Огоҳликка даъват!
Ёшларимиз интернетдан эркин фойдаланишади ва уларнинг аксарияти онлайн ўйинларга қизиқади. Болаларни бир зумда ўзига тортувчи ва боғлаб қўювчи хорижий онлайн ўйинларнинг кўпи пулли. Дейлик, бир соатлик ўйин – 2 WMZ. Электрон пул сотувчилар болаларнинг шу нозик жойидан ушлаб, уларга WMZ сотиб олишни ва «даҳшатли» онлайн ўйинлар ўйнашни таклиф қилади. Аммо болада бунча пул нима қилсин? У қармоққа илингач, фирибгарлар унга ота-онасининг пластик картасидан қандай қилиб тўловни амалга оширишигача телеграм орқали ўргатиб туришади.
Интернетдан осон пул топиш — дарҳол қизиқтириб қўядиган алдамчи таклиф. Аниқроғи — ишонувчан кишиларни фирибгарлар қармоғига илинтирадиган хўрак. Ёшлар ўртасида жудаям оммалашиб кетган «Инстаграм» ижтимоий тармоғи орқали пул топишни таклиф этаётган «уддабурон»лар қисқа вақт ичида ўз пулларини бир неча бараварга кўпайтиришганини «реклама» қилишади. Шунча зўр пул топишаётган экан, нега жимгина шу ишини давом эттиравермайди? Нега бошқаларга бу усулни шунчаки ўргатмоқчи бўлади? Бундан унга манфаат йўқ деб ўйлайсизми? Унга ишониб, у айтган жойга пул ўтказиб берганлар бир муддатдан кейин бу пулини топа олмаслиги аниқ. Пулига қўшиб, фирибгарни ҳам топа олишмайди.
Интернетдан осон пул топишга қаратилган таклифлар шунчалик хилма-хилки, нафақат фирибгарликдан азият чекиш ва моддий зарар кўриш, балки ёшларнинг, болаларнинг турли онлайн ўйинлар асирига айланиб қолиши, онлайн-букмекерлик кантораларига пул тикиб, қиморбозликка ружу қўйиши каби аянчли ҳолатлар юзага келади.
Тармоқдаги ҳар қандай таклифларга ишонувчан бўлмаслик, айниқса, болаларнинг қандай онлайн тизимлардан фойдаланаётгани, мессенжер ёки ижтимоий тармоқларда кимлар билан мулоқот қилаётганини назорат қилиб туриш керак. Онлайн-дўконлардан харид қилишда, пластик карталарни турли тизимлардан рўйхатдан ўтказишда, умуман, электрон тўловлар билан боғлиқ барча ҳолатларда эҳтиёткор бўлиш зарар қилмайди.
Фирибгарларнинг тузоғига тушмаслик учун умумий белгиларни эслаб қолиш зарур:
қўнғироқ ёки СМС-хабар яширин ёки бегона рақамлардан келади;
зудлик билан қарор қилишга ундаш, «тезроқ», «ҳозироқ», «кейин тушунтираман», «тезроқ керак» каби сўзлар билан саросимага солишга уринишади;
телефон орқали фирибгарлик қилувчи шахслар ўзларини жуда ишончли тутиб, босим ўтказиши ёки аксинча мулойимлик билан ва бошқа турли усуллар ёрдамида мижозни ўзига ишонтиришади. Бунда уларнинг асосий мақсади – мижозни шубҳалантирмаслик ҳамда фикрлаш учун фурсат қолдирмасдан шошилинч қарор қабул қилишга ундашдир;
муайян саволлар берганингизда аниқ жавобнинг йўқлиги ёки чалкашлик ҳолати кузатилади;
паспорт маълумотлари, карта рақами билан унинг амал қилиш муддатини, сизга жўнатилган тасдиқловчи кодни ёки бошқа шахсий маълумотларни сўрашади (эслаб қолинг, аслида картага пул ўтказиш учун фақатгина карта рақамини билиш етарли).
«Танловда ғолиб бўлдингиз» каби турли қизиқтирувчи хабарлар йўллаб, совринлар, қулай тарифлар, совғалар таклиф этган ҳолда улар учун «қўшимча тўловлар», «гаров пули қўйиш» ёки бошқа йўллар билан пул ўтказишни сўраш – телефон орқали қўлланиладиган фирибгарлик белгиларидан.
Aгар фирибгарлик ҳолатларидан гумонингиз бўлса, дарҳол сизга хизмат кўрсатувчи банкка телефон орқали ёки ёзма мурожаат қилинг ва ҳолат ҳақида хабар беринг. Қайси телефон рақамидан қўнғироқ бўлгани, мурожаат қилган шахс ўзини ким деб таништиргани ва қандай маълумотларни сўрагани бўйича батафсил маълумот йўлланг.
Ҳеч қачон телефонингизга келган банк карталари билан боғлиқ бир марталик юборилган СМС-кодни, тижорат банклари, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларининг мобил иловаларига кириш ҳуқуқини берувчи логин ва паролларни ҳеч қандай шахсларга айтманг. Улар сиздан олган маълумотлар (СМС-код, логин ва парол) орқали банк картангиздаги пул маблағларини кўчириб олиш ёки сизнинг рухсатингизсиз бошқариш имконини қўлга киритади.
Огоҳ ва ҳушёр бўлинг! Фирибгарлар макрига алданиб қолманг.
Мирзачўл туман ҳокимлиги Ахборот хизмати
Улуғбек СИДДИҚОВ
Мирзачўл туман Юридик марказ
бош юрисконсульти