Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 16 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-810-сонли Қонуни ҳақида
Ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси янги «ХХIII2-боб билан тўлдирилди ва ушбу турдаги ишларни кўриш ваколати туманлараро маъмурий судларидан жиноят судларига ўтказилди.
Мазкур янги боб билан “Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги ишлар”ни юритиш тартибга солинади.
Қонуннинг мазмун-моҳияти:
Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг реабилитация марказига жойлаштирилишини талаб қилувчи асослар аниқланган тақдирда, ички ишлар органи бундай шахс ички ишлар органига келтирилган пайтдан эътиборан 48 соат ичида уни реабилитация марказига ўттиз суткадан кўп бўлмаган муддатга жойлаштириш тўғрисида судга илтимоснома юбориш учун материалларни тайёрлайди ва судга илтимоснома билан бирга тақдим этади.
Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномага қуйидагилар илова қилинади:
- муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни аниқлаган мансабдор шахснинг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида судга илтимоснома киритиш тўғрисида тегишли туман (шаҳар) ички ишлар органи бошлиғи томонидан тасдиқланган қарори;
- яшаш манзиллари (манзиллар бўйича бюро) ҳақида маълумотлар берувчи органнинг маълумотномаси, шунингдек муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасидаги маълум бўлган охирги яшаш жойини текшириш натижалари тўғрисидаги маълумот;
- муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг тушунтириши ёки бундай шахс томонидан тушунтириш бериш рад этилганлиги тўғрисида тегишли тарзда тузилган далолатнома;
- муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари тўғрисидаги тиббий маълумотнома;
- муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг ҳуқуқлари, шу жумладан адвокатнинг юридик ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқи ва ўз яқинларига телефон орқали қўнғироқ қилиш ҳуқуқи тушунтирилганлиги ҳақидаги баённома шулар жумласидандир.
Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома судга тақдим этилган пайтдан эътиборан 24 соат ичида судья томонидан ёпиқ суд мажлисида якка тартибда кўриб чиқилади.
Ўзига нисбатан реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома кўриб чиқилаётган шахс ва ички ишлар органининг вакили суд мажлисида иштирок этиши шарт. Суд мажлисида адвокат иштирок этиши мумкин.
Қарор судья томонидан алоҳида хонада чиқарилади.
Илтимосномани кўриб чиқиш натижалари бўйича суд қуйидаги қарорлардан бирини чиқаради:
илтимосномани қаноатлантириш ва муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида;
илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш ҳақида.
Илтимосномани қаноатлантириш ва муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида ёки қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги қарор ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан кучга киради ва дарҳол ижро этилиши лозим.
Қарор ижро этиш учун дарҳол ички ишлар органи вакилига, агар суд мажлисида иштирок этган бўлса, адвокатга ва ўзига нисбатан қарор чиқарилган шахсга топширилади.
Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш натижалари бўйича чиқарилган қарор устидан ушбу қарор чиқарилган кундан эътиборан уч кун ичида ўзига нисбатан қарор чиқарилган шахс, унинг қонуний вакили ва адвокат апелляция тартибида шикоят бериши, прокурор эса апелляция протести келтириши мумкин.
Апелляция инстанцияси судининг судьяси қарор устидан берилган шикоятни (протестни) у келиб тушган кундан эътиборан уч кун ичида якка тартибда кўриб чиқиб, унинг натижалари бўйича қуйидаги қарорлардан бирини чиқаради:
қарорни ўзгаришсиз, шикоятни (протестни) эса қаноатлантирмасдан қолдириш тўғрисида;
муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантириш ҳақидаги қарорни бекор қилиш ва шахсни реабилитация марказидан озод қилиш ҳақида;
илтимосномани қаноатлантирмасдан қолдириш ҳақидаги қарорни бекор қилиш ва муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида».
Ушбу қонун Ўзбекистон Республикасининг “Халқ сўзи”газетасида 2022 йил 17 декабрь куни эълон қилинган ва шу кундан қонуний кучга кирган.
Хуршид Тилабов
Жиноят ишлари бўйича
Мирзачўл туман судининг девонхона мудири
скачать dle 12.0