Жорий йилнинг 17 февраль куни жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман судининг раиси М.Жўраев ва туманнинг 18-сонли умумтаълим мактаби “Тарих ва ҳуқуқ” фани ўқитувчиси И.Оллаяровлар ташаббуси билан 9-синф ўқувчилари иштирокида туман суди биносида “Судья ва ёшлар” кун тартибида давра суҳбати ташкил этилди.
Дастлаб ўқувчилар туман судининг очиқ суд мажлисида иштирок этдилар, шундан сўнг давра суҳбати давомида суд раиси ўқувчи ёшларга суд тизими, суднинг вазифалари, одил судловнинг амалга оширилиши ва бошқа суд ишларига доир масалалар ҳақида тушунтиришлар бериб ўтди. Шунингдек, давра суҳбати давомида ўқувчи ёшларнинг қизиқишлари, келажакдаги орзулари ҳақида гап борар экан аксарият ёшлар ҳуқуқ йўналиши бўйича турли касбларга қизиқишлари борлигини маълум қилишди.
Бундан ташқари туман судининг раиси томонидан ёшларга суд биносини, ундаги хизмат ва бошқа хоналарни таништириб ўтиш билан бирга ёшларнинг ҳуқуқий интелектуал билимларини, қизиқишларини янада ошириш мақсадида савол-жавоб тариқасида суҳбат ўтказилди.
Шунингдек, туман судининг раиси томонидан ўқувчи ёшларга келажакда ким ва қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар ҳозирданоқ билимларини мустаҳкамлаши, китоб кўп ўқиб дарсларни яхши ўзлаштирсагина келажакдаги орзуларига эриша олиши, яхши жойларда яхши ходим бўлиб ишлай олиши тушунтирилиб, бугунги замон талабларидан келиб чиқиб фақат олға юриш лозимлиги уқтирилди.
Жиноят ишлари бўйича
Мирзачўл туман суди