Жорий йилнинг 14 февраль куни туманимизда Афғонистонда экстремизмга қарши ҳарбий ҳаракатларнинг тугатилганлигининг 33 йиллиги ҳамда Ўзбекистон “Veteran” бирлашмаси ташкил топганлигининг 28 йиллигини нишонлаш юзасидан байрам дастури ташкил қилинди.
Дастлаб тадбир туманимизда муҳташам қад ростлаган мотамсаро она ҳайкали пойига гул қўйиш маросимидан бошланди. Бир гурух Афғон уруши қатнашчилари, фахрийлар ва туман фаоллари, ёшлар билан биргаликда бир зумга ўтганлар хотирасини ёдига сукут сақлашди.
Тадбирни туман ҳокимининг ўринбосари М.Исроилов очиб берди.
Тадбирда Мирзачўл туман жангчи-фахрий ва ногиронлари бўлими раиси П.Байзаков ҳамда ўринбосари З.Усмановвлар сўзга чиқиб ушбу бирлашманинг туман бўлими томонидан ёшлар ўртасида ватанпарварликни тарғиб қилиш, тинчликнинг қадрига етиш туйғуларини кучайтириш, турли хил ёт ғоя ва иллатларнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар, амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтди ва барчани бирдамликка, аҳилликка чақириб, муҳтарам юртбошимиз томонидан фахрийларга қўйилаётган долзарб вазифалардан бири ҳам шулар эканлигига алохида тўхталиб ўтди. Шунингдек, бир неча фаоллар, уруш қатнашчилари сўзга чиқишиб, ўша машъум кунларни, йўқотган дўстларини, кечган ғам аламларини хотирлашди ва бу кунлар қайтиб келмаслигини, абадул абад тинчлик ва хотиржамликда яшаш насиб этишини, келажакда ҳам юртимизда, бутун дунёда тинчлик ҳукм суришини астойдил ният билдириб ўтдилар.
Шундан сўнг Алпомиш кураш саройида туман Болалар ўсмирлар спорт мактаби билан биргаликда байрам тадбири муносабати билан Юнон рум кураши бўйича туман ёшлари ўртасида Хотира турнири туман биринчилиги бўлиб ўтди. Биринчиликда фаол иштирок этган спортчи ёшлар ҳамда ғолиблар туман ҳокимининг, Маҳалла хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси, туман жангчи-фахрий ва ногиронлари бўлимининг фахрий ёрлиқлари, бир қатор ҳамкор ташкилотларнинг эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.
Тадбир тумандаги фахрийлар учун туман ҳокими томонидан ёзилган “Юлдуз” кафесида бир пиёла чой устидаги дастурхонда дилдан суҳбат, тушлик билан якунланди. Унда Афғон уруши қатнашчилари ўтган даврларини хотирлашиб, эслашиб, бир-бирларининг дийдорига тўйишди. Шунингдек ушбу ажойиб кунни ташкил қилиб барчасини эътибор ва эътирофга олган туман ҳокимига ва бошқа ҳамкорларга миннатдорчилик билдишди. Тадбир ажойиб ва мазмунли бўлиб ўтди.
Мирзачўл туман ҳокимлиги
Ахборот хизмати