Ассалому-алайкум!
Мунис ва муҳтарама онахонлар, қадрли опа-сингиллар!
Аввало, сизларни ҳамда барча юртимиз аёлларини 8 март - Хотин-қизлар куни байрами билан ўзим ҳамда туманимиз фаоллари номидан самимий табриклайман!
Барчангизга ўзимнинг эзгу ва самимий тилакларимни билдириб, доимо оилангиз ва эл-юртимиз ардоғида бўлиш бахтини тилайман.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Инсон ҳаёти ва жамият ривожида муқаддас Она зоти, мунис аёлларимизнинг беқиёс ўрнини оддий сўзлар билан ифода этиш ниҳоятда қийин вазифа.
Оналаримиз шарофати билан Ватанимиз тупроғи жаннат боғларидек гўзал ва мўътабардир.
Оналар дуосидан юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ишимизда унум, ҳаётимизда барака бор.
Мана шундай қутлуғ айём кунларида барчамиз она диёримизга гўзал ва бетакрор кўклам элчиси сифатида кириб келаётган 8 март - Халқаро хотин-қизлар байрамини кўтаринки кайфият, шоду хуррамлик билан кенг нишонламоқдамиз.
Ушбу байрамнинг айнан баҳор фаслида нишонланиши замирида ҳам ўзига хос маъно ва ҳикмат мужассам.
Негаки, табиатнинг уйғониши, яратувчанлик ва гўзаллик ўзгача тароват, мафтункорлик кашф этиши ушбу байрам билан бошланади. Шу маънода, баҳор ва аёл сўзлари бир-бирига ҳамоҳанг ва уйғундир.
Кейинги йилларда мамлакатимизда аёллар мавқеини янада юксалтириш, гендер тенгликни таъминлаш, аёллар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, улар учун янги иш ўринлари яратиш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.
Дарҳақиқат, Муҳтарам Юртбошимиз раҳбарлигида жорий йилнинг 1 март куни Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш масаласига бағишланган йиғилишидаги берилган аниқ вазифалар, шунингдек Республикамизда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташкил этилганлиги мамлакатимизда аёлларга бўлган яна бир юксак эътибордир.
Биз яхши тушунамиз - хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланган жамиятда албатта тинчлик, адолат, эркинлик ва фаровонлик бўлади.
Аёл бахтли бўлса, оила ва жамият ҳам албатта бахтли бўлади.
Барчамиз - ана шу муҳим мезонга амал қилиб ишлашимиз зарур. Шундагина халқимиз ҳам, Яратган ҳам биздан рози бўлади.
Азиз опа-сингиллар!
Бугун сиз, азизларнинг чеҳрангизда хурсандчилик, шукроналик ифодасини кўриб, ана шундай ишларимиз натижасини оз бўлса-да, ҳис этмоқдамиз. Ва биз мана шу тўғри йўлни давом эттириш, унинг самарасини янада ошириш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.
Хотин-қизларнинг жамиятдаги роли ва ўрнини юксалтириш борасида амалга оширилаётган улкан ишлар самарасида аёлларимиз барча соҳаларда самарали натижаларга эришмоқдалар.
Хусусан, ишлаб чиқариш, таълим-тарбия, тиббиёт, илм-фан, маданият ва спорт соҳалари ривожида ҳам аёлларимизнинг муносиб ҳиссаси борлигини юксак баҳолаймиз.
Сўнгги йилларда жамоатчилик фаолиятида алоҳида ютуқларга эришган 7 нафар аёлларимиз Давлат мукофотлари билан тақдирланган бўлса, маънавий-аҳлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган 4 нафар аёлимиз “Муътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирландилар.
Яна шуни мамнуният билан эътироф этишим керакки, хотин-қизларимизнинг спорт соҳасида эришаётган ютуқлар ҳам салмоқли бўлмоқда.
Яхши биламизки, кейинги йилларда Ватанимиз номини, шаъни ва ғурурини дунё миқёсида кўтараётган, турли йўналишларда ўз изланишларини олиб бораётган иқтидорли қизларимиз сони тобора кўпайиб бормоқда.
Муҳтарам онахонлар, қадрли опа-сингиллар!
Сизларни 8 март байрами билан яна бир бор чин қалбимдан қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилаларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.
Доимо яқинларингиз, фарзанд ва набираларингиз, эл-юртимиз ардоғида бўлиб юриш насиб этсин!
Юзингиздан табассум, қалбингиздан шоду-хуррамлик аримасин!
Гўзал байрамингиз муборак бўлсин!
скачать dle 12.0