Конституциявий қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 60 дан ортиқ моддаларига 200дан ортиқ тузатишларни назарда тутмокда. Конституцияга ўзгартишлар "инсон-жамият-давлат" принципига асосланган бўлиб, миллий конституциявий ўзликни акс эттиради ва амалдаги Конституциямизнинг барча бўлимларига туб ўзгартишлар киритишни назарда тутади.
Таъкидлаш лозимки, Конституциявий тузатишлар, авваламбор, жамиятнинг турли ижтимоий қатламларига мансуб бўлган фуқароларнинг шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий ва экологик ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлашга, ҳимоя қилишга қаратилган тўғридан-тўғри ишлайдиган нормаларга айланади.
Эътибор берайлик! Ўзбекистон ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий демократик давлат эканлиги белгилаб қўйилмоқда. «Инсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади» эканлиги белгиланмоқда.
Киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар аввало "инсон қадри учун"деган тамойилни рўёбга чиқаришга қаратилган:
Жумладан Конституцияга киритилаётган ўзгартиришларда бирига тўхталиб ўтмоқчимиз.
Амалдаги Конституциямизнинг IX боби. Иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар деб номланган бўлиб, янги лойиҳага 9-бобнинг номи ўзгартирилиб, фуқароларнинг маданий ва экологик ҳуқуқлар ҳам киритилмоқда
Конституциямизнинг 40-моддасида Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган бўлиб, янги таклиф этилаётган лойиҳада қуйидагилар назарда тутилмоқда:
- Ҳар ким соғлиғининг муҳофаза қилиниши ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
- Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг қонунда белгиланган ҳамда тез ва шошилинч тиббий ёрдамни ҳам ўз ичига оладиган кафолатланган ҳажмини бепул олишга ҳақли.
- Давлат соғлиқни сақлашнинг давлат, хусусий ва бошқа тизимларини ривожлантириш, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш,
- тиббий суғуртанинг турли шаклларини ривожлантириш учун шарт шароитлар яратиш бўйича зарур чоралар кўради.
Давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва ҳимоя қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.
Давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини ҳимоя қилиш ва тиклаш, уни ижтимоий, иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожлантириш бўйича зарур чоралар кўради».
Таҳлилй нуқтаи назардан ёндошсак, 40-модда фуқароларга тиббий ёрдамни кафолатланган ҳажмини бепул олишга ҳақли эканлиги, тиббий суғуртани ривожлантиришдаги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишдаги давлатнинг роли ҳақидаги нормалар киритилди. Энг асосийси, 40-моддага узвий боғланган тарза 401-модда киритилмоқда.Ушбу моддада Ҳар ким соғлом ва қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати ҳақидаги ҳаққоний ахборотга эга бўлиш ҳамда ўз соғлиғига ёки мол-мулкига экологик ҳуқуқбузарлик туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ҳуқуқига эга эканлиги белгиланмоқда.
Яъни Конституциямизда фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари белгиланиб, экологик ҳуқуқбузарлик туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ҳуқуқига эга эканлиги ҳақидаги норма билан тўлдирилмоқда.
✍️Ойбек ЙЎЛДОШЕВ