Коррупция ҳақида – Қонун ҳужжатларида коррупция тушунчасига қуйидагича таъриф берилган: "Коррупция" – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир. Аслида, коррупция бирор мансабдор шахснинг қонунчилик ва ахлоққа зид равишда ўзининг бошқарув ваколатлари ва ҳуқуқларидан шахсий манфаатлар мақсадида фойда олишидир.
Коррупциянинг асосий сабаблари сифатида тўртта омилни кўрсатиш мумкин:
Биринчиси – иқтисодий сабаблар. Бу ҳақда, муҳтарам Президентимиз ўзларининг чиқишларида кўп маротаба сўз юритиб келади. Коррупциянинг бу кўриниши ижтимоий ва иқтисодий ҳаётни бевосита маъмурий йўл билан бошқаришга интилган ҳокимият ва бюрократиянинг мавқеи баланд бўлган давлат шароитида ривож топади. Иқтисодий фаолиятга нисбатан ўрнатилган турли хилдаги чеклашлар, амалдорларнинг кенг, назоратдан холи, чекланмаган ёки рухсат бериш, ёки тақиқлаш ваколати коррупцияга замин яратади. Шу билан боғлиқ ҳолда, йирик маблағларга эга бўлган айрим ишбилармонлар ўз даромадларини кўпайтириш мақсадида ва рақобатда алоҳида имтиёзларга эга бўлиш учун ҳукумат амалдорларини пора эвазига сотиб олиб, уларни ўз ихтиёрларига бўйсундиришга интиладилар.
Иккинчиси – ҳуқуқий сабаблар. Коррупциянинг ривожи қонунларнинг сифатига боғлиқдир. Мукаммал бўлмаган қонунлар ишламайди ва айрим уддабуронлар бундан усталик билан фойдаланадилар.
Учинчиси – институционал сабаблар бўлиб, уларга аввало, давлат бошқаруви тизимидаги нуқсонлар, демократик институтларнинг кучсизлиги, шунинг натижасида, ҳукумат фаолиятининг ёпиқлиги ёки фуқаролик назоратидан холилиги киради.
Тўртинчиси – ижтимоий сабаблар ёки жамиятдаги муҳит, аҳолининг ҳуқуқий билими, маданият даражаси, маънавияти, уюшқоқлиги ва жамоат фаоллиги пастлиги каби омиллардир.
Хулоса шундаки, коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар ана шу ҳодиса яшаб турган жамият яратган тизимнинг носоғлом яшашида намоён бўлади.
Коррупция –– бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради. Таъкидлаб ўтиш ўринлики, ушбу зарарли ҳодиса катта ва кичик, бадавлат ва камбағал бўлишидан қатъий назар, барча мамлакатларда учрайди.
Шу ўринда айтиш керакки Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман судида 2021 йил 23 июнь куни “А” ва “Б” исмли шахсларга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 28,211-моддаси 1-қисми билан суд ҳукми ўқилди.
Жиноят иши ҳужжатлари мазмунига кўра “А” ва “Б” исмли шахслар ўзаро жиноий тил бириктириб, “О” исмли шахсга иши битиши учун 800 АҚШ доллари беришини, ушбу пулларни Жиззах вилоятидаги бошлиғига бериб уни ишини битириб беришини айтади. Шундан сўнг “А” ва “Б” исмли шахслар “О” исмли шахсдан келишилган 800 АҚШ доллари пулларини Гагарин шаҳри ҳудудида олаётган вақтида Департаментнинг Мирзачўл туман бўлими ва ДХХ Жиззах вилоят бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинган.
Коррупция балосидан қутулиш, ислоҳотларни унинг чангалидан озод этиш ҳақида ҳаммамиз ўйлашимиз, бунинг заруратини ҳар биримиз юрагимиздан ўтказишимиз, унга қарши қатъий курашишимиз керак. Бу кураш кундалик ҳаётимиздаги оддий ҳолатлардан бошланади. Тўғри, ҳаётда турли ҳолатлар ва ҳаракатларга дуч келамиз. Жамиятимиздаги ҳар қандай жараёнга лоқайд муносабатда бўлмаслик барчамизнинг устувор бурчимиздир. Коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига қарши курашишни биз, энг аввало, ўзимиздан бошлашимиз лозим.
Жўраев Мухаммади Мухитдинович
Жиноят ишлари бўйича
Мирзачўл туман судининг раиси