Ассалому алайкум!
Азиз дўстлар, қадрли ҳамюртлар!
Ҳурматли туманимиз меҳмонлари!
Аввало Сизларни, сизлар орқали туманимизнинг барча меҳнаткаш ва фидоий аҳлини бахтимиз, фаровонлигимиз ва тинчлигимиз тимсоли бўлган энг улуғ байрам - Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 33 йиллиги билан чин қалбимдан самимий табриклайман!
Шу кунларда мустақил диёримизнинг барча ҳудудларида Мустақиллигимизнинг 33 йиллик байрами “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Шу қатори туманимиздаги Ўзбекистон ва Ипак-йўли маҳаллаларида ҳам манашундай байрам тадбирлари кўтаринки руҳда ўтказилди.
Барчага аёнки, Мустақиллигимиз осонлик билан қўлга киритилмаган. Бунда катта қийинчиликлар, кўплаб тўсиқлар ва қаршиликларни енгиб ўтишда халқимиз мардлик ва фидойилик қилинганлиги барчамизга сир эмас.
Шундай қувончли кунларда мустақилликнинг илк кунлари кўз олдимиздан ўтади.
Таҳликали вазиятлар, бутунлай узилган иқтисодий алоқалар, озиқ-овқат танқислиги каби қийинчилик ва синовларда ҳам биз ўз танлаган йўлимиздан - Мустақиллик йўлидан қайтмадик.
Манашундай оғир даврларда вазиятни тўғри баҳолаб, давлатимиз томонидан олиб борилган одилона ва адолатли сиёсатни доно халқимиз ҳамжиҳатлик билан бирлашган ҳолда биргаликда ҳаракат қилиб шу кунларга етиб келдик.
Ҳурматли тадбиримиз қатнашчилари!
Кейинги беш йил мобайнида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асослари яратилди.
Мамлакатимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, тадбиркорлик муҳитини жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди. “Инсон – жамият - давлат” тамойили давлатимизнинг энг олий мақсадига айланди.
Бугун маҳаллаларда фуқаролар йиғини раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, ижтимоий ходим, профилактика ва солиқ инспекторларидан иборат - кучли еттилик пайдо бўлди. Ушбу еттилие - “маҳаллабай” ва “фуқаробай” асосида халқ билан мулоқот қилиш, янги иш ўринлари яратиш, жойлардаги муаммоларни ўрганиш ҳамда уларни ҳал этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатлами билан манзилли иш олиб бориш каби энг долзарб масалалар ана шу еттиликнинг саъй-ҳаракатлари билан муваффақиятли ечим топаётганини мамнуният билан таъкидлашим зарур.
Қадрли ҳамюртлар!
Ҳурматли Юртбошимизнинг алоҳида эътиборлари натижасида туманимизга жорий йилда Давлат дастурлари доирасида маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш ва ижтимоий соҳа тармоқларини ривожлантириш, аҳоли кайфиятига салбий таъсир кўрсатаётган муаммоларни бартараф этиш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Хусусан, туманимиз олис ҳудуди бўлган “Гулзор” маҳалласида янги давлат мактабгача таълим ташкилоти биноси қурилиш ҳамда “Ипак-йўли” маҳалласидаги 4-умумтаълим мактаби биносини капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари “Боғбон” ва “Ержар” маҳалла фуқаролар йиғинларига янги бино қурилиши ҳамда бир қанча мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотларида таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган.
Шунингдек, туманимизда улуғ аждодларимиз, миллий тарихимизда Биринчи ва Иккинчи уйғониш даврларига асос солган аллома боболаримиз, бугунги кунда Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган ғоя яъни Учинчи Ренессанс даврини ифодалайдиган “Эзгу ниятлар” мажмуаси барпо этилган бўлса, “Дўстлик” маҳалласида маҳалла кутубхонаси иш фаолиятини бошлаган.
Ҳурматли туманимиз аҳли.
Юртимизда тадбиркорлик фаолиятини юритиш ва уни ривожлантиришга алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Бундан асосий мақсадимиз ҳар бир хонадонларда тадбиркорликни йўлга қўйиш орқали янги иш ўринлари ҳамда қўшимча даромад манбаларини яратишдир.
Хабарингиз бор жорий йилнинг 20 август куни Ҳурматли юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев мамлакатимиз тадбиркорлари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотида ҳам жуда кўп имконият ва имтиёзлар жорий қилинди.
Ушбу имкониятларда тўғри фойдаланган ҳолда туманимизда ҳам хизмат кўрсатиш, паррандачилик, қуёнчилик, иссиқхона, ҳунармадчилик ва бошқа кўплаб йўналишларда фаолият юритаётган тадбиркорлар сони кундан кунга ошиб бормоқда.
Туманда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислохотлар изчил амалга оширилиши ҳамда янги техникалар билан таъминланиши натижасида жорий йилда туманимиз пиллакор ва ғаллакорлари самарали меҳнат қилиб 82 тонна пилла ҳамда 38 минг 241 тоннадан ортиқ ғалла етиштирилиб давлатимиз ҳирмонларига етказиб берилди.
Фурсатдан фойдаланиб, туманимиз меҳнаткашларини пахтачиликда ҳам ўз олдимиздаги режаларни уддалаб, мамлакатимизнинг улкан ҳирмонига салмоқли хисса қўшиб юзларингиз ёруғ бўлишини тилаб қоламан.
Азиз нуронийлар!
Режадаги ҳар бир ишимиз сизларнинг “оқ фотиҳангиз” билан бошланади. Сизлар хонадонларимизнинг кўрки ва фариштасисиз.
Ёши улуғ оқсоқолларимиз эса нафақат оиланинг, балки маҳалланинг ардоқли отахони ҳисобланади. Бугун “Бир нуроний ўн нафар ёшга масъул” тамойилининг жорий этилишида ҳам ҳикмат бор.
Ёшларимиз одобли, ахлоқли бўлса, мамлакатимизга, жамиятимизга фойда келтирувчи, бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистоннинг ҳақиқий бунёдкорига айланса, Сиз азизларнинг эзгу хизматларинг бўлиб қолади.
Чунки бутун халқ, шу заминда яшаётган ва ўзини шу давлат фуқароси деб билган миллат ва элатлар ягона мақсад йўлида оёққа турган.
Биз албатта Янги Ўзбекистонни бунёд этамиз.
Қадрли дўстлар!
Орадан йиллар, асрлар ўтади. Лекин миллий давлатчилигимизни, ўзлигимиз ва инсоний ҳақ-ҳуқуқларимизни тиклаб берган, барча ютуқ ва марраларимизнинг замини бўлган Мустақиллик куни биз учун, келгуси авлодларимиз учун доимо энг улуғ, энг азиз байрам бўлиб қолаверади.
Азиз мирзачўлликлар!
Айни шу қувончли дамларда ғўзал ва бетакрор, муқаддас Ватанимиз, Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир юртдошимиз дилида Мустақиллик аталмиш буюк неъматни асрашдек муқаддас бурч туйғуси ҳукумрон бўлсин.
Сизларни яна бир бор Давлатимиз Мустақиллигининг 33 йиллиги билан чин дилдан қутлар эканман, барча-барчангизга соғлик-омонлик, оилангизга тотувлик, дастурхонингизга тўкинлик, файзу-барака тилайман.
Шу эл, шу муқаддас Ватан ободлиги ва тараққиёти йўлидаги эзгу ва савобли ишларингизда яратганнинг ўзи мададкор бўлсин!
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз омон, Мустақиллигимиз абадий бўлсин.
Эътиборингиз учун рахмат!
скачать dle 12.0