Ер умуммиллий бойлик ҳисобланади ва халқ ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси сифатида ундан оқилона фойдаланиш зарур ва у давлат томонидан муҳофаза қилинади.
Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси 68-моддасида ер ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.
Хўш, амалдаги қонунчиликка кўра, ер участкаларига нисбатан қандай ҳуқуқлар белгиланади ва уларнинг вужудга келиш асослари нималардан иборат?
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 17-моддасига кўра, юридик шахслар ушбу Кодексга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ мулк, доимий фойдаланиш ва ижара ҳуқуқи асосида ер участкаларига эга бўлиши мумкин.
Жисмоний шахслар Кодекс ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ мулк ва ижара ҳуқуқи асосида ер участкаларига эга бўлиши мумкин.
Қонунчиликка кўра, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги 1060-сон қарори билан тасдиқланган “Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 20-бандига кўра, ер участкаларига бўлган қуйидаги ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши ва бекор бўлиши давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим:
Ўзбекистон Республикаси фуқаросига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш, деҳқон хўжалиги, жамоа боғдорчилиги ва узумчилик хўжалигини юритиш учун, шунингдек, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда берилган ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи;
юридик ва жисмоний шахсга қишлоқ ва ўрмон хўжалигини (қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлари) ва фермер хўжаликлари бундан мустасно) юритиш ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мақсадлар учун берилган ер участкаларига доимий эгалик қилиш ҳуқуқи;
юридик ва жисмоний шахсга қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёжлар учун фойдаланиш муддатлари кўрсатилмай берилган ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи;
юридик ва жисмоний шахсларга қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёжлар учун фойдаланишнинг муайян муддати белгилаб берилган ер участкаларидан муддатли (вақтинча) фойдаланиш ҳуқуқи;
юридик ва жисмоний шахс, шу жумладан хорижий юридик ва жисмоний шахс томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хусусийлаштирилган ёки сотиб олинган ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи;
юридик ва жисмоний шахсга ижарага берилган ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқи.
Қонунчиликка кўра, ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиши қуйидаги ҳужжатлар асосида рўйхатдан ўтказилади:
ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш учун — давлат ҳокимияти органларининг ер участкасини бериш тўғрисидаги, ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарори ёки мерос қилиб олиш ҳуқуқи тўғрисидаги нотариал идора томонидан берилган гувоҳнома ёхуд бу ҳуқуқ аукцион асосида сотиб олинганлиги тўғрисидаги туман (шаҳар) ҳокими томонидан берилган давлат ордери;
ер участкасига доимий эгалик қилиш, доимий ва муддатли (вақтинча) фойдаланиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш учун — жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг муайян юридик ва жисмоний шахсга ер участкаси бериш тўғрисидаги, ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарори, «E-auksion» электрон савдо платформасида ўтказилган электрон аукцион натижалари ҳақида баённома;
ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш учун — давлат мулкини бошқариш бўйича ваколатли давлат органлари томонидан берилган давлат ордери;
ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш учун — жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ер участкасини ижарага бериш тўғрисидаги ўз ваколатлари доирасида 2021 йил 1 августга қадар қабул қилган қарорлари, электрон онлайн-аукцион ва очиқ электрон танлов натижаларига кўра туман (шаҳар) ҳокими билан тузилган ер участкасининг ижара шартномаси;
кон ажратмаси далолатномаси — фойдали қазилмаларни қазиб оладиган ва фойдали қазилмалар конларини ишлатадиган корхоналарни қуриш учун ер участкаси ажратилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
кўп квартирали уй қурилган ва унга туташ ер участкасига бўлган ҳуқуқ қурувчи ёки буюртмачидан кўп квартирали уйдаги жой мулкдорларига ўтишини давлат рўйхатидан ўтказиш учун — қурилиш-монтаж ишлари тугалланган объектдан (кўп квартирали уйдан) фойдаланиш учун рухсатнома.
Қодирқулов Тўрабек
Жиззах вилоят
маъмурий судининг судьяси