Президент “Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Транспорт вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2023 йил 1 майдан бошлаб йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя қилган ҳолда:
Қамчиқ довони орқали йўловчиларни ташишда фойдаланиладиган ва ҳайдовчидан ташқари ўн тўрттагача ўриндиққа эга бўлган М2 тоифадаги транспорт воситаларига;
Жиззах вилоятидаги довонлар ҳамда Бўстонлиқ туманининг тоғли ҳудудларида тегишли тоифадаги йўллар орқали туристик автобус ва микроавтобусларга мунтазам қатновларни амалга оширишга рухсат берилишини таъминлаши белгиланди.
Бунда, фақат 1 апрелдан 1 ноябрга қадар бўлган даврда кундузи, ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошмаган ва газ баллон ускуналари ўрнатилмаган, секинлаштирувчи ускунаси (тоғ тормози) мавжуд бўлган ҳамда ҳаракатни кузатиш навигация қурилмаси ва тахограф ўрнатилган транспорт воситаларида камида 7 йил стажи бор ҳайдовчиларга автомобиль транспортида йўловчиларни ташиш фаолияти учун лицензия мавжуд бўлган тақдирда қатновни амалга оширишга рухсат берилади.