Маълумки, сўнги йилларда шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш, аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиш, ҳудудларни комплекс ривожлантиришга қаратилган давлат дастурлари ва инвестиция лойиҳаларининг самарали амалга оширилиши доирасида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган бино ва иншоотлар жойлашган ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан мулкдорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатларини янада мустаҳкамланиши таъминланди.
Бу хусусан мамлакатимиз бош қомуси бўлмиш Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 47-моддасида ҳам ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эгалиги, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланиши, давлат уй-жой қурилишини рағбатлантиради ва уй-жойга бўлган ҳуқуқнинг амалга оширилиши учун шарт-шароитлар яратиши, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш тартиби қонун билан белгиланишида ўз аксини топди.
Хўш, эндиликда уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг ва кўрган зарарларнинг ўрни қандай қопланиши қандай бўладиган бўлди ва буни амалга ошириш механизими қанақа?
Агар, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 27-моддасига эътибор қаратадиган бўлсак, ер участкалари давлат ёки жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар мулкида бўлган уйлар (квартиралар) бузилган тақдирда, мулкдорларга уларнинг танлови бўйича ва тарафлар келишувига кўра, уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган саҳндаги, барча қулайликлари бўлган, аввалгисига тенг қимматли бошқа турар жой мулк қилиб берилади ҳамда дов-дарахтларнинг бозор қиймати тўланади ёхуд бузилаётган уй (квартира), бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг бозор қиймати, шунингдек ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати тўлиқ ҳажмда тўланади. Бузилаётган уйнинг (квартиранинг) ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати берилаётган уй-жойнинг ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан ортиқ бўлган тақдирда, бу фарқ мулкдорга компенсация қилиниши лозим, берилаётган уй-жойнинг ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати бузилаётган уйнинг (квартиранинг) ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан ортиқ бўлган тақдирда эса, ушбу фарқ мулкдор томонидан қайтарилиши талаб этилмаслиги белгиланганлигини кўришимиз мумкин.
Жумладан, мазкур кафолатлар Ўзбекистон Республикасининг “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 августдаги “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ф-5491-сонли Фармойиши ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги “Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғармалар маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 1047-сон қарорига мувофиқ равишда таъминлаш механизими яратилди.
Албатта, бунда муҳтарам Президентимизнинг “Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади” - деган тамоилни ҳаётга тадбиқ этиб, қонунчилигимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатловчи нормалар акс эттирилишидаги меҳнатлари диққатга сазовордир.
Б.О.Казаков
Фуқаролик ишлари бўйича
Дўстлик туманлараро судининг раиси