Бугунги кунда коррупция муаммосига жаҳоннинг деярли ҳар бир мамлакатида дуч келиш мумкин. Коррупция сўнгги йилларда халқаро миқёсда трансмиллий жиноят сифатида томонидан кенг муҳокама қилинаётган мавзулардан биридир.
Таъкидлаш лозимки, коррупция келтирадиган зарар барча давлатлар учун тенг саналиб, мазкур иллат давлатнинг турли соҳаларига, хусусан сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги имиджи ва инвестициявий жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган Мурожаатномасида таъкидлаганидек, "Жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда. Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди"
Коррупцияга қарши курашишнинг устувор ҳуқуқий асослари қатор халқаро ҳуқуқий нормаларда ўз ифодасини топган бўлиб, уларга қуйидагиларни киритиш мумкин:
2003 йил 31 октябрда қабул қилинган БМТ нинг Коррупцияга қарши Конвенцияси;
2000 йил 15 ноябрда қабул қилинган БМТ нинг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши Конвенцияси;
1999 йил 27 январдаги Европа Кенгашининг "Коррупция учун жиноий жавобгарлик тўғрисида" ги Конвенцияси;
1999 йил 4 ноябрдаги "Коррупцияга учун фуқаролик ҳуқуқий жавобгарлик тўғрисида" ги Конвенциялари ва бошқалар.
Ўзбекистон юқорида таъкидланган халқаро нормалардан 2008 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши Конвенцияси, шунингдек, 2010 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти доирасида қабул қилинган Коррупцияга қарши кураш бўйича Истанбул Ҳаракат режасини ратификация қилган.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ҳамда ушбу турдаги жиноятларни содир этилишини олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар тизимли равишда амалга оширилмоқда. давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупция омилларини келтириб чиқараётган тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, амалий ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги ПФ-6013-сонли "Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" ги Фармони қабул қилиниб, мазкур Фармон асосида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини, шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг тизимли сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш чораларининг самарадорлигини оширишга қаратилган давлат ва бошқа дастурларни шакллантириш ва амалга ошириш мақсадида Коррупцияга қарши кураш Агентлиги ташкил этилди.
Фармон билан, Агентликка Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун коррупцияга қарши курашиш бўйича тармоғининг Истанбул ҳаракатлар дастури доирасидаги ишлар ҳамда ишлаб чиқилган тавсияларнинг амалга оширилишини таъминлаш, БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси ва Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги бошқа халқаро шартномалари қоидаларининг бажарилиши билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда ушбу йўналишдаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий координатори вазифа ва ваколатлари, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда ҳудудлар, иқтисодиёт тармоқлари ва бошқа соҳалар кесимида коррупциянинг даражасини баҳоловчи миллий индекс тузишни ташкиллаштириш юклатилди.
Биламизки, коррупция ҳар доим камида икки томон иштирок этади, бунда бир томондан ноқонуний йўл билан ўзи ёки учинчи шахс учун бойлик орттираётган мансабдор шахс ҳамда бошқа томондан мансабдор шахсдан актив ёхуд пассив усулда унинг манфаатини кўзловчи қарорнинг қабул қилинишини кутаётган шахс. Коррупцияни, соддароқ қилиб, ўз нафси, манфаати йўлида қонунни ҳам четлаб ўтиш орқали ғаразли мақсади ҳамда бирор нарсага эришиш дейиш мумкин.
Мухаммади Жўраев
Жиноят ишлари бўйича
Мирзачўл туман суди раиси