Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикасига эркин келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга бўлиб, қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустасно.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 223-моддасида назарда тутилган жиноий жавобгарлик шахс чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш ёхуд Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини кесиб ўтиш юзасидан белгиланган тартибни фақат қасддан бузган ҳоллардагина келиб чиқади.
Шахс томонидан Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини кесиб ўтиш тартибининг эҳтиётсизлик оқибатида (масалан, ориентирни йўқотиш оқибатида), ноиложликдан (масалан, табиий офат ёки техноген хусусиятга эга ҳодиса, зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан таҳдид этиш оқибатида) ёки шахснинг эркига боғлиқ бўлмаган ҳолларда (масалан, унинг ожиз аҳволдалигидан фойдаланган ҳолда) бузилиши мазкур жиноят таркибини ташкил этмайди.
Сиёсий бошпана ҳуқуқидан фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини кесиб ўтиш тартибини бузган ҳолда Ўзбекистон Республикасига келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ЖК 223-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилмайдилар.
Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш, қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига кириш деганда, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг белгиланган ўтказиш пунктлари орқали, бироқ белгиланган ҳужжатларсиз ёки Ўзбекистон Республикасининг ваколатли давлат органлари томонидан бериладиган тегишли рухсатномасиз кесиб ўтилиши тушунилади.
Қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтиш деганда, жумладан, ҳақиқий ҳужжатлар ва кириш-чиқишга рухсатнома бор-йўқлигидан қатъий назар, унинг белгиланган ўтказиш пунктларидан ташқари жойдан кесиб ўтилиши тушунилади.
Жиноят кодексининг 223-моддасида назарда тутилган жиноят Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси чизиғи кесиб ўтилган пайтдан бошлаб, Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида эса - чегара назоратидан ўтилган пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 223-моддасида қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш жинояти учун жазо чоралари белгилаб қўйилган.
Жумладан, Белгиланган тартибни бузиб чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш ёхуд чегарадан ўтиш —
базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) чегарани ёриб ўтиш йўли билан;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
в) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
г) чет элга чиқиши учун махсус келишув талаб қилинадиган мансабдор шахс томонидан;
д) Ўзбекистон Республикасига кириш ҳуқуқи белгиланган тартибда чекланган шахс томонидан содир этилган бўлса.
беш йилдан ўн йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида назарда тутилган сиёсий бошпана ҳуқуқидан фойдаланиш учун кириш ҳужжатларини тегишли даражада расмийлаштирмасдан Ўзбекистон Республикасига келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар жавобгарликдан озод қилинадилар.
Мухаммади Жўраев
Жиноят ишлари бўйича
Мирзачўл туман судининг раиси
скачать dle 12.0