Ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги дўстлик минг йилларга бориб тақалади.
Тили, дини, урф-одатлари ва қадриятлари бир-бирига яқин бу халқлар ўртасидаги қардошлик ришталарини узиб бўлмайди. Чунки улар қадрдон қўшни, бошига оғир кунлар тушганда елкадош бўлиб, бир-бирини қўллаб-қувватлаб яшаб келишган. Сўнгги етти йилда ўзбек-қирғиз халқлари ўртасидаги азалий қўшничилик алоқалари янада мустаҳкам асосга эга бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган одилона ва оқилона сиёсат туфайли Ўзбекистон Марказий Осиёга, хусусан Қирғизистонга ҳам чегараларини кенг очди. Чегара постларида ортиқча оворагарчиликларга барҳам берилди, соддалаштирилган ягона тартиб жорий этилди. Бундан икки халқ вакиллари ҳам бирдек манфаатдор.
—Қирғизистоннинг Ўш вилоятидаги қариндошларимникига тез-тез бориб тураман,—дейди Жиззах шаҳрида яшовчи онахон Арзихон Алимова. —Ҳар гал чегарадан ўтаётганимда илгариги қийинчиликлар кўз ўнгимдан ўтади. Буни сезиб турган чегара пости ходимлари «опа, бемалол ўтаверинг, ҳеч қандай тўсиқ йўқ» дейишади. Аллоҳга шукур, шундай ёруғ кунлар ҳам келар экан, деб дуога қўлимни очаман. Ростини айтсам, бундан 7 йил олдин яқинларимизнинг таъзиясига ҳам бора олмаганмиз. Соатлаб, чегара ёнида сарғайганмиз, турнақатор навбатларнинг охири кўринмасди. Баъзан йиғлаб-йиғлаб уйга қайтиб кетган кунлар ҳам бўлган. Шунинг учун давлатимиз раҳбарига ўзимнинг чексиз миннатдорлигимни билдираман.
Арзихон Алимова асли Қирғизистоннинг Ўш вилоятида туғилган. 1980 йилда Жиззах шаҳрига келин бўлиб тушган. Онахон қўли гул ҳунарманд. Қирғиз қуроғи каштаси устаси. Ёшлигида бувисидан ўрганган ҳунарни бугун Жиззахда кўплаб ёшларга ўргатиб келмоқда. Турли зарҳал рангларда жило сочувчи қирғиз қуроқчилиги нафақат юртимизда балки Қирғизистон ва Қозоғистонда ҳам машҳур.
Қуроқчилик ҳақида гап кетганда, шуни айтиш жоизки, у миллий ҳунармандчилигимизнинг бетакрор тури бўлиб, майда мато бўлаклари бир-бирига мос тарзда уланиб, сержило манзара яратилади. Аслида буям бир санъат ва соҳибидан жуда катта маҳорат талаб этади. Чунки қуроқчилик миллий ҳунармандчилигимизнинг бетакрор турларидан ҳисобланади. Турли ранг ва шаклдаги майда мато парчаларидан буюм, безак ҳосил қилинади. Кўрпа, кўрпача, чойшаб, сўзана, дастурхон, гилам ва бошқа жиҳозлар қадимда шу усулда тайёрланиб, кўзни қувнатадиган сержило санъат намуналари яратилган.
—Ёшлигимда оиламизда қуроқчилик асосий ҳунаримиз бўлган,— дейди Арзитхон опа. — Айниқса, бувим моҳир қуроқчи эди. Унинг қўлида сайқал топга сўзаналарнинг бозори чаққон бўлиб, харидорлар олдиндан буюртма беришарди. Бундай қуроқ кўрпача ва сўзаналар келин уйларига файз киритган. У пайтлар хоналарни қуроқ сўзаналар билан безаш урфга айланган эди. Жиззах шаҳрига келин бўлиб тушганимдан сўнг бу касбни давом эттириб, бу ерда ҳам кўплаб харидорлар топдим. Энг қувонарлиси эса хорижликлар мен тиккан қуроқларга ишқибоз бўлиб, буюртмалар бера бошлади. Шу тариқа ўзимнинг ҳунармандчилик цехимни очиб, шогирдлар тайёрлаяпман. Бугун қирғиз ва ўзбек нусхалари билан уйғунлашган янги қуроқлар пайдо бўлди. Бу — ўзбек-қирғиз халқларининг азалий дўстлиги бардавом эканини англатади.
Дарҳақиқат, Арзихон опа шу ерда —Жиззах шаҳрида палак ёзди. Фарзандлар ўстириб элга қўшди. Шу заминни ўзининг Ватани деб билади. Юртга бўлган чексиз муҳаббатини ўз қўллари билан тиккан сўзаналарда акс эттиради. Онахоннинг ўзбек ва қирғиз халқлари дўстлиги, қардошлигига қўшган ҳиссаси давлатимиз томонидан муносиб баҳоланиб, 2023 йилда «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.
—Кўпинча ўз-ўзимга «мен нечун севаман Ўзбекистонни» деган саволни бераман. Ва шу заминда томир отганим, фарзандларимни элга қўшганим ва бу ерда яшовчи турли миллат вакиллари билан қадрдон бўлиб кетганим кўз ўнгимдан ўтади,— дейди онахон.— Юртни севиш учун унга муносиб фарзанд бўлиш керак. Буни мен ўзимга шиор қилиб олганман. Болаларимни ҳам Ватанга муносиб фарзандлар бўлиш, унинг тарихини ўрганиш, қадриятларини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаяпман.
Жиззахлик онахон Ҳосиятхон Мустафоева ҳам Арзихон опа яратган сўзаналарга қараб, қуроқларда ҳунарманднинг Ватанга бўлган меҳри акс этиб тургани ҳақида сўзлайди. Ҳосиятхон опа олима аёл. 30 йил Жиззах политехника институтида талабаларга сабоқ берган. Тўқимачилик, тикувчилик соҳасини яхши билади. Қўл меҳнати орқали кашталарга меҳр ўтади, деб ҳисоблайди.
—Арзихон опани узоқ йиллардан буён биламан, — дейди Ҳ. Мустафоева. —Жуда меҳнаткаш ва қўли гул аёл. Тиним билмайди, ҳеч ишдан бош кўтармайди. Зеҳни ўткир, тафаккури юксак ҳунарманд экани учун ҳам унинг қўлида сайқалланган қуроқлар мисоли меҳрдан, муҳаббатдан сўзлаётгандек туюлади. Унинг тарихга қизиқиши, мустақиллигимиз учун курашган миллий қаҳрамонлар ҳақида кўп ўқиб ўрганаётганини биламан. Айниқса, Арзихон опа Олой маликаси номини олган Қурбонжон додхоҳ ҳақида кўп гапиради. Бугунги дориламон кунларга етишимизда шундай миллий қаҳрамонларнинг ҳиссаси катта деб ҳисоблайди.
Ҳақиқатда Арзихон опанинг қадимий ва миллий қуроқчилик намуналари юртимизда туризмни ривожлантиришга катта ҳисса бўлиб қўшилади. Чунки хорижликлар қўлда яратилган ва шарқ халқларининг қадимий орзу интилишлари акс этган сержило сўзаналарнинг асосий харидоридир. Шу жиҳатдан Арзихон опа Тошкент шаҳрида ҳам ўз кўргазмасини очишни ният қилган.
—Қурбонжон додхоҳ Тошкент шаҳрида ҳам савдо-сотиқ билан шуғулланган,— дейди Арзихон опа. —Наслли от, қимиз, турли матолар савдо-сотиғи авж олган. Шу боис мен ҳам Тошкент шаҳридаги Олой бозори ҳудудида қирғиз ўтов тикиб, ўзининг қуроқларим билан безасам, сайёҳлар учун кўҳна тарих дурдоналарини яратсам, нур устига нур бўларди. Ўтов ёнида Қурбонжон додхоҳ сиймоси акс этиб турса, икки халқ дўстлигига рамз бўлиб хизмат қиларди.
Зотан, юртимизда яшаётган турли миллат ва элатларнинг тили, дини, урф-одатлари ва қадриятлари ҳурмат қилинади. Бу янги Конституциямизда ҳам ўз аксини топган. Шундай экан, юртимизда бир ота-она фарзандларидек аҳил яшаётган халқлар ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлаш ҳар биримизнинг вазифамиздир.
Manba: jizzax.uz