Солиқ текширувлари солиқ тўловчилар, йиғимларни тўловчилар ва солиқ агентлари томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назорат қилиш мақсадида ўтказилади.
Солиқ текшируви солиқ тўловчи тўғрисида солиқ органларида мавжуд бўлган маълумотларни ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси солиқ кодексининг 137-моддасига кўра, Солиқ органлари солиқ текширувларининг қуйидаги турларини ўтказади:
Камерал солиқ текшируви — камерал солиқ текшируви солиқ тўловчи (солиқ агенти) томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботини, молиявий ҳисоботни, шунингдек солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисида солиқ органида мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар ҳамда маълумотларни таҳлил қилиш асосида солиқ органи томонидан ўтказилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Солиқ органлари камерал солиқ текшируви ўтказилиши бошлангунига қадар текширувдан олдинги таҳлилни ўтказиши мумкин.
Текширувдан олдинги таҳлил — тақдим этилган солиқ ҳисоботини ва солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисидаги бошқа ахборотни солиқ органлари томонидан ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда, солиқ тўловчининг иштирокисиз ўтказиладиган автоматлаштирилган таҳлилдир.
Текширувдан олдинги таҳлил солиқ органи раҳбарининг (раҳбар ўринбосарининг) буйруғисиз амалга оширилади.
Агар текширувдан олдинги таҳлил чоғида солиқ органи томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботида солиқ органида мавжуд бўлган маълумотлар билан тафовутлар ва (ёки) хатолар аниқланса, солиқ тўловчига солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали солиқ ҳисоботига тегишли тузатишлар киритиш тўғрисидаги хабарнома юборилади.
Солиқ тўловчи тегишли тузатишлар киритиш тўғрисидаги хабарнома олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ёки аниқланган тафовутларнинг асосномасини тақдим этиши шарт. Бундай мажбуриятнинг бажарилмаганлиги солиқ органи томонидан солиқ тўловчида камерал солиқ текширувини тайинлаш учун асос бўлади.
Текширувдан олдинги таҳлил аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи ёки аниқланган тафовутлар асосномаси солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган ёхуд камерал солиқ текшируви тайинлаган санадан эътиборан якунланган ҳисобланади.
Камерал солиқ текшируви солиқ органи раҳбарининг (раҳбари ўринбосарининг) буйруғи асосида ўтказилади. Буйруқда солиқ тўловчининг номи ва идентификация рақами, текширувчи шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими, текширувни ўтказиш муддатлари, текширилаётган давр, текширилаётган солиқлар ва йиғимларнинг турлари кўрсатилади.
Камерал солиқ текшируви ушбу Кодекснинг 88-моддасида белгиланган даъво муддати ўтмаган солиқ даврларига нисбатан ўтказилиши мумкин.
Камерал солиқ текшируви жараёнида солиқ органи солиқ тўловчидан (солиқ агентидан, учинчи шахсдан) ҳисобга олиш ҳужжатларини, тақдим этилган солиқ ҳисоботига ва ҳисобга олиш ҳужжатларига доир тушунтиришларни, шунингдек солиқ ҳамда йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш билан боғлиқ бошқа ахборотни ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда сўраб олиши мумкин.
Сўралган ҳужжатлар ва тушунтиришлар солиқ органига тегишли сўров олинган кундан эътиборан беш кун ичида тақдим этилиши керак. Сўралган ҳужжатларни тақдим этиш муддати солиқ тўловчининг ҳужжатлар тақдим этиш учун сабаблари ва зарур бўлган муддатлари кўрсатилган аризасига кўра солиқ органи томонидан узайтирилиши мумкин.
Агар солиқ тўловчи камерал солиқ текшируви тугагунига қадар ушбу Кодекснинг 83-моддасида назарда тутилган тартибда ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси ўзгартирилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этса, камерал солиқ текшируви тақдим этилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ҳисобга олган ҳолда ўтказилади.
Агар ўтказилган камерал солиқ текшируви якуни билан тақдим этилган солиқ ҳисоботида тафовутлар ва (ёки) хатолар аниқланган бўлса, солиқ органи солиқ тўловчига ушбу Кодексда белгиланган тартибда солиқ ҳисоботларига тузатишлар киритиш талабномасини юборади.
Солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиш ҳақида талабнома юборилган сана камерал солиқ текшируви тугатилган сана ҳисобланади. Агар ўрганиш ва таҳлил қилиш якунларига кўра тафовутлар ва (ёки) хатолар аниқланмаган бўлса ҳам камерал солиқ текшируви якунланган ҳисобланади.
Солиқ тўловчи тузатишлар киритиш тўғрисидаги талабнома олинган кундан эътиборан беш кун ичида тегишли солиқлар ва йиғимлар бўйича аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ёхуд тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган ҳолда аниқланган тафовутларнинг асосномасини ушбу Кодексда белгиланган тартибда тақдим этиши шарт.
Солиқ тўловчи солиқ органининг тегишли талабномасида кўрсатилган, аниқланган тафовутларнинг асосномаси сифатида солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг хулосасини тақдим этишга ҳақли. Солиқ тўловчининг номидан бундай асосномани солиқ маслаҳатчилари ташкилоти солиқ тўловчи билан тузилган шартнома асосида мустақил равишда тақдим этиши мумкин.
Солиқ тўловчининг тақдим этган асосномаси тегишли ҳужжатлар (асосномалар) олинган кундан эътиборан ўн беш кун ичида солиқ органининг раҳбари (раҳбари ўринбосари) томонидан кўриб чиқилади.
Аниқланган тафовутлар бўйича тақдим этилган асосномаларига тўлиқ ёки қисман розилик берилган тақдирда, солиқ органи илгари юборилган талабнома бекор қилинганлиги тўғрисидаги билдириш хатини ёхуд солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиш тўғрисидаги аниқлаштирилган талабномани солиқ тўловчига юборади.
Агар солиқ тўловчи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этмаса (шу жумладан аниқлаштирилган талабномадан кейин), ёхуд аниқланган тафовутлар бўйича асосномаларни тақдим этмаса, ёки у тақдим этган асосномалар етарли эмас деб топилса, солиқ органи солиқ тўловчига солиқ аудитини тайинлашга ҳақли.
Агар солиқ (ҳисобот) даври учун солиқ мониторинги ўтказилаётган бўлса, бундай давр учун камерал солиқ текшируви ўтказилмайди. Мазкур қоида солиқ мониторинги муддатидан олдин тугатилганда қўлланилмайди.
Ушбу моддада назарда тутилган қоидалар, агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, зиммасига солиқ ҳисоботини тақдим этиш бўйича мажбурият юклатилган солиқ агентларининг ва бошқа шахсларнинг камерал солиқ текширувларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплашга нисбатан камерал солиқ текшируви солиқ тўловчи томонидан солиқ даври учун солиқ ҳисоботи тақдим этиш чоғида солиқ органлари қўшилган қиймат солиғининг салбий суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) тўғрисида хабардор қилинган кундан эътиборан олтмиш кун ичида солиқ органининг буйруғисиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади. Қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплашга нисбатан камерал солиқ текшируви натижаларига кўра солиқ ҳисоботига ўзгартишлар киритиш ҳақидаги талабнома ёзиб берилмайди.
Қўшилган қиймат солиғи суммасини қоплашга нисбатан камерал солиқ текшируви натижаларига кўра солиқ органлари ушбу суммани қоплаш тўғрисидаги қарор ёхуд уларни қоплашни рад этиш (тўлиқ ёки қисман) тўғрисидаги асослантирилган қарор қабул қилади.
Камерал солиқ текшируви ўтказиш тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Сайёр солиқ текшируви — солиқ органлари томонидан солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш соҳасида солиқ тўловчиларнинг айрим мажбуриятларини, шунингдек, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятларини бажариш бўйича ўтказиладиган текширув бўлиб, унда ҳисобга олиш ҳужжатларининг, товар-моддий қимматликлар ва пул маблағлари ҳаракатининг, шунингдек, солиқ тўловчининг фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа ахборотнинг таҳлили ўтказилади.
Сайёр солиқ текширувини ўтказиш учун қуйидагилар асос бўлади:
солиқ хавфини бошқариш тизими орқали аниқланган, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш хавфи мавжудлиги;
жисмоний ёки юридик шахсларнинг солиқ ёхуд валюта тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатлари, шу жумладан, товарлар ва хизматларнинг нархини асоссиз ошириб юбориш ҳолатлари тўғрисида, йўловчиларни енгил автотранспорт воситалари билан ташиш бўйича ноқонуний тадбиркорлик фаолияти;
оммавий ахборот воситаларида солиққа ва валютага оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинганда;
ўтказилаётган камерал солиқ текширувини холисона амалга ошириш мақсадида қўшимча маълумотлар олиш зарурати юзага келганда;
қўшилган қиймат солиғи тўловчиларини солиқ органларида қўшилган қиймат солиғи бўйича махсус рўйхатдан ўтказиш жараёнида қўшимча солиқ назорати тадбирларини ўтказиш зарур бўлганда;
валюта операциялари амалга оширилишининг асосланганлиги юзасидан мониторинг олиб бориш жараёнида солиқ органи юборган сўровномага солиқ тўловчи томонидан ҳужжатлар ёки ахборот тақдим этилмаган ёхуд тўлиқ тақдим этилмаганда;
суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек, бошқа давлат органлари ва ташкилотларидан солиқ ва валютага оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида далолат берувчи ахборот тушганда.
Сайёр солиқ текширувларини ўтказиш чоғида солиқ органлари профилактика тадбирларини ва хронометраж кузатувларини амалга оширишга, назорат-касса техникаси ва тўлов терминаллари қўлланилишини текширишга ва солиқ назоратининг бошқа тадбирларини ўтказишга ҳақли.
Сайёр солиқ текшируви ўн кундан кўп бўлмаган муддатда ўтказилади.
Сайёр солиқ текшируви солиқ органи раҳбарининг (ўринбосарининг) буйруғи асосида ўтказилади.
Сайёр солиқ текширувини ўтказиш тўғрисидаги буйруқда солиқ тўловчининг номи, текширувчи шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ҳамда лавозими, текширувларни ўтказиш муддати ва мақсадлари, Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимидаги рўйхатга олиш рақами кўрсатилади.
Давлат рўйхатидан ўтмасдан, ноқонуний фаолият юритаётган жисмоний шахслар фаолияти бўйича сайёр солиқ текшируви ўтказиш тўғрисидаги буйруқда солиқ тўловчининг номи ва Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимидаги рўйхатга олиш рақами кўрсатилмайди.
Агар сайёр солиқ текширувида солиқ органининг икки ёки ундан ортиқ текширувчи мансабдор шахслари қатнашганда, буйруқда фамилияси биринчи кўрсатилган текширувчи текшириш жараёнини бошқариш ва натижаларини умумлаштиришга жавобгар шахс ҳисобланади.
Сайёр солиқ текширувини тайинлаш тўғрисидаги буйруқда кўрсатилган сана ушбу текширувни ўтказиш муддатининг бошланиши деб ҳисобланади.
Сайёр солиқ текширувининг бошқа солиқ текширувларидан фарқли жиҳати шундаки, сайёр солиқ текшируви натижаларига кўра солиқ органлари томонидан солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаш амалга оширилмайди.
Сайёр солиқ текширувларини ўтказиш чоғида қуйидаги солиқ назорати тадбирларини ўтказишга ҳақли:
Солиқ аудити – солиқ органлари томонидан солиқ тўловчининг муайян давр учун солиқлар ва йиғимларнинг ҳисобланиши ҳамда тўланашининг тўғрилигини текшириш мақсадида, унинг бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳамда бошқа ҳужжатларини ўрганиш ва таққослашдир. (Солиқ кодекси 140-моддаси)
Солиқ аудити Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 январдаги 1-сон қарори билан тасдиқланган “Солиқ хавфини бошқариш, солиқ хавфи мавжуд солиқ тўловчиларни (солиқ агентларини) аниқлаш ва уларни солиқ хавфи даражаси бўйича тоифалаш тартиби тўғрисида”ги, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2020 йил 18 майдаги 2020-17-сон қарори билан тасдиқланган “Солиқ аудитини ўтказиш тўғрисида”ги Низомлар асосида ўтказилади.
Ихтиёрий равишда тугатилаётган тадбиркорлик субъектлари ва якка тартибдаги тадбиркорларда солиқ аудити Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 августдаги 704-сон қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан амалга оширилади.
Болиев Шарофиддин
Жиззах вилоят маъмурий
суди судьяси