Оилавий зўровонлик фақат бир мамлакат ва миллатга хос иллат эмас, у билан бутун дунё курашиб келади. Оилавий-маиший зўровонлик – оиланинг бир аъзосига нисбатан бошқа бир аъзоси ёки аъзоларининг мунтазам давом этиб келувчи, такрорланиб турувчи зўровонлигидир ва у асосан оила ичида рўй беради. У жисмоний, руҳий, жинсий ва иқтисодий зўровонлик каби кўринишларда намоён бўлиши мумкин. Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 561-сонли қонуни 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган мазкур қонун 35-моддадан иборат бўлиб, унга кўра, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилганлиги ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисидаги ариза билан тегишли ваколатли органларга ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиш;
махсус марказларда, шунингдек бепул телефон линияси орқали текин ҳуқуқий маслаҳат, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш;
ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш, ҳимоя ордери шартлари бузилган тақдирда эса, уларни бу ҳақда хабардор қилиш;
содир этилган тазйиқ ва зўравонлик натижасида ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланиши ҳамда маънавий зиён компенсатсия қилиниши тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат этиш.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этганда давлат божи тўлашдан озод қилинади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёдаги ҳар учинчи аёлга ҳаёти давомида ўз умр йўлдоши томонидан жисмоний тазйиқ ўтказилади. Турмуш қурган аёлларнинг 30 фоизи ҳамроҳи томонидан зўравонлик ҳолатларига дуч келганлари ҳақида маълум қилади. Аёллар ўлимининг 38 фоизи уларнинг турмуш ўртоғи томонидан амалга оширилади ва зўравонликка дуч келган аёлларнинг 42 фоизигина муаммо ҳақида очиқ сўзлайди.
Оилавий зўравонлик – ўз кўламига кўра глобал муаммо. У турмуш даражаси ва демократизатсия форматидан қатъи назар, дунёнинг барча мамлакатларида кузатилади. Аёллардан нафратланувчи эркакларни фақат қашшоқ ёки бадавлат, олий маълумотли ёки маълумоти йўқ, европалик ё осиёлик деб ажратиб бўлмайди. Бундайларнинг алоҳида бир миллати ё эътиқоди бўлмайди.
Афсуски, Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас. Бизнинг мамлакатимизда маиший ёки “уй зўравонлиги”га кўпинча бир оила муаммоси сифатида қаралган. Одамлар бундай муаммоларни уйдан ташқарига олиб чиқмасликка ҳаракат қилишади. Аксарият ҳолатларда зўравонлик қурбони шармандлик ва турли гап-сўзлардан қўрқиб, жим юришга мажбур бўлади. Бундай вазиятда қолган аёлларнинг индамаслигига бир неча сабаб бўлади. Кимлардир молиявий ёрдамсиз қолишдан қўрқса, бошқалари фарзандлари ва ўз ҳаёти учун хавфсирайди. Зўравонлик қурбони бўлган аёл ҳар томонлама қийин ҳолатда қолади. Айниқса, ҳатто энг яқин инсонлари ҳам бу муаммони ҳал қилишдан ўзини олиб қочади. Охир-оқибат бу доимий қўрқув, депрессия, ўз жонига қасд қилиш кабилар билан тугайди.
Маиший зўравонлик – бир инсон ўз умр йўлдошини назорат остига олиб, ўзаро муносабатларда тўлиқ ҳукмронлик қилишга уриниши. Бу жисмоний ва ахлоқий устидан кулиш ҳолатларида ёки молиявий ҳолатини суистеъмол қилишда намоён бўлиши мумкин. Жисмоний зўравонлик жисмоний жароҳатларга олиб келади ва баъзи ҳолатларда ҳаёт учун хавф туғдиради. Аёлга қўл кўтарилади, калтакланади, жисмоний зўравонлик ишлатилади, аёл таҳқирланади, танқид қилинади, унга, фарзандларига, қариндошларига зиён етказиш билан таҳдид солинади, доим назоратда бўлади, барча тадбирларда кузатилади, баъзан шахсий буюмларигача йўқ қилинади.
Болалар – маиший зўравонликда алоҳида мавзу ҳисобланади. Улар зўравонликнинг тўғридан-тўғри қурбони бўлиши билан бирга, онага нисбатан қўлланаётган хатти-ҳаракатларнинг маълум қисмини ўзлаштириши хавфи ҳам бор. Бундай оилада боланинг реалликни қабул қилиши бузилади, зеро у учун ҳақорат ва калтаклар аста-секин нормал ҳолатга айланиб боради. Катта бўлгач унинг ўзи ҳам ана шундай зўравонлик хатти-ҳаракатларини қўллаши мумкин ёки шунчаки бундай “юк”ни кўтара олмайди ва бу кўпинча ўз жонига қасд қилиш билан тугайди.
Оилавий-маиший зўравонликка қарши ёлғиз курашиб бўлмайди. Қўрқиб яшовчи, руҳий жиҳатдан эзилган зўравонлик қурбони аниқ қарорлар қабул қилиш ҳолатида бўлмайди. Бу ерда нафақат яқинларнинг, балки давлат томонидан ҳам қўллаб-қувватлаш керак бўлади. Зеро зўравонлик, энг аввало, шахсга қарши жиноят, шахсий эркинлик ҳуқуқларининг бузилишидир. Жамиятимизда оиладаги зўровонликнинг олдини олиш мақсадида жамоатчилик орасида кенг тушунтириш ишларини олиб бориб, оиладаги зўровонлик бўйича мавжуд нотўғри тушунчаларни ўзгартириш керак. Бу ишга матбуот ва нодавлат ташкилотларини жалб қилиш мақсадга мувофиқдир. Оиладаги зўровонликларда, асосан аёллар жабр кўраётгани ва муаммонинг ечими, одатда эркаклар қўлида эканлигини уқтириш лозим ҳисобланади. Шу билан бирга, маҳалла раислари ва бошқа маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органларидаги лавозимларга оилавий зўравонлик ҳақида тушунчага эга бўлган кишилар тайинланиши керак. Оилалар билан ишловчи масъул шахслар учун оиладаги зўравонлик бўйича давомий тренинглар ўтказилиши мақсадга мувофиқ бўлади.
А.Уринов
Жиззах туманлараро
маъмурий судининг раиси
скачать dle 12.0