Хизмат бурчини бажариш деганда, шахснинг ўз хизмат (меҳнат) вазифалари доирасига кирадиган ҳаракатлари, фуқаролик бурчини бажариш деганда эса, фуқаро томонидан унинг зиммасига қонун билан махсус юклатилган мажбуриятларнинг амалга оширилиши, шунингдек, бошқа ижтимоий фойдали ҳаракатлар содир этилиши (ҳуқуқбузарликнинг олдини олганлиги, содир этилган ёки тайёрланаётган жиноят тўғрисида ёхуд қидирилаётган шахс турган жой ҳақида ҳокимият органларига хабар берганлиги, гувоҳ ёки жабрланувчи сифатида шахснинг жиноят содир этганлигини фош этувчи кўрсатувлар берганлиги ва ҳ.к.) тушунилади.
Хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилига ёки фуқаролик бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ ҳолда уни қасддан ўлдириш ЖК 219-моддасининг тегишли қисмида ҳамда 97-моддаси иккинчи қисмининг «г» бандида назарда тутилган жиноятлар мажмуи бўйича квалификация қилинади.
Безорилик ҳаракатлари давомида айбдор жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариб турган ҳокимият ёки жамоатчилик вакилига ёхуд безорилик ҳаракатларининг олдини олиш (тўхтатиш) чорасини кўрган бошқа фуқароларга фаол қаршилик кўрсатса, шу жумладан, уларга нисбатан ўртача оғир шикаст етказиш даражасида зўрлик ишлатса, бундай қилмиш Жиноят кодекси 277-моддаси 3-қисмининг «г» банди билан тўлиқ қамраб олинади ва Жиноят кодексининг бошқа моддалари билан қўшимча квалификация қилишни талаб этмайди.
Агар безорилик ҳаракатларини тўхтатиш чорасини кўраётган шахсга қаршилик кўрсатиш пайтида ишлатилган зўрлик натижасида айбдор томонидан яна бошқа оғир жиноят содир этилган бўлса, бу ҳол безорилик жинояти таркиби билан қамраб олинмайди.
Безорилик ҳаракатлари тугагандан кейин, шу жумладан, айбдор ушлангандан сўнг кўрсатилган қаршилик, безорилик жиноятининг аломатларига хос ҳолат деб ҳисобланмаслиги ва бундай ҳолда қилмиш жиноятлар мажмуи билан квалификация қилиниши лозим.
Маъмурий жавобгарликка сабаб бўладиган майда безорилик давомида жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариб турган ҳокимият ёки жамоатчилик вакилига ёхуд бундай ҳаракатларни тўхтатиш чорасини кўрган фуқарога нисбатан қаршилик кўрсатилса, бундай қилмиш Жиноят кодекси 277-моддаси 3-қисмининг «г» банди билан квалификация қилиниши мумкин эмас. Бу ҳолда айбдорнинг ҳаракатлари, кўрсатилган қаршиликнинг хусусиятига қараб, Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддалари билан квалификация қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддасида ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш учун жавобгарлик масаласи белгиланган.
Қаршилик кўрсатиш, яъни хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиш - базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларни қандай шаклда бўлмасин ўзининг хизмат вазифасини бажариш ёки фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга, шунингдек қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилиш - уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Жўраев Мухаммади Мухитдинович
Жиноят ишлари бўйича
Мирзачўл туман судининг раиси
скачать dle 12.0