Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Аҳолига ҳуқуқий ахборотни етказиш ва юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига кўра Адлия вазирлиги ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг “Мадад” ННТни ташкил этиш тўғрисида таклифларига биноан Республикамизда “Мадад” муассаса шаклдаги нодавлат нотижорат ташкилоти ташкил этилган эди.
Биз “Мадад” муассаса шаклдаги нодавлат нотижорат ташкилотининг Жиззах вилоят Мирзачўл тумани ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутахассиси Эркабоев Шавкат Муҳаммедович билан ушбу ННТнинг мақсад ва вазифалари юзасидан суҳбатлашдик.
Савол: Айтингчи Шавкат Муҳаммедович, “Мадад” муассаса шаклдаги нодавлат нотижорат ташкилоти ҳукуматимизнинг қайси норматив ҳужжатига асосан қачон ташкил этилган?
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 ил 6 сенябрдаги “Аҳолига ҳуқуқий ахборотни етказиш ва юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 741-сон қарорига асосан, “Мадад” - муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти, ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, туман (шаҳар)ларда уларнинг ҳуқуқий маслаҳат бюролари ташкил этилган.
Савол: “Мадад” муассаса шаклдаги нодавлат нотижорат ташкилотининг асосий вазифалари нималардан иборат?
- “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилотининг асосий вазифалари қуйидагилар:
- фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича шу жумладан, онлайн маслаҳатлар ва тушинтиришлар бериш йўли билан бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш;
- фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда ошириб бориш ишларига кўнгиллиларни сафарбар қилиш;
- фуқаролар томонидан ҳуқуқий маслаҳат беришга оид сўровларни таҳлил қилиб бориш, таҳлил натижасига кўра ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
- аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда инновацион усулларни, хорижий давлатларнинг бу борадаги ижобий тажрибаларини татбиқ этиш;
- Advice.uz (e-maslahat.uz) ҳуқуқий ахборот порталининг мунтазам равишда юритилиши ва янгилаб борилишини таъминлашдан иборат.
Савол: Жумладан, Мирзачўл туман ҳуқуқий маслаҳат бюроси қайси норматив ҳужжатларга асосан фаолият юритади?
- Ҳуқуқий маслаҳат бюролари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Аҳолига ҳуқуқий ахборотни етказиш ва юрдик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 741-сон қарори, шунингдек, муассасанинг Низоми ва бошқа қонунларга асосан фаолият юритади.
Суҳбатлашди:
Хуршида Шербекова.
"Мирзачўл овози" газетаси мухбири