Бугунги кунда транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш, тегишли ҳужжатларсиз бошқариш каби ҳуқуқбузарликлар кўпаймоқда. Бунинг натижасида йўл транспорт ҳодисалари сони кундан-кунга кўпайиб, жабрланган фуқароларнинг узоқ вақт даволаниб юриши, айримлари бир умрга ногирон бўлиб қолишига сабаб бўлмоқда.
Транспорт воситаларини жуда эҳтиёткорона бошқариш, ҳеч қачон бошқариш ҳуқуқи ёки тегишли ҳужжатлари бўлмаган шахсга топширмаслик, энг асосийси спиртли ичимликлар таъсирида бошқармаслик лозим.
Ушбу турдаги ҳуқуқбузарликларни содир этган ҳайдовчиларга Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг тегишли моддалари билан жазо чораси қўлланилади.
Жумладан, ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан, гиёванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқариши - транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, - базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Алкоголли ичимликдан, гиёванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш - транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан икки йилдан уч йилгача муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсларнинг шу воситаларни бошқариши, худди шунингдек бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсга транспорт воситаларини бошқаришнинг топширилиши - базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахсларнинг бундай воситаларни бошқариши - базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисларида назарда тутилмаган фойдаланиш даврида транспорт воситаларини бошқариш, худди шунингдек фақат мазкур суғурта полисларида кўрсатилган ҳайдовчилар айни шу транспорт воситаларини бошқариши тўғрисида мазкур суғурта полисларида назарда тутилган шартларни бузган ҳолда транспорт воситаларини бошқариш, - базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича қонунда белгиланган мажбуриятнинг транспорт воситалари эгалари томонидан бажарилмаслиги, худди шунингдек, агар бундай мажбурий суғурта қилинмаганлиги олдиндан аён бўлса, транспорт воситаларини бошқариш, - фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми, мансабдор шахсларга эса - икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимликдан, гиёванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда мастлиги ёки маст эмаслигини белгиланган тартибда аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши - транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, - базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликнинг мопед, велосипед ҳайдовчи, уловли аравани бошқариб борувчи шахс томонидан содир этилиши, - базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Алкоголли ичимликдан, гиёванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст бўлган ҳайдовчиларнинг ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқаришига йўл қўйиш - мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Мухаммади Жўраев
Жиноят ишлари бўйича
Мирзачўл туман судининг раиси