Жиззах вилоят 4-сектор раҳбари, вилоят солиқ бошқармаси бошлиғининг навбатдаги сайёр қабули Мирзачўл туманида ўтказилди. Унда ҳудуд аҳолисининг асосий муаммоларига ечим изланди.
Вилоят 4-сектор раҳбари, солиқ бошқармаси бошлиғи Бекзод Ташпулатов, вилоят ҳокими ва Халқ қабулхонаси томонидан тасдиқланган режа асосида Мирзачўл туманидаги “Тошкент” қишлоқ фуқаролар йиғинида навбатдаги сайёр қабулини ўтказди.
Сайёр қабулда туман ҳокими ва сектор раҳбарлари, вилоят ва туман 4-сектор ишчи гуруҳи аъзолари, бошқа мутасадди идоралар масъуллари, ушбу маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари, ҳоким ёрдамчиси ва ёшлар етакчиси иштирок этдилар.
Қабулда кўтарилган 20 га яқин фуқароларнинг турли ижтимоий-иқтисодий мурожаатлари бирма-бир кўриб чиқилди. Айни пайтда ушбу ҚФЙда 730 та хонадонда 844 та оилада 3594 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан “Аёллар дафтари”да рўйхатда турувчи 100 нафар хотин-қизларга мунтазам ёрдам кўрсатиб келинмоқда. 1754 нафар ёшларнинг 21 нафари эса “ёшлар дафтари”га киритилган. Сайёр қабулда шундай ёшлардан бир нечтаси ишга жойлашишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Шу каби мурожаатларнинг аксарияти жойида бартараф этилиб, маҳаллада “соҳабай”, “маҳаллабай” ва “фуқаробай” иш самарадорлигини ошириш, аниқланган ижтимоий масалаларни бартараф этиш юзасидан сектор раҳбарлари ва тегишли идоралар масъулларига топшириқлар берилди.
Иш юритувига олинган, қўшимча ўрганишни талаб қиладиган мурожаатлар ижроси алоҳида назоратга олиниб, мутасаддиларга ҳар бир йўналиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Айни пайтда маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кўмаклашиш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ҳудудда 10 га яқин аёлларнинг бандлигини таъминлаган “Гулшода она” тикувчилик ательеси раҳбари Зайнаб Қорақулова 25 миллион сўм субсидия эвазига тикув машиналари харид қилган эди. Сайёр қабулда фаолиятни тўхтатмаслик учун турли хил матоларни сотиб олишда айланма маблағи етишмаётганлигини, ушбу масалада амалий ёрдам зарурлигини сўради. 4-сектор раҳбари ушбу мурожаатга ечим сифатида Жиззах шаҳридаги бозорлардан бирида газмол етказиб берадиган тадбиркор билан бўлиб тўлаш эвазига ҳамкорлик ўрнатишда ёрдам беришини маълум қилди.
Аҳоли билан мулоқотда билдирилган таклиф ва мулоҳазалар, кўтарилган муаммолар асосида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш шароитини янада яхшилашга оид амалга оширилаётган чора-тадбирлар жойига чиқиб ўрганилди. Сайёр қабул давомида фаол ёшларга ва тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган фуқароларга кредит сертификатлари топширилди. 3 нафар эҳтиёжманд оилалар вакилларига электр печлари, фаол ёшларга эса бадиий адабиётлар тўплами совға қилинди.
Кам таъминланган оилалар вакилларига кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган бирламчи озиқ-овқат махсулотлари етказиб берилди.