонан бақувват ва зарур билимларни пухта эгаллаган кадрлар тайёрлаш масаласи асосий устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланди. Шу мақсадда юртимизда олий ҳарбий билим юртлари, ҳарбий йўналишдаги академик лицейлар фаолияти такомиллаштирилиб, моддий техник базаси мустаҳкамланди.
Шу фурсатдан фойдаланиб, оила қўрғонининг мустаҳкам устуни ҳисобланган барча эркакларни, туманимизга тоғдек таянч бўлиб турган мард ўғлонларимизни яна бир бор муборакбод этаман!
Дунёнинг турли минтақаларида давом этаётган урушлар, ҳарбий қарама-қаршилик ва можоралар, турли терроризм хуружлари халқаро хавфсизликка жиддий таҳдид қилаётганини ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим.
Муҳтарам Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳнамолигида хавф-хатарни ҳар томонлама тахлил этиш асосида армиямизни ислоҳ қилишнинг узоқ муддатли дастури ишлаб чиқилган ва амалиётда қўлланилмоқда.
«Асосий мақсадимиз – халқ билан армия бирдамлиги. Ҳарбий қисмлар эшиклари эл учун очиқ бўлиши керак. Миллий армиямизнинг нури, маънавияти ҳаммага етиб бориши зарур. Ёшларни бу ерга олиб келиб кўрсатиш, ўргатиш керак. Бу уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мамлакатимиз тарихи ва қудрати ҳақида билимларини бойитишга хизмат қилади. Бундан ота-оналар ҳам хурсанд бўлади», деди муҳтарам Президентимиз Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Миромонович Мирзиёев 2021 йил 11 январь куни вилоятимизга ташриф буюриб, Жиззахдаги марказий ҳарбий округ ҳамда Фориш тоғ ҳарбий ўқув полигонида ҳарбийлар билан бўлган учрашувда.
Буюк мутаффаккир бобомиз Алишер Навоий қайд этганидек, “Бу дунёда эр йигитнинг энг буюк, эзгу ва муқаддас вазифаси, аввало, ўз оиласи, Ватани ва халқини муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир”.
Униб-ўсиб келаётган ёш авлод қалбида мустаҳкам ҳаётий позиция ва Ватанимиз тақдири учун юксак масъулият туйғусини шакллантириш борасида ноёб тизим яратилиб, унинг доирасига мамлакатимиз аҳолисининг кенг қатламлари қамраб олинмоқда.
Бугунги кунда бутун мамлакатимизда бўлгани каби туманимизда ҳам «Ҳарбий Ватанпарварлик ойлиги» давом этмоқда. Амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли «Армия ва халқ – бир тану бир жон деган» олижаноб ғоя ва амалий ҳаракат барча бўғиндаги раҳбарлар, маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар, «Нуроний»лар жамоатчилик Кенгаши, таълим-тарбия муассасалари фаолиятини, кенг жамоатчилик ҳаётини қамраб олган. Бу эса, Ватан ҳимояси чиндан ҳам барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки шарафли бурчимизга айланиб бораётганидан далолат беради.
Ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси бутун Ўзбекистон халқида, айниқса, ёшларимизда миллий армиямиз билан фахрланиш туйғусини, Ватан ҳимоячисидек шарафли касбга ҳурмат-эҳтиром ҳиссини уйғотмоқда.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев таъбири билан айтганда «Ҳар бир аскар ва сержантда, офицерда, бутун шахсий таркибда миллий руҳ ва ғурур кучли бўлиши керак. Миллий руҳ, бу – енгилмас куч. Миллий руҳ кучли бўлса, ирода, жанговар салоҳият ҳам юқори бўлади. Келажакда ҳарбий бўлишни орзу қиладиган ботир фарзандларимиз миллий руҳни, муқаддас Ватан тақдири учун масъулият туйғусини қаердан олади? Ватанимиз бой тарихидан, Амир Темур каби буюк аждодларимиз жасоратидан олади. Ўз оиласи, меҳрибон ота-онаси ҳамда эл-юртимизнинг ишончи, ғамхўри ва эътиборидан олади. Ёшларга ҳамиша ўрнак ва наъмуна бўлиб келаётган сиз каби чинакам фидойи ҳарбийлардан олади».
Қадрли юртдошлар, мард ва жасур Ватан ҳимоячилари!
Сизларни ота-оналарингиз, оилангиз, бутун халқимиз билан биргаликда кенг нишонлаётган бугунги шону-шараф айёми – Ватан ҳимояилари куни билан яна бир бор табриклар эканман, сизларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, олижаноб ва масъулиятли фаолиятингизда улкан ютуқлар тилайман.
Барчангизга эл-юртимизнинг юксак меҳри ва ишончи доим ёр бўлсин.