Ўзбекистон Республикаси фуқаролик кодексининг 744-моддасида кўра Кредит шартномаси бўйича бир тараф — банк ёки бошқа кредит ташкилоти иккинчи тарафга шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.
Банк ёки бошқа кредит ташкилоти ва қарз олувчи ўртасида кредит шартномасидан келиб чиқадиган ҳуқуқий муносабат кредит ташкилотининг кейинчалик, келишилган муддатларда, кредит бериш мажбуриятини ва қарз олувчининг олинган кредитни қайтариш ва у бўйича фоизларни тўлаш мажбуриятини ўз ичига олади.
Бунда кредит ташкилотининг қарз олувчига кредит суммасини бериш (ҳисобвараққа ўтказиш) бўйича реал шартномавий мажбуриятлари шартнома тузилган пайтдан бошлаб, қарз олувчининг фоизларни тўлаш, кредитни қайтариш бўйича шартномавий мажбуриятлари эса, агар тарафлар келишувида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, кредит суммаси реал олинган пайтдан бошлаб вужудга келади.
Шу муносабат билан судлар кредит ташкилотлари ва қарз олувчиларнинг тарафларни кредит шартномасини бажаришга мажбурлаш тўғрисидаги даъволарини кўришда тарафларнинг тузилган ушбу шартнома бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари вужудга келган пайтни инобатга олишлари лозим.
Кредит шартномаси ёзма шаклда тузилиши шарт. Ёзма шаклга риоя қилмаслик кредит шартномасининг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади. Бундай шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.
Кредит шартномаси суд тартибида тарафлардан бирининг талаби билан бошқа тараф томонидан шартнома шартлари жиддий равишда бузилганда ёки вазият жиддий ўзгарганда, шунингдек қонун ёки шартномада назарда тутилган бошқа ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.
Судларга тушунтирилсинки, кредитор қарздордан пул маблағларидан фойдаланганлик учун қарзни қайтариш кунига кадар ҳисобланган фоизларни ундириш ва унинг ундирувини гаров нарсасига қаратиш тўғрисида судга мурожаат этишга ҳақли.
Бундай ҳолда, агар бошқа суд қарори билан кредит қарздорлигини ундириш гаров объектига қаратилган ва у белгиланган тартибда реализация қилинмаган бўлса, суд даъвонинг фоиз ундирувини гаров нарсасига қаратиш талабини қаноатлантириши мумкин.
А.Хужаназаров
Дўстлик туманлараро иқтисодий
сули судьяси