Жаҳондаги мураккаб вазиятга қарамай, жорий йилда мамлакатимиз иқтисодиёти 5,5 фоизга ўсиши, экспорт 13 фоиздан кўпроқ ошиб, 19 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Давлат сиёсатида аҳоли бандлигини ошириш ва турмуш даражасини яхшилаш мақсади устувор бўлиб қолмоқда.
Жумладан, 2022 йилда маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, аҳолини узоқ йиллар қийнаб келган масалаларни ҳал қилишга бюджетдан 8 триллион сўм йўналтирилди. “Ташаббусли бюджет” доирасида 8 миллионга яқин аҳоли таклифларидан келиб чиқиб, маҳаллалардаги лойиҳаларга 2,5 триллион сўм ажратилди. Бунда ҳудудларнинг қўшимча иқтисодий имкониятларидан шаклланган 16,5 триллион сўм ҳам ҳудудлар инфратузилмасини яхшилашга йўналтирилди.
2023 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажми камида 5,3 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда. Дунёда сақланиб қолаётган мураккаб вазиятда келгуси йил ҳам асосий мақсад юртимизда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, инфляциянинг кескин ошиб кетишининг олдини олишга қаратилади.
Йиғилишда иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларни ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли турмуш тарзини янада яхшилаш чора-тадбирлари белгилаб берилди.
Хусусан, келгуси йилда саноатда 5,1 фоиз, қишлоқ хўжалигида 3,5 фоиз, хизматлар соҳасида 14,1 фоиз ўсишга эришиш бўйича муҳим вазифалар белгиланди. Шунингдек, аниқланган захиралар ҳисобига саноат ишлаб чиқариши ҳажмини қўшимча 12 триллион сўмга ошириш имконияти кўрсатиб ўтилди. Тадбиркорликни ривожлантиришга 10 триллион сўм ажратилади. Иқтисодиётга банклар ҳисобидан 200 триллион сўм кредит ва халқаро молия ташкилотларидан 500 миллион доллар узоқ муддатли ресурс жалб қилинади.
Келгуси йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитларни 19 фоизга ошириб, қарийб 10 миллиард долларга етказиш ҳамда 8 миллиард долларлик янги йирик лойиҳаларни бошлаш бўйича вазифалар белгиланди.
Шунингдек, келгуси йилда ҳудудларда қарийб 8 миллиард долларлик 300 га яқин йирик лойиҳа ишга туширилади. Бу, ўз навбатида, ҳудудий саноатни 11 фоизга оширишга имкон беради.
Йиғилишда 2023 йилда 18 миллиард долларлик тармоқ ва ҳудудлар экспорти режаси ҳам тақдимот қилинди. Жумладан, ҳудудий экспортни 60 фоизга ошириб, қарийб 10 миллиард долларга етказиш режа қилинмоқда.
Давлатимиз раҳбари электр техникаси, тўқимачилик, қурилиш материаллари, чарм саноати, қишлоқ хўжалиги ва фармацевтика каби соҳалар экспортини камида 50-60 фоизга ошириш бўйича кўрсатмалар берди.