Жиззах шаҳрининг Обод маҳалласи ҳудудида яна битта йирик тўқимачилик корхонаси ҳадемай ўз фаолиятини бошлайди.
Лойиҳа қиймати 60 млн. АҚШ долларини ташкил этувчи Шароф Рашидов номидаги тўқимачилик комбинати МЧЖда биринчи босқичда пахтадан калава ип толаси тайёрланса, иккинчи босқичда сочиқ ва чойшаб ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Корхона цех ва бўлимларига энг сўнгги нусхадаги технологиялар асосида ишлайдиган Германия, Швейцария ва Туркиядан келтирилган дастгоҳлар ўрнатилган. Йиллик қуввати 15000 тонна пахтани қайта ишлашга мўлжалланган жамиятда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳам ички бозорга, ҳам экспортга йўналтирилади.
—Биринчи босқичда 580 нафар, корхона тўлиқ куч билан ишлагач, жами 2400 нафар аҳоли янги иш ўринлари билан таъминланади,—дейди МЧЖ иш бошқарувчиси Икром Азимов.—Айни пайтда корхонада сўнгги синов жараёнлари олиб борилмоқда.
Йирик ишлаб чиқариш мажмуаси ёнида ишчи-хизматчиларга қулайлик яратиш мақсадида 250 ўринли клиника, 200 ўринли мактабгача таълим ташкилоти бинолари ҳам қад ростлайди.