Бутун дунёда коррупцияга оид жиноятчиликни олдини олиш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилишига қарамай ушбу турдаги жиноятларнинг учраб туриши ачинарли ҳолдир.
Пора олганлик учун жиноий жавобгарликка фақат давлат, кооператив, жамоат ва бошқа корхона, муассаса ва ташкилотларда мансабдорлик вазифасини доимий ёки вақтинчалик бажараётган ходимлар тортилади.
Мансабдор шахснинг ўз қўли ёки назорати остидаги шахслардан уларни хизмат юзасидан ҳимоялаш ёки қўллаб туриш, ваколати доирасига кирувчи масалаларни ушбу шахслар манфаатларини кўзлаган ҳолда ҳал килганлиги учун улардан пул маблағлари ёки бошқача бойликлар олишини пора олиш деб баҳоланади.
Бойликлар ёки хизматларни олиш шартлари олдиндан махсус келишилмаган бўлса-да, лекин жиноят иштирокчилари пора, пора берувчининг манфаатларини кўзлаб берилаётганлигини англаган ҳолларда ҳам мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари пора бериш ва олиш деб баҳоланади.
Бошқа шахсга пора бериш йўли билан исталган ҳаракат ёки ҳаракатсизликка эришишни таклиф қилган шахс пора берувчи тариқасида жавобгар бўлади, пора учун келишилган ҳаракатни бажаришга келишган ва порани топширган шахс эса пора беришда иштирокчи тариқасида жавобгар бўлиши лозим. Агарда у таклифнинг моҳиятини билган ҳолда порани фақатгина тақдим этса, унинг ҳаракати порахўрликда воситачилик хисобланади.
Жиноятни содир этишда аввалдан, яъни жиноят бошлангунча келишиб олган икки ёки ундан ортиқ мансабдор шахс иштирок этган бўлса, пора олиш бир гуpyҳ мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктирган ҳолда содир этилган ҳисобланади. Жиноят мансабдор шахслардан лоақал бири пора олган пайтдан эътиборан тугалланган деб ҳисобланади. Бунда пора олувчи шахснинг пора олишда бир неча мансабдор шахслар иштирок этаётганлигини тан олган-олмаганлигининг аҳамияти йўқ.
Тамагирлик - мансабдор шахс томонидан фуқаронинг қонуний манфаатларига зарар етказадиган хизматига доир ҳаракатларни содир этиш таҳдиди остида пора талаб қилиш ёки фуқарони унинг қонуний манфаатларига зарар келтирадиган оқибатларнинг олдини олиш учун пора беришга мажбур этадиган шароитга қасддан тушириш демакдир. Шунинг учун мансабдор шахс томонидан, масалан, камомадни кўрсатмаслик, ўқув юртларига тартиб-қоидаларни бузган ҳолда қабул қилиш, жиноят ишини ноқонуний тугатиш ва бошқа ҳолларда пора талаб қилиш ҳаракатларида товламачилик аломатлари мавжуд бўлмайди.
Қонун ҳужжатларида коррупция тушунчасига қуйидагича таъриф берилган: "Коррупция" – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир. Аслида, коррупция бирор мансабдор шахснинг қонунчилик ва ахлоққа зид равишда ўзининг бошқарув ваколатлари ва ҳуқуқларидан шахсий манфаатлар мақсадида фойда олишидир.
Тадқиқотчилар коррупциянинг асосий сабаблари сифатида тўртта омилни кўрсатадилар:
Биринчиси – иқтисодий сабаблар. Бу ҳақда, муҳтарам Президентимиз ўзларининг чиқишларида кўп маротаба сўз юритиб келади. Коррупциянинг бу кўриниши ижтимоий ва иқтисодий ҳаётни бевосита маъмурий йўл билан бошқаришга интилган ҳокимият ва бюрократиянинг мавқеи баланд бўлган давлат шароитида ривож топади. Иқтисодий фаолиятга нисбатан ўрнатилган турли хилдаги чеклашлар, амалдорларнинг кенг, назоратдан холи, чекланмаган ёки рухсат бериш, ёки тақиқлаш ваколати коррупцияга замин яратади. Шу билан боғлиқ ҳолда, йирик маблағларга эга бўлган айрим ишбилармонлар ўз даромадларини кўпайтириш мақсадида ва рақобатда алоҳида имтиёзларга эга бўлиш учун ҳукумат амалдорларини пора эвазига сотиб олиб, уларни ўз ихтиёрларига бўйсундиришга интиладилар.
Иккинчиси – ҳуқуқий сабаблар. Коррупциянинг ривожи қонунларнинг сифатига боғлиқдир. Мукаммал бўлмаган қонунлар ишламайди ва айрим уддабуронлар бундан усталик билан фойдаланадилар.
Учинчиси – институционал сабаблар бўлиб, уларга аввало, давлат бошқаруви тизимидаги нуқсонлар, демократик институтларнинг кучсизлиги, шунинг натижасида, ҳукумат фаолиятининг ёпиқлиги ёки фуқаролик назоратидан холилиги киради.
Тўртинчиси – ижтимоий сабаблар ёки жамиятдаги муҳит, аҳолининг ҳуқуқий билими, маданият даражаси, маънавияти, уюшқоқлиги ва жамоат фаоллиги пастлиги каби омиллардир.
Хулоса шундаки, коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар ана шу ҳодиса яшаб турган жамият яратган тизимнинг носоғлом яшашида намоён бўлади.
Коррупциянинг таъсири намоён бўлиши – бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради. Таъкидлаб ўтиш ўринлики, ушбу зарарли ҳодиса катта ва кичик, бадавлат ва камбағал бўлишидан қатъий назар, барча мамлакатларда учрайди.
Коррупция ҳар қандай давлат ва жамият ривожига жиддий салбий таъсир кўрсатувчи хавфли омил, барча мамлакатларга таҳдид солувчи мураккаб ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳодисадир. Зеро, бу омил туфайли давлатнинг ривожланиши секинлашади, ҳукумат тизими ишдан чиқади, демократик институтларга путур етади. У сайлов жараёнларига салбий таъсир қилиб, қонун устуворлигига жиддий зиён етказади. Шу билан бирга, унинг таъсири остида фуқароларнинг ижтимоий адолатга, ҳақиқатга ва давлат органларига ишончи йўқолади.
Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва принципларини белгилашда бундай ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш масаласи қатъий ҳисобга олинган.
Қонунга кўра, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи, бу жараёнда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилди. Ҳаммамиз яхши биламиз, қонун ҳуқуқий муносабатларни тартибга солади. Ваколатлар, ҳуқуқ ва мажбуриятларни, амалга ошириладиган чора-тадбирларни белгилаб беради.
Коррупция балосидан қутулиш, ислоҳотларни унинг чангалидан озод этиш ҳақида ҳаммамиз ўйлашимиз, бунинг заруратини ҳар биримиз юрагимиздан ўтказишимиз, унга қарши қатъий курашишимиз керак. Бу кураш кундалик ҳаётимиздаги оддий ҳолатлардан бошланади. Шифокордан яхшироқ маслаҳат олиш, ишга жойлашиш, навбатни тезлаштириш ва шу каби вазиятларда ўзимизни муносиб тутишимиз лозим бўлади. Тўғри, ҳаётда турли ҳолатлар ва ҳаракатларга дуч келамиз. Баъзида кўз ўнгимизда қонунлар бузилади, инсон ҳуқуқи, қадр-қиммати поймол этилади. Бундай вазиятларда чорасизликдан одамнинг боши гангиб қолади. Лекин, унутмайлик, халқимизда "Касални даволагандан кўра унинг олдини олган афзалдир" деган нақл мавжуд. Жамиятимиздаги ҳар қандай жараёнга лоқайд муносабатда бўлмаслик барчамизнинг устувор бурчимиздир. Коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига қарши курашишни биз, энг аввало, ўзимиздан бошлашимиз даркор.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддасида пора олиш билан боғлиқ жиноят учун жазо чораси белгиланган. Унга кўра Пора олиш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора бераётган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига шахсан ўзи ёки воситачи орқали қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёхуд мулкий манфаатдор бўлиши, -- базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Пора олиш:
а) такроран, хавфли рецидивист ёки илгари ушбу Кодекснинг 211 ёки 212-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс томонидан;
б) кўп миқдорда;
в) тамагирлик йўли билан;
г) бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, -- беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Пора олиш:
а) жуда кўп миқдорда;
б) уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, -- ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шу ўринда айтиш жоизки, жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман суди томонидан жорий йилнинг июль ойида икки нафар мактабгача таълим мудиралари томонидан содир этилган коррупцион жинояти учун суд иши кўриб чиқилиб, вояга етмаган фарзандлари борлиги инобатга олиниб мудираларнинг ҳар бирига 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики ушбу турдаги жиноятлар учун жазо муқаррар, хоҳ у аёл бўлсин, хоҳ эркак.
Лутфулла Мамаражабов
Жиззах вилоят судининг судьяси
скачать dle 12.0