Инсоният тараққиётнинг янги-янги чўққиларини забт этмоқда. Бироқ жаҳонда халқлар, миллатлар келажагига таҳдид туғдирувчи бир қанча омиллар ҳамон сақланиб қолмоқда. Ана шундай хатарлардан бири гиёҳвандлик балосидир. Глобал муаммога айланган ушбу иллатга қарши курашишда давлатлараро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади.
Ўтган асрдан бизга трансмиллий жиноятчиликнинг учта энг хавфли тури «мерос» бўлиб қолган. Уларнинг биринчиси – халқаро терроризм, дин ниқоби остидаги экстремистик, фундаменталистик ва сепаратистик хуружлар, иккинчиси – наркотик моддалар билан савдо қилиш (наркобизнес) ва ниҳоят, учинчиси эса одам савдоси ҳисобланади.
Ҳозирги кунда ер юзидаги наркобизнесда айланаётган пул маблағи дунё аҳолисининг озиқ-овқат, кийим-кечак, турар-жой, таълим тизими ва тиббий хизматга сарфлаётган харажатларидан анча кўплиги ҳеч кимга сир эмас. Энг ачинарлиси, гиёҳвандлик оғир ва ўта оғир жиноятларнинг содир этилишига, оилалар ва миллат генофондининг бузилишига сабаб бўлмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра дунёда 500 миллиондан ортиқ одам гиёҳвандлик дардига йўлиққан. Унинг аксарият қисмини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Бунинг оқибатида ҳар йили 200 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмади. Шу билан бирга, жаҳонда содир этилаётган жиноятларнинг 57 фоизи гиёҳвандлар ҳиссасига тўғри келади.
Шу боис, гиёҳвандликка қарши курашни кучайтириш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) томонидан «Наркотик моддалар тўғрисида», «Психотроп моддалар тўғрисида» ҳамда «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш тўғрисида»ги конвенциялар қабул қилиниб, 1987 йил 7 декабрдаги 47/112-сонли резолюциясига кўра 26 июнь – Халқаро наркотик моддаларни суиистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш куни деб эълон қилинган. Айтиш жоизки, бунда гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича халқаро конференцияда илгари сурилган наркоманиядан холи жамият қуриш йўлида дунё ҳамжамиятини бирлаштириш ғояси муҳим ўрин тутади.
Ўзбекистон – минтақадаги наркобизнес авж олган Афғонистон билан чегарадош. Дунё бозорида тарқатиладиган қорадорининг асосий қисми ушбу давлатда етиштирилиб, уни ноқонуний йўллар билан Марказий Осиё мамлакатлари орқали Ғарбга етказишга бўлган уриниш йилдан-йилга кучайиб бормоқда. Шунинг учун юртимизда наркотик моддаларни истеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш масаласига давлат ва миллатнинг эртасини ҳал этувчи омиллардан бири сифатида қараб келинмоқда.
Ушбу дастур асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар ва бошқа ваколатли идоралар наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича аниқ мақсадли комплекс чора-тадбирларни амалга оширишга, шунингдек, бу иллатнинг тарқалишини олдини олиш, идоралараро ва халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари трансмиллий наркогуруҳларни фош этиш ва фаолиятига чек қўйиш, контрабанда каналларини аниқлаш, гиёҳвандлик экинларини йўқ қилиш бўйича махсус операцияларни ўтказиб келмоқда. Хусусан, мунтазам ўтказиб келинаётган «Қорадори» операциялари давомида таркибида наркотик моддалар бўлган ўсимликларни ғайриқонуний равишда етиштириш, сақлаш ва шу каби ҳолатлар аниқланмоқда.
Мамлакатимизда қўлланаётган амалиётга кўра мусодара этилган наркотик воситалар Давлат комиссияси аъзолари ва барча суд-ҳуқуқ тартибот органлари, БМТ, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида тегишли тартибда йўқ қилинмоқда.
Гиёҳвандликка қарши курашишда ҳуқуқий тарғибот ва ташвиқотнинг ўзига хос ўрни бор. Шуни ҳисобга олиб, кейинги йилларда ҳужжатли фильмлар яратилди.
Адлия органлари ва муассасалари томонидан ҳам бу борада аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Гиёҳвандликнинг салбий оқибатларини тушунтиришга қаратилган тадбирларни ташкил этишмоқда. Уларга аҳолининг турли қатламлари, айниқса, ёшлар, бу дардга йўлиққан кишилар ва уларнинг оила аъзолари жалб қилинмоқда.
Таълим муассасалари ўқувчи-талабалари иштирокида давра суҳбати ва жойларда маърузалар ташкил этилган.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича халқаро ҳамжамият олдидаги ўз мажбуриятларини тўлиқ бажармоқда. Буни БМТнинг Марказий Осиёда наркотиклар ва жиноятчилик бўйича минтақавий ваколатхонаси ҳам мамнуният билан эътироф этмоқда.
Ҳар қандай касалликнинг олдини олиш учун, аввало, организмда унга қарши иммунитет ҳоcил қилиниши даркор. Демак, гиёҳвандликка қарши курашиш, ёшларни бу балодан асраш учун тарғибот-ташвиқот ишлари кўламини янада кенгайтириш, шу орқали фуқароларимиз онгу шуурида иммунитетни кучайтириш зарур.
Ж.Бахронов
Жиноят ишлари бўйича
Зафаробод туман суди раиси
скачать dle 12.0