Биринчи турмушимдан ажралдим. Ҳозир бошқа оилам бор. Биринчи хотиним билан яшаётган пайтимда машина олгандим. Ҳозир шу машинани сотмоқчи бўлсам, собиқ рафиқамнинг имзоси сўраляпти. Ахир у билан расман ажрашганман-ку, розилиги нега керак?
Амалдаги Оила кодекси нормаларига кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади. Эр ва хотиндан бири уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлади.
Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш эр ва хотиндан бирининг талабига кўра, улар никоҳда бўлган даврда ҳам, никоҳдан ажрашгандан кейин ҳам, шунингдек кредитор эр ва хотиндан бирининг умумий мол-мулкдаги улушига ундирувни қаратиш учун умумий мол-мулкни бўлиш талаби билан арз қилган ҳолларда ҳам амалга оширилиши мумкин.
Никоҳдан ажралган эр ва хотиннинг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги талабларига нисбатан уч йиллик даъво муддати қўлланилади.
Бу ҳолатда собиқ турмуш ўртоғи билан бирга яшаган даврда олинган автомашинани биргаликдаги умумий мулк деб топиш, мол-мулкни бўлиш ва даъво муддатини қўллаш масаласида судга мурожаат қилиш лозим бўлади.
Нажмиддин МАМАДАЛИЕВ
Мирзачўл туман Адлия бўлими
ЮХКМ бош юрисконсульти
скачать dle 12.0