Мамлакатда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни тизимли давом эттириш, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чоралари тўғрисида” ПФ-87-сонли Фармони имзоланди.
Мазкур фармонга асосида 2022 - 2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур ва 2022 - 2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастурни 2022-2023 йилларда амалга оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
2022 йил 1 сентябрдан бошлаб бюджет ташкилотларидан ташқари барча юридик шахсларда охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга ҳар ой учун минимал истеъмол харажатлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланади.
Шунингдек, хотин-қизларга таълим олишлари учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг илмий салоҳияти ва малакасини тизимли ошириб боришни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб, олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда, шу жумладан сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқиётган хотин-қизларнинг таълим контрактларини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредитларини молиялаштириш мақсадида тижорат банкларига Давлат бюджетидан ҳар йили 1,8 триллион сўм ресурс маблағлари йўналтирилади.
Давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловларини қайтариш шартисиз қоплаш мақсадида, Давлат бюджетидан ҳар йили камида 200 миллиард сўм молиялаштирилсин. 2022 йил 1 сентябрга қадар давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичига тўлов-контракт асосида қабул қилинган ва таълим олаётган хотин-қизларнинг давлат олий таълим муассасалари кесимида рўйхатини шакллантирилади ҳамда 2022 йил 1 октябрга қадар контракт тўловларини қоплаб берилади.
Бундан ташқари, хорижий олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим дастурлари бўйича — 50 нафар, магистратура таълим дастурлари бўйича - 10 нафар хотин-қизларга ҳар йили «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали қўшимча грантлар ажратиб борилади. Ҳар йили Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг (кейинги ўринларда — Қўмита) тавсияларига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан 150 нафардан жами 2 100 нафар ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг таълим контрактлари маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қайтариш шартисиз қоплаб борилиши йўлга қўйилади.
Мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажига эга, лекин олий маълумотга эга бўлмаган 500 нафар хотин-қизларни ҳар йили Қўмита тавсияномаларига асосан давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига умумий қабул параметрларидан ташқари алоҳида тест синовлари натижаларига мувофиқ тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш амалиёти жорий этиладии. Давлат илмий ташкилотлари ёки олий таълим муассасалари докторантурасига хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратиб борилади.
Шунингдек, 2022 йил 1 апрелдан бошлаб, боқувчисини йўқотган хотин-қизларнинг, фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотларига тўланадиган ота-оналар бадалидан озод қилиниши, 3 ёшгача бўлган фарзандлари учун нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига Давлат бюджетидан субсидиялар белгиланган тартибда ажратилиши, тўлиқ қувват билан ишламаётган давлат мактабгача таълим ташкилотларига 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган болаларни пуллик хизмат кўрсатиш шаклида қабул қилишга рухсат берилиши ва кечки сменада хотин-қизлар ишлайдиган корхона ва ташкилотлар ўз ҳузурида мактабгача таълим ташкилотини ташкил қилганда, улардаги тарбиячиларнинг иш ҳақи Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилгиланган.
Бундан ташқари, 2022 йилда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан юқори технологик тиббий ёрдамга муҳтож хотин-қизлар учун Давлат тиббий суғуртаси жамғармасига қўшимча - 100 миллиард сўм, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни реабилитация воситалари билан таъминлаш учун Тиббий ва ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигига қўшимча - 17 миллиард сўм, барча туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари таркибидаги «Онко-назорат» («Cancer - назорат») аёллар кўрик хоналарини тиббий асбоб-ускуналар ва тиббий воситалар билан жиҳозлаш учун - 20 миллиард сўм, 9 - 12 ёшдаги 815 минг нафар ўсмир қизларни одам папилломаси вирусига қарши ҳамда 12 турдаги вакциналар билан эмлаш учун - 200 миллиард сўм ажратилишини таъминлаш белгиланган.
Фармонда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордер суд томонидан бир йил муддатгача берилишини белгилаш, чет эл фуқароси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида алимент мажбуриятларини бажармаганлик учун судланган ёки маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, унга нисбатан Ўзбекистон Республикасидан чиқариб юбориш ва Ўзбекистон Республикасига кириш ҳуқуқини чеклаш бўйича мажбурлов чораларини қўлламаслик, аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаганлик учун жавобгарликни кучайтириш, яқин қариндоши бўлган хотин-қизга қасддан тан жароҳати етказганлик учун жавобгарликни кучайтириш, шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи, шаъни ва номусини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарликни белгилаш, икки ойдан ортиқ муддат мобайнида моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаган шахсга нисбатан ҳақ тўланадиган жамоат ишларига ёки бошқа ишга мажбурий жалб қилиш тарзидаги маъмурий ҳуқуқбузарликка оид жазо турини белгилаш вазифалари қўйилган.
О.Эргашев
Дўстлик туманлараро иқтисодий
суди судьяси