Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 96-моддасида ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт дейилган.
Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.
Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга даъво ёхуд ариза билан мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек ўн тўрт ёшга тўлган бола вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир.
Ота-она ва бола алоҳида-алоҳида яшаган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек ўн тўрт ёшга тўлган бола бир вақтнинг ўзида ота ва онадан вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли.
Вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир.
Вояга етган, меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир.
Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартибини ўзаро келишган ҳолда белгилашга ҳақлидирлар.
Вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартиби ва шакли ҳақида ота-она ўртасидаги келишув қонунда белгиланган қоидаларга ва боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак.
Ота-она вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериши шартдир.
Алимент тўлаётган ота-онанинг бошқа вояга етмаган болалари бўлиб, ундан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундирилганда ўша болалар алимент олаётган болаларга нисбатан моддий жиҳатдан камроқ таъминланиб қоладиган бўлса, шунингдек алимент тўлаётган ота (она) ногиронлиги бўлган шахс бўлиб, моддий жиҳатдан қийналиб келаётган бўлса ёки алимент олаётган шахс мустақил даромадга эга бўлган тақдирда, алимент миқдори суд томонидан камайтирилиши мумкин.
Агар вояга етмаган бола давлат ёки нодавлат муассасаларининг тўлиқ таъминотида бўлса, суд алимент тўлаётган ота ёки онанинг моддий аҳволини ҳисобга олиб, тўланаётган алимент миқдорини камайтириш ёки уни алимент тўлашдан озод қилиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.
Алимент миқдорини камайтириш ёки уни тўлашдан озод қилиш учун асос бўлган ҳолатлар тугаганда манфаатдор тараф алимент қонунда белгиланган миқдорда ундирилишини талаб қилиб, судга мурожаат этишга ҳақли.
Вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар Фуқаролик кодекснинг 79-моддасига асосан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Ота-онасига моддий ёрдам бериш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарорларини бажармаслик жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-моддасида болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик учун жавобгарлик белгиланган. Унга кўра ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши - базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, - базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Болаларнинг мажбурий умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилиш - базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, - базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан йигирма беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Шахс маъмурий жавобгарликка тортилганидан кейин ҳам алимент тўлашдан бўйин товласа унинг ҳаракатлари жиноят ҳисобланади. Яъни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 122-моддаси билан жавобгарликка тортилади.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 122-моддасида вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш учун жазо чоралари белгиланган. Унга кўра -
Моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, - икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, — икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, у жавобгарликдан озод қилинади” дейилган.
Мухаммади Жўраев
Жиноят ишлари бўйича
Мирзачўл туман судининг раиси