Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказиб келинётган ушбу семинарга устоз ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, ёш қаламкашлар таклиф этилди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб пойтахтимизнинг Адиблар хиёбонидаги Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйди.
Семинарнинг тантанали очилиши Зомин туманидаги сўлим “Ўриклисой” дам олиш масканида бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид ва бошқалар ёш ижодкорлар сафини кенгайтириш, уларнинг истеъдодини чархлаш масаласи мамлакатимизда китобхонликни ривожлантириш, ёшлар маънавиятини юксалтиришга оид ишлар билан уйғун олиб борилаётганини таъкидлади.
Юксак салоҳиятли ёшларни тарбиялаш, уларнинг келгусидаги самарали фаолияти учун имкониятлар яратиш кейинги йилларда мамлакатимизда устувор аҳамият касб этмоқда. Бу борадаги эзгу ташаббуслар миллий адабиётимизда ҳам тобора кенг қулоч ёймоқда.
- Учинчи синфда ўқир эдим, - деди таниқли шоира, "Саодат" журнали бош муҳаррири Мунаввара Усмонова. - Ёзган шеърий машқларимни дадам билан устозларимизга кўрсата олмай овора бўлганмиз. Ҳозирги ёшлар учун яратилаётган шароитлар илгари ҳеч кимнинг тушига ҳам кирмаган. Устозлар билан бир автобусда семинарга бориш, бир даврада ўтириш, шундай ажойиб анжуманларда қатнашиш, маҳорат дарслари ёшлар учун катта ва чексиз имконият. Инсоннинг ҳаётда бир йўлчироғи - ота-онасими, устозими бўлади. Ёшлар ана шундай йўлчироқ инсонларнинг қадрига етиши керак.
- Ёш ижодкорлар семинарида қатнашаётганимдан жуда мамнунман, - деди Урганч давлат университети талабаси Маҳлиё Раҳимбоева. - Ижод намуналаримизни устозларга кўрсатиш, уларнинг суҳбатидан баҳраманд бўлиш биз учун зарур.
Республика ёш ижодкорларнинг Зомин семинари адабиёт оламида ўз сўзи ва овозига эга бўлиб бораётган навқирон авлодни қўллаб-қувватлаш орқали сўз санъатимизни янада ривожлантириш, истеъдод эгаларининг ижодини фаол қўллаш, уларни руҳлантириш, илҳом бериш, ижодини устозлар назаридан ўтказишдек эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.
Ушбу маърифий лойиҳа натижасида халқимиз орасида бугунги кунда алоҳида эътироф этилган, ўз мухлисларига эга бўлган ижодкорлар етишиб чиққани аҳамиятга молик.
Бу йил ҳам ушбу семинарда қатнашиш учун кўплаб қаламкашлар орасидан энг истеъдодли ёшлар саралаб олинди. Уларнинг ижодий интилишлари, машқларидан намуналар, режаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Адабиётга, ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрлик натижасида эндиликда ёш ижодкорларнинг Зомин семинари мамлакатимиз ижодкор ёшлари иштирок этишни орзу қиладиган йирик адабий анжуманга айланди.
Уч кунлик мазкур семинар доирасида адабий анжуманлар, наср, назм, таржимонлик, бадиий публицистика бўйича шўъба йиғилишлари, устоз ижодкорлардан маҳорат сабоқлари, шеърият кечалари, устоз ва ёш ижодкорлар иштирокида адабий кечалар, “Биринчи китобим” лойиҳаси доирасида чоп этилган китоблар тақдимоти ўтказилиши кўзда тутилган.